Сирдарё вилояти Янгиер шаҳар ҳокимининг
Қарори
2014 йилда ижтимоий ҳимояга мухтож шахслар учун иш жойларининг энг кам миқдорини белгилаш тўғрисида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг 2021 йил 28 майдаги 150/22-6-сонли «Сирдарё вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 12 июндан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий Давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли қарорига асосланиб, 2014 йил учун ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар учун иш жойларининг энг кам миқдорини белгилаш мақсадида қарор қиламан:
1. «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасига асосан ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш жойларининг энг кам миқдори ходимларнинг рўйхат бўйича ўртача сонидан 3653 кишини ташкил этадиган 7 фоиз миқдорида, шу жумладан:
ўн тўрт ёшга тўлмаган болалари, ногирон болалари бўлган ёлғиз ва кўп болали ота-оналар учун 0,6 фоиз (13 ўрин);
таълим муассасаларини тамомлаган ёшлар учун 2,0 фоиз (62 ўрин);
ногиронлар учун 3 фоиз ( 76 ўрин);
Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказида иш қидирувчи сифатида ҳисобда турган пенсия ёшига яқинлашиб қолган шахслар учун 0,3 фоиз (2 та ўрин);
муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилганлар учун 0,4 фоиз (14 ўрин);
жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган, жазони ўтаётган ёки суд қарори билан тиббий характердаги мажбурий чоралар кўрилган шахслар учун 0,4 фоиз (11 ўрин) миқдорида иш ўринлари захираси белгилансин.
2. Ушбу тоифа шахслар учун иш ўринлари ходимлар томонидан ўзларининг меҳнат мажбуриятларини тўсиқларсиз бажаришини таъминлайдиган санитария-гигиена нормалари ва меҳнат шароитларига мувофиқ бўлиши керак. Шу жумладан:
ёлғиз ота, ёлғиз она ва 14 ёшгача бўлган ногирон болалари бор кўп болали ота-оналар учун — болаларни тарбиялаш ва меҳнат мажбуриятлари бўйича вазифаларни уйғунлаштириш имконини берадиган, ўзгарувчан иш жадвалига эга бўлган иш ўринлари;
таълим муассасаларини тугатган ёшлар учун — уларнинг касб бўйича тайёргарлигига мувофиқ бўлган иш ўринлари;
муддатли харбий хизматдан бўшатилган шахслар учун — уларнинг касб бўйича тайёргарлигига мувофиқ бўлган иш ўринлари;
ногиронлар учун — меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказилган ҳамда ходимга иш жараёнларини тўсқинликларсиз бажариш имконини берадиган иш ўринлари;
бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказида иш қидирувчи сифатида ҳисобда турган пенсия ёшига яқинлашиб қолган шахслар учун — махсус малакани талаб қилмайдиган иш ўринлари;
жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган, жазони ўтаётган ёки суд қарори билан тиббий характердаги мажбурий чоралар кўрилган шахслар учун — уларнинг касб бўйича тайёргарлиги ҳисобга олинган ҳолдаги иш ўринлари, муайян касб-ҳунарга, малакага эга бўлмаган шахслар учун эса — махсус малака талаб қилмайдиган ҳамда юқорида кўрсатилган барча тоифалар учун мос шароитлар яратилиши лозим.
Корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар:
иш жойларининг энг кам миқдорини (квота) бўйича иш ўринларини ташкил этилганлиги тўғрисида маълумотларни ҳар чоракда;
ушбу ўринларга ишга жойлашганлиги тўғрисидаги маълумотни ҳар ойнинг 25-санасига қадар шаҳар Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш Марказига топширсинлар.
ижтимоий муҳофазага муҳтож бўлган тоифадаги кишиларга махсус иш жойлари ажрата олмаган корхона ва муассасалар иш жойларини ижарага сотиб олиш ёки бошқа корхоналар билан хамкорликда ташкил этилсин.
3 . Иш ўринлари банд қилиб қўйиладиган касблар ва лавозимлар:
Қарорнинг 1-банди 2-хатбошисида кўрсатилган талабларга жавоб берадиган касб ва мутахассисликлар бўйича корхоналар кесимидаги иш ўринлари кўрсатилган ҳолда (илова* бўйича) ташкил этилсин. Жумладан:
* Илова берилмайди.
ўн тўрт ёшга тўлмаган болалари, ногирон болалари бўлган ёлғиз ва кўп болали ота-оналар учун 15 та иш ўрни, таълим муассасаларини тамомлаган ёшлар учун 68 та иш ўрни, ногиронлар учун 75 та иш ўрни, бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказида иш қидирувчи сифатида ҳисобда турган пенсия ёшига яқинлашиб қолган шахслар учун 6 та иш ўрни, муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилганлар учун 20 та иш ўрни, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган, жазони ўтаётган ёки суд қарори билан тиббий характердаги мажбурий чоралар кўрилган шахслар учун 15 та иш ўрни банд қилиб қўйилсин.
4. Ташкилотларнинг раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий мухофазага муҳтож ва иш топишда қийналадиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги низомга мувофиқ ижтимоий мухофазага муҳтож ва иш топишда қийналадиган шахслар учун кўрсатилган иш ўринларини белгиланган муддатларда ва тартибда барпо этилишини таъминласинлар.
5. Ушбу қарор бажарилмаган тақдирда ташкилотнинг мансабдор шахсларига «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналадиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 15-бандига мувофиқ жарима солиниши тўғрисида огоҳлантирилсин.
6. Ушбу қарорда белгиланган ижтимоий мухофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш сонидан ортиқча иш ўринлари ташкил этилганда ташкилот учун қўйидаги имтиёзлар белгиланади:
ногиронлар учун банд қилиб қўйиладиган иш ўринларини белгиланган сонидан ортиқча ташкил этган ташкилотлар қонун хужжатларида белгиланган тартибда имтиёз олиши;
мутасадди ташкилот, корхона ва муассасалар ўз ваколатлари доирасида ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш қидиришда қийналаётган шахслар учун белгиланган кўрсаткичдан ортиқча, шу жумладан иш участкалари (цехлар) ташкил этиш учун турар жой бўлмаган биноларни бирламчи навбатда ажратиш йўли билан банд қилиб қўйиладиган иш ўринлари ташкил этган ташкилотлар учун имтиёзлар белгиланиши;
ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш қидиришда қийналаётган шахслар учун банд қилиб кўйиладиган иш ўринлари шаҳар ҳокими томонидан белгиланган миқдордан ортиқча ташкил этган ташкилотлар ушбу иш ўринларини ташкил этишга сарфланган маблағларнинг бир қисмини шаҳар Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш Маркази билан тузилган шартнома асосида Бандликка кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан қоплаш хуқуқига эгадир.
Янгиер шаҳар Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш Маркази бир ҳафта муддат ичида мазкур қарорни иловада кўрсатилган корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларга етказсин ва ижросини назоратга олсин.
7. Мазкур қарор ижросини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.
8. Мазкур қарор расмий нашрда эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ҳоким в. в. б. Б.АСОМОВ
Янгиер ш.,
2013 йил 31 август,
504-сон