Самарқанд вилояти Жомбой тумани ҳокимининг
Қарори
2014 йилда маҳаллий солиқ тўловчиларни тўлиқ ҳисобга олиш, солиқ ҳисоблаш ва уларга имтиёзларни тўғри қўллаш тўғрисида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг 2021 йил 7 майдаги 219/30-VI-сонли «Самарқанд вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 25 майдан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси ҳамда Ўзбекистон Республикаси «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги Қонуни ижроси юзасидан туман ҳудудидаги жисмоний шахслар тасарруфида бўлган мол-мулк, ер солиғи объектлари ва субъектлари, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахсларни тўлиқ рўйхатга олиш, солиқларни ҳисоблаш, тегишли имтиёзларни тўғри қўллаш ҳамда белгиланган муддатларда маҳаллий бюджетга тушумлар тушишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддасига асосан қарор қиламан:
1. 2014 йилда маҳаллий солиқлар тўловчи жисмоний шахсларни ҳисобга олиш уларга солиқ ҳисоблаш, тегишли имтиёзларни қўллаш ишларини тўлиқ ва сифатли ўтказиш, фуқаролар эгалигидаги якка тартибда уй-жой қуриш, деҳқон хўжалигини юритиш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ажратилган ва ижарага берилган ер майдонлари ҳамда бино-иншоотлари ва солиққа тортиладиган бошқа объектлар тўғрисидаги маълумотларни тўлиқ олинишини таъминлаш учун Туман Давлат солиқ инспекцияси (Ғ. Абдураҳмонов) зиммасига:
солиқ тўловчиларни ҳисобга олиш даврида туман ҳудудидаги солиқ тўловчиларни ҳисобга олиш, уларга солиқ ҳисоблаш ва солиқ қонунчилигида белгиланган имтиёзларни тўғри қўллаш;
барча маҳаллаларда маҳаллий солиқлар ва йиғимларнинг аҳамияти, айрим тоифадаги хўжаликларга бериладиган солиқлар бўйича имтиёзлар тўғрисида, 2014 йил учун тўланиши керак бўлган солиқларнинг муддатидан олдин тўланишининг аҳамияти ҳақида кенг тушунтириш ишлари олиб бориш;
аҳоли ўртасида Ўзбекистон Республикаси солиқ қонунчилиги бўйича амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг моҳияти юзасидан қишлоқ (маҳалла) фуқаролар йиғини раиси ва фаоллари иштирокида мунтазам равишда семинар йиғилишлар ўтказиш вазифаси топширилсин.
3. Туман ҳудудида фаолият юритаётган қишлоқ фуқаролар йиғини ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини раислари, жамоат ташкилотлари, коммунал хўжалик бўлимлари, уй-жой мулкдорлар ширкатлари, корхона ва ташкилотларнинг раҳбарлари жисмоний шахсларни рўйхатга олиш, ҳисобланган солиқларни белгиланган муддатларда маҳаллий бюджетга ундирилиши юзасидан туман Давлат солиқ инспекцияси участка солиқ инспекторларига доимий равишда яқиндан амалий ёрдам бериш тавсия этилсин.
4. Солиқ тўловчиларни ҳисобга олиш даврини кенг қамровли ва сифатли ўтказилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги Қонунига асосан давлат солиқ инспекцияси томонидан солиқ тўловчи жисмоний шахсларни тўлиқ ҳисобга олиш, солиқ ҳисоблаш ҳамда тегишли имтиёзларни тўғри қўлланилишини таъминлаш учун:
туман Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри хизмати унитар корхонаси (Ж. Хамидов) 2014 йил 1 февралга қадар 1-иловага* мувофиқ туман ҳудудида жисмоний шахсларнинг эгалигида бўлган мол-мулк объектлари, ер майдони миқдори ва уларнинг 1 январь ҳолатига инвентаризация қийматлари тўғрисидаги маълумотларни;
туман бош архитектори (З. Аллабаев) 2014 йил 1 февралга қадар 2-иловага* мувофиқ 2013 йилда фуқароларга туман ҳудудида (тадбиркорлик, якка тартибда уй-жой қурилиши учун деҳқон хўжалиги ва бошқалар) 1 январь ҳолатига ажратилган ер майдонлари ва уларнинг эгалари тўғрисидаги маълумотларни;
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман бўлими в. б (И. Сориев) 2014 йил 1 февралга қадар 3-иловага* мувофиқ туманда истиқомат қилувчи, I-II-гуруҳ ногиронлари, пенсионерлар, ёлғиз пенсионерлар ва бошқа нафақа олувчи сифатида рўйхатга олинган фуқаролар тўғрисидаги маълумотларни;
туман Мудофаа ишлари бўлими (У. Довуров) 2014 йил 1 февралга қадар 4-иловага* мувофиқ 1941 — 1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, Афғонистонда ҳарбий хизматни ўтаган фуқаролар ва бошқа мавжуд маълумотларни;
туман Санитария-эпидемиология назорати маркази (Р. Саттаров), Ветеринария бўлими (Б. Рахимов) 7-иловага* мувофиқ белгиланган тартибда санитария рухсатномасини олган жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотларни;
туман «Газтаъминот» идораси (Ж. Авазов) 8-иловага* мувофиқ ҳудудда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахслар билан газ истеъмоли учун тузилган шартномалар тўғрисидаги маълумотларни;
туман «Электртармоқлари» идораси (Б. Ўтанов) 9-иловага* мувофиқ ҳудудда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахслар билан электр истеъмоли учун тузилган шартномалар тўғрисидаги маълумотларни;
туман Ички ишлар бўлими (А. Хайитов), йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси (И. Тошпўлатов) билан биргаликда 10-иловага* мувофиқ ҳудуддаги шахсий юк автотранспорт воситалари эгалари тўғрисидаги тўлиқ маълумотларни туман Давлат солиқ инспекциясига қишлоқ (маҳалла) фуқаролар йиғинлари кесимида 2013 йил 30 декабрга қадар тақдим этсинлар.
5. Туман Фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзиш бўлими 5-иловага* мувофиқ туман ҳудудида 2013 йилда вафот этган фуқаролар тўғрисидаги, туман Давлат нотариал идораси нотариуслари эса 6-иловага* мувофиқ 2013 йил давомида жисмоний шахслар томонидан кўчмас мулк ижара шартномаси тасдиқланганлиги ва ижара ҳақи миқдори, шунингдек мерос қилиб олиш ёки ҳадя тарзида фуқароларнинг мулкига ўтаётган мол-мулк қиймати тўғрисидаги маълумотларни ўз вақтида тақдим этиб бориши тавсия этилсин.
6. Ҳудудларда қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларига участка давлат солиқ инспектори ва туман Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими ходимлари билан биргаликда ҳисобга олинган ҳудудларга солиқ тўловчи жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотни 11-иловага* мувофиқ далолатнома асосида расмийлаштириш топширилсин.
* Иловалар берилмайди.
7. Туман «Маҳалла» хайрия жамғармаси раиси (Ў. Дўлиев), қишлоқ, маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларига, «Солиқ тўловчиларни ҳисобга олиш» даври тадбирини ўтказишда фаол қатнашишлари ва жойларда участка давлат солиқ инспекторлари билан ҳамкорликда 2014 йил учун маҳаллий солиқ тўловчиларни тўлиқ ҳисобга олишни амалга оширилиши тавсия этилсин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари У. Маматов зиммасига юклансин.
9. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
Ҳоким Х. БУРИЕВ
Жомбой т.,
2013 йил 30 декабрь,
1504-қ-сон