Сирдарё вилояти Ховос тумани ҳокимининг
Қарори
Ховос тумани иқтисодиёт тармоқларини 2013/2014 йиллар куз-қиш мавсумида барқарор ишлашга ўз вақтида тайёрлаш тўғрисида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг 2021 йил 28 майдаги 150/22-6-сонли «Сирдарё вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 12 июндан ўз кучини йўқотади.
«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 9-сон, 320-модда) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 5 июлдаги ПҚ-1996-сонли «Республика иқтисодиёти тармоқларини 2013/2014 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда Сирдарё вилоят ҳокимининг 2013 йил 10 июлдаги 185-сонли қарори талаблари асосида Ховос туман иқтисодиёт тармоқларини 2013/2014 йиллар куз-қиш мавсумида барқарор ишлашга ўз вақтида тайёрлаш мақсадида қарор қиламан:
1. Сирдарё вилоят ҳокимининг 2013 йил 10 июлдаги 185-сонли қарори ижро ва раҳбарлик учун қабул қилинсин.
2. Ховос тумани иқтисодиёти тармоқларини 2013/2014 йиллар куз-қиш мавсумида барқарор ишлашга тайёрлаш бўйича 2013 йил 20 сентябрь кунига қадар амалга оширилган ишлар инобатга олинсин.
3. Ховос тумани иқтисодиёти тармоқларини 2013/2014 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш бўйича тадбирлар 1-иловага* мувофиқ:
б) 2013/2014 йиллар куз-қиш даври учун кўмир, техник туз тайёрлаш, шунингдек суюлтирилган газни ҳудудлар бўйича етказиб бериш топшириғи 5-иловага* мувофиқ;
в) туман иқтисодиёт тармоқларини 2013/2014 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни мувофиқлаштириш бўйича туман комиссияси таркиби 6-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1—6-иловалар берилмайди.
4. Туманда жойлашган барча, мутасадди ташкилот ҳамда корхона раҳбарлари, қишлоқ ва маҳалла фуқаролари йиғини раисларига:
а) бир ҳафта муддатда туман иқтисодиёт тармоқлари ва уй-жой фонди объектларини 2013/2014 йил куз-қиш даврига тайёрлаш масалаларини ҳал этиш бўйича жойларда ҳудудий комиссиялар ташкил этиш;
б) 2012/2013 йиллар куз-қиш даврида йўл қўйилган камчилик ва нуқсонларни танқидий таҳлил қилиб, камчиликларни ҳисобга олган ҳолда иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда уй-жой фонди объектларидаги қозонхоналар ва муҳандислик иншоотларини 2013/2014 йиллар куз-қиш мавсумида барқарор ишлашга тайёрлаш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;
в) 2013 йил 1 октябрь кунига қадар барча қозонхоналарни жорий ва мукаммал таъмирлашни якунлаш;
г) олий ва ўрта таълим ўқув юртлари, мактаблар, мактабгача таълим муассасалари, шифохоналар ва кўп қаватли турар жой биноларини узлуксиз иссиқлик энергияси билан таъминлашга алоҳида эътибор бериш;
д) куз-қиш даврида аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини доимий равишда иссиқлик энергияси билан таъминлашда ташкилот, корхона ва муассасалар тизимларидаги қозонхоналарга жорий йилнинг 1 октябригача қаттиқ ёки суюқ ёқилғи захираларини етарли миқдорда яратиш;
е) шу йилнинг 1 сентябрь кунига қадар туман ИИБ ёнғин хавфсизлиги бўлими билан биргаликда ижтимоий соҳа объектлари, кўп қаватли турар жой бинолари, шахсий уй-жойлар, мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхона, ташкилот ва муассасалар бино ва иншоотларининг техник талаб нормаларига мувофиқлигини тўлиқ хатловдан ўтказиш вазифаси топширилсин.
5. «Ховос туман газ» филиали (Ж. Хидиров), туман ИИБ ЁХБ (Х. Хайдаров)лар жорий йилнинг 1 октябрига қадар истеъмолчилар томонидан фойдаланилаётган иситиш қозонлари, горелкалар ва бошқа газ асбобларини кўрикдан ўтказишни ташкиллаштирсин.
Қуйидагилар:
а) давлат стандартларига тўғри келмайдиган ва ясама газ қозонлари, горелкалар ва бошқа газ асбобларидан фойдаланиш аниқланган ҳолларда уларни газ тармоқларидан узиб, қоидабузарларга нисбатан тегишли чоралар кўриш;
б) туманда жойлашган олий ва ўрта-махсус касб-ҳунар таълими, мактаблар, мактабгача таълим ҳамда соғлиқни сақлаш муассасалари, кўп қаватли турар жой бинолари, шахсий уй-жойлар ва бошқа ижтимоий соҳа объектларидаги дудбурон, мўрикон ва шамоллатиш йўлларини тозалаш ҳамда таъмирлаш ишларини ўз вақтида бажарилишини назорат қилиш ва амалга оширилган ишлар юзасидан ҳар ҳафта туман ҳокимлигига маълумот тақдим этиб бориш топширилсин.
6. «Ховос туман газ» филиали (Ж. Хидиров), туман электртармоқлари корхонаси (Ш. Примқулов)ларга:
а) 2013/2014 йиллар куз-қиш мавсумида шартномага асосан истеъмолчиларга табиий газ ҳамда электр энергиясини узлуксиз етказиб бериш;
б) жисмоний ва юридик шахсларнинг табиий газ ҳамда электр энергияси тармоқларига ноқонуний ўзбошимчалик билан уланишига умуман йўл қўймаслик;
в) ўта муҳим ва тоифаланган, шунингдек ҳарбий объектларни узлуксиз электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш тадбирларини ишлаб чиқиш ва 10 кун муддатда ушбу объектларнинг рўйхатини тузиб туман ҳокимлигига тасдиққа киритиш вазифаси юклатилсин.
7. «Ховос туман газ» филиали (Ж. Хидиров), туман электртармоқлари корхонаси (Ш. Примқулов), туман «Сувоқова» корхонаси (А. Мустафақулов)ларга:
а) куз-қиш мавсуми давомида тумандаги коммунал хизмат кўрсатувчи корхона ва ташкилотларда 24 соатлик авария диспетчерлик хизматларини ташкил этиш, авария тиклаш бригадаларини тузиш ва уларни техника воситалари, зарур асбоб-ускуналар ҳамда зарурий материаллар билан таъминлаш юклатилсин.
8. Туман электртармоқлари корхонаси (Ш. Примқулов) шу йилнинг куз-қиш мавсумига электр энергия билан таъминловчи нимстанциялар ва трансформаторларни дастур асосида мукаммал ва жорий таъмирласин ва узлуксиз электр энергия билан таъминлашни ташкил этсин.
9. Туман тиббиёт бирлашмаси (М. Нарзуллаев), Туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудири (Р. Бахриддинов) ва барча ўқув юрти тасарруфидаги барча қозонхона, иситиш тармоқларини жорий йилнинг 20 август кунига қадар куз-қиш шароитида ишлашга тайёрлаш, ўқув юртлари, мактаб, мактабгача таълим муассасалари, касалхона, поликлиникаларга кўмир ёқилғиси ва ўтин билан ишлайдиган печкаларни қуриш, мавжудларини таъмирлаш вазифалари юклатилсин.
10. «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси (Ғ. Норбўтаев), «Ховос туман газ» филиали (Ж. Хидиров)га газ босими паст бўлган аҳоли, ижтимоий соҳа объектларини белгиланган график асосида қаттиқ ёқилғи ва суюлтирилган газ билан тўлиқ таъминлаш юклатилсин.
11. «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси (Ғ. Норбўтаев)га қишлоқ ва маҳалла фуқаролари йиғинлари билан биргаликда аҳоли хонадонларига кўмир ёқилғиси ва ўтин билан ишлайдиган печкаларни ўрнатиш ишлари бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш ва уни таъминлаш вазифаси юклатилсин.
12. Туман Ободонлаштириш бошқармаси (А. Мустафақулов)га 2013 йил октябрь ойига қадар автомобиль йўлларини қордан тозаловчи махсус техникаларни ишлашга тайёрлаб қўйсин.
13. Туман молия бўлими (О. Хакимов) бюджет маблағларидан молиялаштирилиши режалаштирилган иситиш қозонлари ва қозонхоналарини, иссиқлик тармоқларини, уй-жой фондини, ичимлик суви иншоотлари ва бошқа муҳим объектларни куз-қиш мавсумига ўз вақтида тайёрлаш, суюқ ва қаттиқ ёқилғи захираларини яратиш мақсадида ажратиладиган маблағларнинг асосий қисмини иситиш мавсумига қадар молиялаштиришни ҳал этсин.
14. Тумандаги, ташкилот, муассаса ва идоралар мазкур қарорнинг ижросини таъминланиши тўғрисида ҳар 15 кунда туман ҳокимлигига маълумотлар тақдим этиб борсинлар.
15. 2013/2014 йил куз-қиш мавсумида барқарор ишлашига тайёргарлигини бориши юзасидан ҳар ойда туман ҳокимлиги йиғилишларида кўриб чиқилиши белгилаб қўйилсин.
16. Ушбу қарорнинг қабул қилиниши муносабати билан туман ҳокимининг 2012 йил 27 июндаги 592-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
17. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж. Мансуров зиммасига юклатилсин.
18. Мазкур қарор расмий нашрда эълон қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Ҳоким Ҳ. ЧИНИБЕКОВ
Ховос ш.,
2013 йил 2 октябрь,
1126-сон