Сирдарё вилояти Ширин шаҳар ҳокимининг
Қарори
2014 йилда ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар учун иш жойларининг энг кам миқдорини белгилаш тўғрисида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг 2021 йил 28 майдаги 150/22-6-сонли «Сирдарё вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 12 июндан ўз кучини йўқотади.
«Маҳаллий Давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли қарорига асосланиб, 2014 йил ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар учун иш жойларининг энг кам миқдорини белгилаш мақсадида қарор қиламан:
1. «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасига асосан ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш жойларининг энг кам миқдори ходимларнинг рўйхат бўйича ўртача сонидан 3821 кишини ташкил этади, шу жумладан:
ўн тўрт ёшга тўлмаган болалари, ногирон болалари бўлган ёлғиз ва кўп болали ота-оналар учун 14 та иш ўрин;
таълим муассасаларини тамомлаган ёшлар учун 91 та иш ўрин;
ногиронлар учун 16 та иш ўрин;
Бандликка кўмаклашиши ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказида иш қидирувчи сифатида ҳисобда турган пенсия ёшига яқинлашиб қолган шахслар учун 10 та иш ўрин;
муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилганлар учун 8 та иш ўрин;
жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган, жазони ўтаётган ёки суд қарори билан тиббий характердаги мажбурий чоралар кўрилган шахслар учун 11 та иш ўрин.
2. Ушбу тоифа шахслар учун иш ўринлари ходимлар томонидан ўзларининг меҳнат мажбуриятларини тўсиқларсиз бажаришини таъминлайдиган санитария-гигиена нормалари ва меҳнат шароитларига мувофиқ бўлиши керак, шу жумладан юқорида кўрсатилган барча тоифалар учун мос шароитлар яратилсин.
Шу жумлада:
ногиронлар учун саломатлиги ва меҳнат фаолиятига нисбатан қўйиладиган белгиланган кўрсаткичлар ҳисобга олинган ҳолда ходимга меҳнат операцияларини тўсиқсиз бажариш имконини берувчи иш жойлари;
касб-ҳунар таълимига эга бўлмаган ёлғизлар учун, улар умумтаълим муассасаларини тамомлаганларидан кейин бир йил давомида шогирдлик иш жойлари ёки махсус касб-ҳунар тайёргарлигини талаб қилмайдиган иш жойлари;
ўрта махсус касб-ҳунар таълим муассасаларини тамомлаган ёшлар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларидан, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар Вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати қўшинларидан бўшатилган шахслар учун улар ўқув юртларини тамомлаганларидан ёки бўшатилганларидан кейин бир йил давомида уларнинг касб-ҳунар тайёргарлигига мувофиқ келувчи иш жойлари;
ёлғиз ота, ёлғиз оналарга ҳамда кўп болали ота-оналарга болаларни тарбиялаш ва меҳнат мажбуриятларини бажаришни бирга қўшиб олиб бориш имконини берувчи ўзгарувчан жадвали иш жойлари;
жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки суд қарори билан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларига тортилган шахслар учун махсус малакани талаб қилмайдиган ҳар қандай иш;
ҳар чоракда шаҳар Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказига иш жойларининг энг кам миқдорини (квота) бўйича иш ўринларини ташкил этилганлиги, қанча фуқаро ушбу ўринларга ишга жойлашганлиги тўғрисида маълумотни ўз вақтида ҳар ойнинг 25-кунигача топширилсин.
ижтимоий муҳофазага муҳтож бўлган тоифадаги кишиларга махсус иш жойлари ажрата олмаган корхона ва муассасалар иш жойларини ижарага сотиб олиш ёки бошқа корхоналар билан ҳамкорликда ташкил этилсин.
корхона ва ташкилотлар маъмуриятини ушбу корхонада 2014 йил учун иш жойларининг энг кам миқдори (квота) бўйича иш ўринларини ташкил қилиниши мажбур эканлиги ҳақида йил бошига камида 3 ой қолганда огоҳлантирилсин.
3. Ташкилотлар раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сон қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги Низомга мувофиқ ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун кўрсатилаётган иш ўринлари ташкил этилишини таъминласинлар.
4. Ушбу қарор бажарилмаган тақдирда ташкилотларнинг мансабдор шахсларига «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 15-бандига мувофиқ жарима солинади.
5. Ушбу қарорда белгиланган ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш сонидан ортиқча иш ўринлари ташкил этилганда ташкилот учун қуйидаги имтиёз олиш:
мутасадди ташкилот, корхона ва муассасалар ўз ваколатлари доирасида ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш қидиришда қийналаётган шахслар учун белгиланган кўрсаткичдан ортиқча, шу жумладан иш участкалари (цехлар) ташкил этиш учун турар жой бўлмаган биноларни бирламчи навбатда ажратиш йўли билан банд қилиб қуйиладиган иш ўринлари ташкил топган ташкилотлар учун имтиёзлар белгиланиши;
ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш қидиришда қийналаётган шахслар учун банд қилиб қўйиладиган иш ўринлари шаҳар хокими томонидан белгиланган миқдордан ортиқча ташкил этган ташкилотлар ушбу иш ўринлари ташкил этишга сарфланган маблағларнинг бир қисмини шаҳар Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази билан тузилган шартнома асосида Бандликка кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан қоплаш ҳуқуқига эгадир.
* Илова берилмайди.
7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш шаҳар ҳокими ўринбосари М. Абдурахимов зиммасига юклатилсин.
8. Мазкур қарор расмий нашрда эълон қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Ҳоким Ш. ТОЖИБОЕВ
Ширин ш.,
2013 йил 3 сентябрь,
305-сон