Ўзбекистон ССЖ Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Тошкент давлат техника дорилфунунини, Тошкент кимё-технология ва Тошкент меъморчилик-қурилиш институтларини ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон ССЖ Президентининг «Тошкент давлат техника дорилфунунини, Тошкент кимё-технология ва Тошкент меъморчилик-қурилиш институтларини ташкил этиш тўғрисида» 1991 йил 6 майдаги Фармонига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. ЎзССЖ Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 1991 йил 1 июнгача:
Беруний номидаги Тошкент политехника институтининг меъморчилик, саноат-фуқаро қурилиши ва муҳандислик-қурилиш факультетлари негизида Тошкент меъморчилик-қурилиш институтини;
Беруний номидаги Тошкент политехника институтининг кимё-технология, муҳандислик-технология факультетлари ҳамда нефть ва газ факультетининг кимё мутахассисликлари негизида Тошкент кимё-технология институтини;
Тошкент машинасозлик институти ва Беруний номидаги Тошкент политехника институтининг қолган факультетлари негизида Тошкент давлат дорилфунунини ташкил этиш бўйича зарур чора-тадбирларни кўрсин.
Янгидан ташкил этилган олий ўқув юртларининг тузилиши, мутахассисликлари рўйхати, жойлаштириш режалари ва уставлари ишлаб чиқилсин ва тасдиқлансин.
Жойлардаги мавжуд филиаллар ва факультетлар белгиланган тартибда ушбу ўқув юртлари ихтиёрига берилсин.
2. ЎзССЖ Молия вазирлиги ЎзССЖ Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига янгидан ташкил этилган олий ўқув юртларининг маъмурий-хўжалик ходимларини таъминлаш учун қўшимча иш ҳақи жамғармаси ажратсин.
3. Тошкент шаҳар ижроия қўмитаси ЎзССЖ Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда янгидан ташкил этилган олий ўқув юртларига ўқув корпуслари, ётоқхоналар ва ижтимоий-маданий-маиший иншоотлар қурилиши учун ер участкалари ажратиш масаласини ҳал этсин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1991 йил 13 май,
130-сон