Тошкент шаҳар Яккасарой тумани хокимининг
Қарори
Яккасарой туманида ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини 2014 йил учун банд қилиб қўйиш тўғрисида
Мазкур қарор Тошкент шаҳар Яккасарой тумани ҳокимининг 2014 йил 13 ноябрдаги 570-сонли «Яккасарой туманида ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини 2015 йил учун банд қилиб қўйиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунининг 17-моддасига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси, 1998 йил 5-6-сон, 97-модда), «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги (янги таҳрири) Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 25-моддасига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси, 2008 йил 7-сон, 353-модда), Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳоли бандлигини ошириш ҳамда меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2007 йил 6 апрелдаги ПҚ-616-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 йил 15-сон, 156-модда), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сон қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги низомга (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 йил 34-сон, 333-модда, 2010 йил 13-сон, 96-модда, 2011 йил 1-2-сон, 4-модда, 2012 йил 44-сон 507-модда) мувофиқ ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун 2014 йилга мўлжалланган банд қилиниши керак бўлган иш ўринлари сонини ва уларга қўйиладиган талабларни белгилаш бўйича туман махсус комиссиясининг 2013 йил 24 сентябрдаги йиғилиш баёнини инобатга олиб, қарор қиламан:
1. Яккасарой туманида ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун тумандаги 128 та ташкилотларда аҳолининг қуйидаги тоифалари учун жами 1583 та иш ўринлари банд қилиб қўйилсин:
ёлғиз ота, ёлғиз она ва 14 ёшгача бўлган ногирон болалари бор кўп болали ота-оналар учун — болаларни тарбиялаш ва меҳнат мажбуриятлари бўйича вазифаларни уйғунлаштириш имконини берадиган, ўзгарувчан иш жадвалига эга бўлган иш ўринлари;
таълим муассасаларини тугатган ёшлар учун — уларнинг касб бўйича тайёргарлигига мувофиқ бўлган иш ўринлари;
муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар учун — уларнинг касб бўйича тайёргарлигига мувофиқ бўлган иш ўринлари;
ногиронлар учун — меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказилган ҳамда ходимга иш жараёнларини тўсқинликсиз бажариш имконини (соғлиғининг аҳволи ва меҳнат фаолиятига нисбатан белгиланган зид кўрсаткичлар ҳисобга олинган ҳолда) берадиган иш ўринлари;
бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш туман марказида иш қидирувчи сифатида ҳисобда турган пенсия ёшига яқинлашиб қолган шахслар учун — махсус малакани талаб қилмайдиган иш ўринлари;
жазони ўташ муассасаларидан бўшатилган, жазони ўтаётган ёки суд қарорига кўра тиббий характердаги мажбурий чоралар кўрилган шахслар учун — уларнинг касб бўйича тайёргарлик ҳисобга олинган ҳолдаги иш ўринлари, муайян касб-ҳунарга, малакага эга бўлмаган шахслар учун — махсус малакани талаб қилмайдиган иш ўринлари.
2. Яккасарой туманида ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини 2014 йил учун банд қилиб қўйиш лозим бўлган ташкилотлар рўйхати иловага* асосан тасдиқлансин.
3. Иш ўринларини банд қилувчи ташкилотлар раҳбарларига:
ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни иш билан таъминлаш учун 2013 йил якунланишидан 10 кун олдин банд қилинган иш жойлари умумий миқдорининг камида 25 фоизи учун, 2014 йилнинг 10 апрелидан кечикмай иш жойларининг қолган қисми 75 фоизини барпо этиш (ажратиш ёки банд қилиб қўйиш) тўғрисидаги, яъни ҳар бир тоифа бўйича иш ўринлари банд қилиб қўйиладиган касблар ва лавозимлар, мутахассисликлар кесимидаги маълумотларни ва қарор бўйича чиқарилган буйруқ нусхаларини туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказига тақдим этилсин.
иловадаги шахслар учун иш ўринлари санитария-гигиена нормалари ва меҳнат шароитларига мувофиқлаштирилиши таъминлансин.
4. Ушбу қарор ижроси бажарилмаган тақдирда ташкилотнинг мансабдор шахсларига «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 15-бандига мувофиқ жарима солинади.
5. Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш қидиришда қийналаётган шахслар учун банд қилиб қўйиладиган иш ўринларини иловада белгиланган миқдордан ортиқча ташкил этган ташкилотлар ушбу иш ўринларини ташкил этишга сарфланган маблағларининг бир қисмини туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази билан тузилган шартнома асосида Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш ҳуқуқига эга эканликлари инобатга олинсин.
*Илова берилмайди.
6. Бандликка кўмаклашувчи ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази (Ш. Мухаммедов):
ташкилотлар раҳбарлари томонидан мазкур қарорни тўлиқ бажариш юзасидан қатъий назорат ўрнатилсин.
7. Яккасарой туман ҳокимининг 2012 йил 3 октябрдаги «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тўғрисида»ги 397-сонли қарори 2013 йил 31 декабрдан ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
8. Ушбу қарор 2014 йил 1 январдан кучга киради.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Яккасарой туман ҳокимининг ўринбосари Р. Мавланов зиммасига юклансин.
Ҳоким Б. ГАИБНАЗАРОВ
Тошкент ш.,
2013 йил 30 сентябрь,
356-сон