Сирдарё вилояти Янгиер шаҳар ҳокимининг
Қарори
Янгиер шаҳрида 2014 йилда касаначилик уй меҳнатини ташкил қилиш тўғрисидаги шаҳар дастурини тасдиқлаш ҳақида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг 2021 йил 28 майдаги 150/22-6-сонли «Сирдарё вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 12 июндан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 5 январдаги «Йирик саноат корхоналари билан касаначиликни ривожлантириш асосидаги ишлаб чиқариш ва хизматлар ўртасида кооперацияни кенгайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-3706-сонли Фармонини амалга ошириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 11 январдаги 4-сонли қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 6 апрелдаги «Аҳоли бандлигини ошириш ҳамда меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-616-сонли қарорлари ижросини таъминлашда биринчи навбатда тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган кичик саноат корхоналарига нисбатан касаначилик иш ўринлари жорий этиш мақсадида, шаҳарда иш билан банд бўлмаган аҳолини уйда маҳсулотлар ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш ишларини бажаришга жалб этиш учун иш берувчиларга реал шароитлар яратиш, касаначиларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган ижтимоий ва меҳнат кафолатларини янада яхшилаш мақсадида қарор қиламан:
1. Шаҳарда 2014 йилда касаначилик уй меҳнатини ташкил қилиш дастури 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
2. Шаҳарда корхоналар билан уйда маҳсулотлар ишлаб чиқариладиган ва хизматлар кўрсатадиган фуқаролар ўртасида кооперацияни мувофиқлаштириш, қўллаб қувватлаш ва ривожлантириш бўйича ишчи комиссия тузилсин ва унинг таркиби 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1 ва 2-иловалар берилмайди.
3. Шаҳар ишчи комиссияси раисига:
белгиланган режани бажарилишини қатъий равишда назорат қилиш;
ҳар ой якуни билан дастур ижроси бўйича ишчи гуруҳи йиғилишларини ўтказиб корхоналар кесимида таҳлил олиб бориш;
касаначиларнинг доимий иш билан таъминланиши билан боғлиқ бўлган муаммоларни, яъни хомашё ишлаб чиқариш жиҳозлари билан таъминланишини, ойлик иш ҳақларининг ойма-ой белгиланишини назоратга олиш топширилсин.
4. 2014 йилда касаначилик уй меҳнатини ташкил қилиш бўйича шаҳар дастурига киритилган корхона раҳбарларига:
дастурда белгиланган режа топшириқларнинг бажарилиши бўйича шахсан жавобгар эканликлари уқтирилсин;
ҳар ой якуни билан касаначилик иш ўринларини ташкил қилиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан (яратилган касаначилик иш ўринлари, ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқдан нусха, касаначига очилган меҳнат дафтарчаси нусхаси, касаначига тўланган иш ҳақи тўлов варақаси нусхаси, касаначига етказиб берилган хомашё ва касаначилар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тўғрисидаги маълумотларни шаҳар ишчи гуруҳига тақдим қилиш вазифаси топширилсин.
5. Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий мухофаза қилиш маркази директори (Э. Ботиров)га:
касаначилик меҳнати билан шуғулланаётган фуқароларга нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунларга риоя қилиниши устидан назоратни таъминлаш;
қарор ижросини таъминлаш бўйича ҳар ойлик мониторинг натижалари 2 нусхада шаҳар ҳокимлигига топширилсин.
6. Шаҳар статистика бўлими (Ж. Кучмуродов)га:
шаҳар ҳокимлигига корхоналарнинг касаначилик меҳнати билан банд бўлган ходимлари сони тўғрисидаги маълумотларни белгиланган муддатларда тақдим этиш;
корхоналар томонидан статистика бўлимига топшириладиган 1-Т ва 1-МБ меҳнат хисоботига яратилган касаначилик иш ўринлари киритилишини назорат қилиш вазифаси топширилсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.
8. Мазкур қарор расмий нашрда эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ҳоким в. в. б. Б.АСОМОВ
Янгиер ш.,
2013 йил 31 август,
503-сон