Самарқанд вилояти халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашининг
Қарори
Самарқанд шаҳрида 2014 йилда иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастурини тасдиқлаш тўғрисида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг 2021 йил 7 майдаги 219/30-VI-сонли «Самарқанд вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 25 майдан ўз кучини йўқотади.
Самарқанд шаҳрида 2013 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш, меҳнат бозори эҳтиёжлари ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш устуворлигини ҳисобга олган ҳолда янги иш жойлари яратиш, яратилаётган иш ўринларини малакали ишчи-хизматчилар билан таъминлаб бориш мақсадида муайян ишлар амалга оширилган.
Дастлабки маълумотларга кўра «2013 йилда янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури»га кўра жами 9483 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган бўлиб, ҳақиқатда 10311 та иш ўринлари яратилган. Дастур 109,0 фоизга бажарилди.
Шулардан:
янги ишлаб чиқариш объектларини ишга тушириш ва мавжуд корхоналарни кенгайтириш, қувватини янгилаш ҳисобига дастурга кўра 530 та иш ўринлари яратилиши режалаштирилган. Ҳақиқатда 662 та иш ўринлари яратилган. Дастур ижроси 125,0 фоизга бажарилган.
Шундан:
янги ишлаб чиқариш объектларини ишга тушириш ҳисобига 72 та иш ўринлари яратилиши режалаштирилган бўлиб, ҳақиқатда 108 та иш ўрни яратилган. Дастур 150 фоизга бажарилди.
Мавжуд корхоналарни кенгайтириш ва қувватини янгилаш ҳисобига 458 та иш ўринлари яратилиши режалаштирилган, амалда 554 та иш ўринлари яратилган.
Кичик корхона ва микрофирмаларни ташкил этиш ҳисобига Дастур бўйича 5169 та иш ўринлари яратилиши режалаштирилган бўлиб, ҳақиқатда 5193 та иш ўринлари яратилган. Дастур 100,0 фоизга бажарилган.
Якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига 737 та иш ўрни яратилиши белгиланган бўлиб, ҳақиқатда 1048 та янги иш ўрни яратилган.
Уй меҳнатининг барча шаклларини ривожлантириш ҳисобига 1252 та иш ўрни яратилиши режалаштирилган, ҳақиқатда 1428 та иш ўрни яратилган. Дастур кўрсаткичи 114,0 фоизга бажарилган.
Шу жумладан, корхоналар билан кооперация асосида касаначилик иш ўринлари яратиш ҳисобига дастур бўйича 160 та иш ўринлари яратилиши белгиланган, ҳақиқатда 164 та иш ўринлари яратилган. Дастур ижроси 103,0 фоизга бажарилган.
Ишламасдан турган корхоналар фаолиятини тиклаш ҳисобига 386 та иш ўрни яратилиши белгиланган бўлиб, ҳақиқатда 387 та иш ўрни яратилган. Дастур 100,0 фоизга бажарилган. Жумладан, аёллар учун 4125 та иш ўрни яратилди; озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб келганларга 238 та иш ўрни яратилди, коллеж битирувчилари учун 2282 та иш ўрни яратилди, ёшлар учун 5646 та иш ўрни яратилди, квоталанган 4098 иш ўринларидан 3776 таси яратилди.
Иқтисодий таҳлиллардан келиб чиқиб, жорий йилда Самарқанд шаҳрининг саноат салоҳияти, кам қувватли, паст рентабелли ва ишламасдан турган корхоналарни молиявий соғломлаштириш, хизмат кўрсатиш ва сервис хизматини ривожлантириш, айниқса туризмни ривожлантиришга эътибор кучайтирилади.
Енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш юзасидан қабул қилинган дастурларнинг ҳамда 2014 йилда ишга тушириладиган объектларини ишга тушириш эвазига яратиладиган янги иш ўринларини инобатга олиб, шу билан бирга касб-ҳунар коллежлари шаҳар битирувчилари сони 2014 йилда ўртача 4500 тани ташкил этишини назарда тутган ҳолда, «2014 йилда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури» ишлаб чиқилиб, унга кўра 16230 та иш ўринлари яратилиши режалаштирилмоқда.
Юқоридагиларни инобатга олиб, Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши қарор қилади:
1. Шаҳар ҳокимининг ўринбосари Ж. Ураковнинг Самарқанд шаҳрида 2013 йилда «Янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури» ижроси ҳақидаги ҳисоботи 1-иловага* мувофиқ маълумот учун қабул қилинсин.
2. Самарқанд шаҳрида «2014 йилда янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури» 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
3. Самарқанд шаҳрида «2014 йилда янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури»нинг ойма-ой параметрлари 3-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
4. «2014 йилда янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури» ижросини назорат қилиш Ишчи комиссияси таркиби 4-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* Иловалар берилмайди.
5. Шаҳар ҳокимининг ўринбосари Ж. Ураковга «2014 йилда янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури» лойиҳасини вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Ишчи комиссиясига тақдим этиш топширилсин.
6. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг «Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси» (К. Бахронов) зиммасига юклатилсин.
Шаҳар Кенгаши раиси А. ШУКУРОВ
Самарқанд ш.,
2013 йил 28 декабрь,
142-24-сон