Самарқанд вилояти Самарқанд тумани ҳокимининг
Қарори
2014 йил туман ҳудудида мева-сабзавот, картошка, полиз ва узум маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда ишлатиш прогноз кўрсаткичлари ҳақида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг 2021 йил 7 майдаги 219/30-VI-сонли «Самарқанд вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 25 майдан ўз кучини йўқотади.
Вилоят ҳокимининг 2013 йил 23 ноябрдаги 243-Қ-сонли «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 20 ноябрдаги 311-сонли «2014 йилда мева-сабзавот, картошка, полиз ва узум маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда ишлатиш прогноз кўрсаткичлари ҳақида»ги қарори ижроси тўғрисида»ги қарори ижросини бажариш, туманда 2014 йилда етиштириладиган мева-сабзавот, картошка, полиз ва узум маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда ўз вақтида қайта ишлашни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида қарор қиламан:
1. Вилоят ҳокимининг 2013 йил 23 ноябрдаги 243-Қ сонли «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 20 ноябрдаги 311-сонли «2014 йилда мева-сабзавот, картошка, полиз ва узум маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда ишлатиш прогноз кўрсаткичлари ҳақида»ги қарори ижроси тўғрисида»ги қарори раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Туман ҳокимлиги иқтисодиёт бўлими, туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими билан биргаликда ишлаб чиққан мева-сабзавот, картошка, полиз ва узум маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда ишлатишнинг 2014 йил прогноз кўрсаткичлари тўғрисидаги таклифлари 1 ва 2-иловаларга* мувофиқ маъқуллансин.
3. Туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими (Қ. Қурбонов)га:
шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларида мева-сабзавот, картошка, полиз ва узум етиштириш учун ер майдонларидан самарали фойдаланишини назоратга олиш;
мева-сабзавотчилик, картошка, полиз ва узумчилик махсус фермер хўжаликларида маҳсулот етиштиришнинг устуворлигини ҳисобга олган ҳолда, ишлаб чиқаришнинг башорат кўрсаткичларига мувофиқ хўжаликларда сабзавот ва полиз экинлари жойлаштирилишига алоҳида эътибор қаратилишини;
2014 йилнинг 1 мартига қадар фермер хўжаликлари ва қайта ишлаш корхоналари ўртасида мева-сабзавот ва узум маҳсулотлари етказиб бериш бўйича ҳамда маҳсулот етиштирувчиларни шартномада белгиланган маҳсулотлар қийматининг 40 фоизидан кам бўлмаган миқдорда бўнак маблағлари билан таъминлашни кўзда тутган ҳолда контрактация шартномалари тузилишини;
ёқилғи-мойлаш материаллари, минерал ўғитлар, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари, уруғлик материаллари ва кўчатлар сотишда самара берувчи тармоқларни ташкил қилишни таъминласинлар.
4. Туман бозорларида мева-сабзавот, картошка, полиз ва узум маҳсулотларидан тўлиқ фойдаланиш масаласини ҳал қилиш ҳамда маҳсулотларни экспорт қилишни самарали ташкил этиш мақсадида 3-иловага* мувофиқ ишчи гуруҳи таркиби тузилсин.
Ишчи гуруҳнинг асосий вазифалари этиб:
2014 йил учун тасдиқланган мева-сабзавот, картошка, полиз ва узум маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда ишлатишнинг асосий башорат кўрсаткичлари бажарилишини танқидий кўриб чиқиш;
ички истеъмол бозорини мева-сабзавот, картошка, полиз ва узум маҳсулотларини турлари бўйича зарурий миқдорда, узлуксиз таъминлаш ҳамда ушбу маҳсулотлар нархлари мониторинги ўрнатиш;
мева-сабзавот, картошка, полиз ва узум маҳсулотларини четга экспорт қилишда ташиш, вагонлар ажратилиши, божхонада расмийлаштириш ва ҳисоботлар тақдим этилиши билан боғлиқ бўлган масалаларни тезкорлик билан кўриб чиқишни ташкил этиш белгилансин.
5. Туман ҳокимлиги иқтисодиёт бўлими (И. Комилов), туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими (Қ. Қурбонов) ва қишлоқ хўжалик корхоналари раҳбарларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 6 февралдаги 16-сонли «Белгиланган қиймат ва моддий баланс кўрсаткичлари бажарилишини самарали мониторингини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига биноан туманда 2014 йилда мева-сабзавот, картошка, полиз ва узум маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва фойдаланиш баланс кўрсаткичларининг бажарилишини доимий мониторингини таъминлаш вазифаси топширилсин.
6. Аҳолини ҳамда қайта ишлаш корхоналарини ишлаб чиқарилган мева-сабзавот, картошка, полиз ва узум маҳсулотлари билан етарли таъминлаш мониторинги олиб борилиши муносабати билан:
туман ҳокимлиги иқтисодиёт бўлими (И. Комилов) ҳар чоракда ҳисобот давридан кейинги ойнинг 6-санасигача мева-сабзавот, картошка, полиз ва узум маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда ишлатилиши ҳақидаги маълумотларни 4-иловадаги* шаклга мувофиқ;
ҳар ойнинг ҳисобот давридан кейинги ойнинг 5-санасигача жўнатилган мева-сабзавот, картошка, полиз ва узум маҳсулотлари экспорти тўғрисидаги маълумотларни 5-иловадаги* шаклга мувофиқ умумлаштирсин ва вилоят иқтисодиёт бошқармасига тақдим этсин.
* Иловалар берилмайди.
7. Туман ҳокимининг 2013 йил 28 ноябрдаги 1319-Қ сонли қарори бекор қилинсин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ф. Норов зиммасига юклансин.
9. Мазкур қарор расмий эълон қилингандан бошлаб кучга киради.
Ҳоким Б. САДУЛЛАЕВ
Самарқанд т.,
2013 йил 25 декабрь,
1515-қ-сон