Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг
Қарори
Тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ ишлар бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида
Тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ ишларни кўришда суд амалиётида келиб чиққан масалалар муносабати билан, «Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарор қилади:
1. Судларга тушунтирилсинки, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 53-моддасининг биринчи қисмига кўра, давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини, барча мулк шакллари тенг ҳуқуқлилигини ва баб-баравар ҳуқуқий муҳофаза этилишини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Мазкур конституциявий норма маъносидан келиб чиқиб, ҳар ким тадбиркорлик фаолияти ва қонун билан тақиқланмаган бошқа иқтисодий фаолиятда ўз қобилияти ва мулкидан эркин фойдаланиш ҳуқуқига эга.
2. Ўзбекистон Республикасининг «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунининг 3-моддасига кўра, тадбиркорлик фаолияти (тадбиркорлик) — тадбиркорлик фаолияти субъектлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган, ўз таваккалчилиги ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олишга қаратилган ташаббускорлик фаолиятидир.
Тадбиркорлик фаолияти субъектларига белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслар (якка тартибдаги тадбиркор) киради («Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунининг 4-моддаси).
Якка тартибдаги тадбиркорлик деганда, қонунга кўра, жисмоний шахс томонидан мустақил равишда, юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тушунилади.
3. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, шахснинг у ёки бу фаолиятини тадбиркорлик деб топиш учун иккита ҳолат мавжуд бўлиши — даромад топишга қаратилган ҳаракатлар системали равишда содир этилиши ва бундай фаолият асосий, яъни касб фаолияти сифатида амалга оширилиши шарт.
Шундан келиб чиқиб, бир марталик фуқаролик-ҳуқуқий мазмундаги битимлар (масалан, уй-жой ёки кўчмас мулкни ижарага бериш, шахсий буюмларни сотиш, пудрат ёки топшириқ шартномасига кура, онда-сонда турли майда ишларни ҳақ эвазига бажариш, ва ҳ. к) тузадиган шахсларни, ҳаттоки бундай битимлар бир неча марта амалга оширилган тақдирда ҳам, тадбиркорлар деб топиш ва бундай сифатда давлат рўйхатидан ўтишни талаб қилиш мумкин эмас. Мажбуриятларни меҳнат шартномаси (контракт) асосида бажариш ҳам тадбиркорлик фаолияти ҳисобланмайди.
Қонунчиликка мувофиқ касбий фаолият (хусусий амалиёт)нинг айрим турлари ҳам тадбиркорлик сифатида қаралмайди. Чунончи, адвокатлар тадбиркор деб тан олинмайди.
Якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
4. Ўзбекистон Республикасининг «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 8-моддасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти субъектлари қуйидагиларга ҳақли:
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга;
мулк ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган мол-мулкка эгалик қилишга, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишга;
ўз фаолияти йўналишларини, товарлар етказиб берувчиларни ва ўз товарлари (ишлари, хизматлари) истеъмолчиларини мустақил равишда танлашга;
тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад (фойда) олишга, товарлар (ишлар, хизматлар) бозорида устун мавқени эгаллаб турган тадбиркорлик фаолияти субъектлари бундан мустасно;
ўз товарларини (ишлари, хизматларини), ишлаб чиқариш чиқиндиларини бозор конъюктурасидан келиб чиқиб, мустақил равишда белгиланадиган нархлар ва тарифлар бўйича ёки шартнома асосида реализация қилишга, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;
барча ишлаб чиқариш харажатлари ўрни қопланиб, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин қолган даромадни (фойдани) эркин тасарруф этишга, суд тартибидаги мажбурий ундирув ҳоллари бундан мустасно;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
кредит олишга, бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг пул маблағлари ва бошқа мол-мулкини шартнома шартлари асосида жалб этишга, шу жумладан биноларни, иншоотларни, ускуналарни ва бошқа мол-мулкни олишга ва (ёки) текин, ижарага (лизингга) олишга ҳамда уларни тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга йўналтиришга.
Тадбиркорлик фаолияти субъектлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
5. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, Ўзбекистон Республикасининг «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунининг 3-бобида назарда тутилган кафолатларни бузишда айбдор бўлган шахслар, бундай ҳаракатлар хусусияти ва келиб чиққан оқибатларга боғлиқ равишда, маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортиладилар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси (бундан буён матнда — МЖтК) XVII-бобида тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Шунда тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш деганда қуйидагилар тушунилади:
мулк ҳуқуқини қонунга хилоф равишда чеклаш ва (ёки) ундан маҳрум қилиш, хусусий мулкка тажовуз қилиш, номақбуллиги олдиндан аён бўлган шартларни мулкдорга мажбуран қабул қилдириш (МЖтК 2411-моддаси);
тадбиркорлик субъектларини пул маблағлари ҳамда бошқа моддий қимматликларни ажратиш билан боғлиқ ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш (МЖтК 2414-моддаси);
лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга бошқа ҳужжатларни беришнинг белгиланган тартиби ҳамда муддатларини бузиш (МЖтК 2415-моддаси);
имтиёзлар ва преференцияларни қўллашни ғайриқонуний равишда рад этиш, қўлламаслик ёки қўллашга тўсқинлик қилиш (МЖтК 2416-моддаси);
иш ҳақи, нафақалар, стипендиялар ва уларга тенглаштирилган ўзга тўловларни тўлаш учун пул маблағлари беришни асоссиз равишда кечиктириш (МЖтК 2417-моддаси);
Кейинги таҳрирга қаранг.
тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартиби ва муддатларини бузиш (МЖтК 2419-моддаси);
Кейинги таҳрирга қаранг.
давлат хизмати кўрсатишни ғайриқонуний равишда рад этиш ёхуд уни кўрсатишдан бўйин товлаш (МЖтК 2419-моддаси);
қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган статистика ва бошқа ҳисоботни, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳисоботни тақдим этишнинг белгиланган муддатлари ва тартибига зид равишда талаб қилиб олиш (МЖтК 24110);
Кейинги таҳрирга қаранг.
олиб қўйилаётган ер участкасидаги тадбиркорлик субъектларига тегишли биноларни, бошқа иморатларни, иншоотларни ёки дов-дарахтларни зарарнинг ўрнини мазкур мол-мулкнинг бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўлиқ қопламаган ҳолда бузиб ташлаш (МЖтК 24111);
Хўжалик субъектлар фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашишга (хўжалик субъектлар фаолиятини қасддан текшириш ташаббуси билан чиқиш ва (ёки) ўтказиш; хўжалик субъектларининг фаолиятини ва (ёки) уларнинг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш; қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳолларда хўжалик субъектларининг ҳисобварақларида пул маблағлари мавжудлиги тўғрисидаги ахборотни талаб қилиб олиш) йўл қўйган мансабдор шахслар МЖтК XVII-бобининг тегишли моддалари билан жавобгарликка тортилишлари лозим.
Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашишга қаратилган шундай ҳаракатларни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этган мансабдор шахслар жиноий жавобгарликка тортилишлари лозим (ЖК 1921 — 1928-моддалари).
(5-банднинг иккинчи — ўн биринчи хатбошилари Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2015 йил 13 ноябрдаги 18-сонли қарори таҳририда)
6. Судлар қонуний асосларда амалга ошириладиган тадбиркорлик фаолиятини қонунга хилоф равишда, яъни Ўзбекистон Республикасининг «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунида ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган тадбиркорлик фаолияти асослари ва тартибига риоя этмаган ҳолда даромад (фойда) олишга қаратилган ҳамда маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўладиган тадбиркорлик фаолияти юритишдан фарқлай олишлари лозим.
7. Қонунга хилоф равишдаги тадбиркорлик фаолияти, одатда, тадбиркорлик фаолиятини қуйидаги кўринишларда:
рўйхатдан ўтмасдан;
махсус рухсатнома (лицензия) олмасдан;
лицензия олиш қоидаларини бузган ҳолда амалга оширишда ифодаланиши мумкин.
Рўйхатдан ўтмасдан қонунга хилоф равишда тадбиркорлик фаолиятини юритиш деганда, юридик шахслар давлат реестрида ва якка тадбиркорлар давлат реестрида бундай юридик шахс тузилганлиги ёки жисмоний шахс томонидан якка тартибдаги тадбиркор мақоми олинганлиги ҳақида ёзув мавжуд бўлмаган ёхуд юридик шахс ёки жисмоний шахснинг якка тартибдаги тадбиркор сифатидаги фаолияти тугатилганлиги ҳақида ёзув мавжуд бўлган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тушунилади.
Махсус рухсатнома (лицензия) олмасдан қонунга хилоф равишда тадбиркорлик фаолиятини юритиш деганда, Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 25 майдаги «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ лицензияловчи органнинг махсус рухсатномаси олиниши талаб этиладиган тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари билан бундай рухсатномага эга бўлмаган ҳолда шуғулланиш тушунилади. Лицензия, унда кўрсатилган фаолият турини белгиланган муддат мобайнида амалга оширишга рухсат берадиган, шунингдек мазкур фаолиятни амалга ошириш шароитларини белгилайдиган расмий ҳужжат ҳисобланади.
Лицензиялаш шартларини бузган ҳолда қонунга хилоф равишда тадбиркорлик фаолиятини юритиш деганда, жумладан, ишлаб чиқарилаётган ва реализация қилинаётган маҳсулотга қўйиладиган талабларга риоя этмаслик (масалан, маҳсулотнинг яроқлилик муддати ва ишлаб чиқарилган санасини кўрсатиш мажбурийлиги тўғрисидаги шартлар), лицензияланаётган фаолият турини амалга оширишга нисбатан қўйилган техник талабларга риоя қилмаслик (масалан, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун зарур бўлган санитария-гигиена шароитларининг мавжуд эмаслиги), фаолиятни лицензияда кўрсатилган ҳудуддан ташқарида амалга ошириш тушунилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
8. Қонунга хилоф равишда тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун жавобгарлик турини қонун бундай фаолият натижасида олинаётган назорат қилинмайдиган даромад (фойда) миқдори билан боғлайди. Бунда даромад (фойда) деганда, қонунга хилоф равишда тадбиркорлик фаолиятини юритиш даврида товар (иш, хизмат)лар реализациясидан мазкур фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар чегириб ташланган ҳолда олинган пул тушуми тушунилиши лозим.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2016 йил 29 июлдаги 13-сонли қарори таҳририда)
9. Рухсатнома олиниши мажбурий бўлган ҳолларда (МЖтК 165, 1763-моддалари, ЖК 190-моддаси), шахснинг ҳаракатларида махсус рухсатнома (лицензия) олмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш белгилари мавжудлиги тўғрисидаги масалани ҳал этишда, судлар, фаолиятнинг айрим турлари (уларнинг рўйхати қонунда белгиланади) фақат махсус рухсатнома (лицензия) орқали амалга оширилиши мумкинлигидан келиб чиқишлари лозим.
Махсус рухсатнома (лицензия) олиниши лозим бўлган фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи махсус рухсатнома (лицензия) олинган пайтдан ёки унда кўрсатилган муддатдан бошлаб вужудга келади ва унинг амал қилиш муддати тугагандан сўнг (агар рухсатнома (лицензия)да бошқа ҳолат назарда тутилмаган бўлса), шунингдек, рухсатнома (лицензия) тўхтатилган, муддатидан илгари тугатилган ёки бекор қилинган ҳолларда тугатилади.
«Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддасига кўра, лицензиялаш соҳасини давлат томонидан тартибга солиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва лицензия берувчи органлар (вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимият органлари) амалга оширадилар. Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялашни амалга оширувчи лицензия берувчи органлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10. Тадбиркорлик фаолиятининг махсус рухсатнома (лицензия) олмасдан амалга оширилиши, агар айбдор илгари (бир йил мобайнида) МЖтК 165 ёки 1763-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса, ЖК 190-моддаси биринчи қисми билан жавобгарликни келтириб чиқаради.
ЖК 190-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган квалификация белгилари мавжуд бўлганда, шахс тадбиркорлик фаолиятини махсус рухсатнома (лицензия) олмасдан амалга оширганлиги учун илгари маъмурий жавобгарликка тортилган-тортилмаганлигидан қатъий назар, жиноий жавобгарлик келиб чиқади.
Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, қуйидаги ҳолларда қайд этилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлмайди, агар:
якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган шахс, фаолиятнинг муайян турини амалга ошириш учун махсус рухсатномага эга бўла туриб, қонунда таъқиқланмаган ва у билан шуғулланиш учун махсус рухсатнома (лицензия) олиниши талаб қилинмайдиган тадбиркорлик фаолиятини амалга оширса;
тадбиркорлик фаолиятининг муайян тури билан махсус рухсатнома (лицензия)га асосан шуғулланаётган шахс лицензия талаблари ва шартларини бузса (бу ҳолат «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Қонуннинг 22, 23-моддаларига мувофиқ, фақат лицензия амал қилинишини тўхтатишга ёки тугатишга сабаб бўлади).
Кейинги таҳрирга қаранг.
11. Қонун мазмунига кўра, МЖтК 165, 176, 1763-моддалари, ЖК 188, 190-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар субъекти, нафақат якка тартибдаги тадбиркор мақомига эга бўлган шахс, балки тадбиркорлик фаолиятини якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмаган ҳолда амалга ошираётган шахс ҳам бўлиши мумкин.
Ташкилот томонидан (мулкчилик шаклидан қатъии назар) қонунга хилоф равишда тадбиркорлик фаолияти амалга оширилганда, жавобгарликка хизмат мавқеига кўра ташкилотга доимий, вақтинча ёки махсус ваколат бўйича раҳбарлик қилиш мажбурияти бевосита юклатилган шахс (масалан, юридик шахс ижроия органи раҳбари ёки юридик шахс номидан ишончномасиз ҳаракат қилиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа шахс), шунингдек, амалда ташкилот раҳбарининг мажбурияти ёки вазифаларини бажараётган шахс тортилади.
12. Агар шахс (ташкилот раҳбари ёки ташкилотга доимий, вақтинча ёки махсус ваколат бўйича раҳбарлик қилиш мажбурияти юклатилган шахсдан ташқари) ўз фаолиятини рўйхатдан ўтказмасдан ёки махсус рухсатнома (лицензия) олмасдан амалга ошираётган ташкилот билан меҳнат муносабатларида бўлса, бундай шахс томонидан меҳнат шартномасидан келиб чиқаётган мажбуриятларнинг бажарилиши МЖтК 165, 176, 1763-моддалари ва ЖК 188, 190-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик таркибини ташкил этмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
13. Агар тадбиркорлик фаолиятини махсус рухсатнома (лицензия) олмасдан амалга ошираётган шахс, айни пайтда рўйхатдан ўтишдан ҳам бўйин товласа, унинг ҳаракатлари ЖК 188 ва 190-моддалари мажмуи билан квалификация қилиниши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Қонунга хилоф равишда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланганликда ва бундай фаолият натижасида олинган даромаддан солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўламаганликда айбдор деб топилган шахснинг ҳаракатлари ЖК 188 ёки 190-моддалари билан тўлиқ қамраб олинади ва ЖК 184-моддаси билан қўшимча равишда квалификация қилинишини талаб этмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Шахс даромад олиш мақсади бўла туриб, ЖК бошқа моддаларида жавобгарлик назарда тутилган ноқонуний фаолият билан (масалан, ўқ отар қуроллар, ўқ-дорилар, портловчи моддалар, портловчи ускуналар, гиёҳванд воситалар ёки психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) шуғулланган ҳолларда, унинг қилмиши ЖК 188-моддаси билан қўшимча квалификация қилинишини талаб этмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
131. Тушунтирилсинки, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ жиноятларни содир этган шахслар жиноят оқибатида етказилган зарарни ихтиёрий равишда қоплаган, айбига иқрорлик ва чин кўнгилдан пушаймонлик билдирган ҳолларда, дастлабки тергов органлари ва судлар, ЖК 65, 66, 70, 71-моддаларига асосан уларни тегишлича жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод қилиш масаласини муҳокама қилишлари шарт.
132. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, ЖК 79-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ ЖК 189, 190-моддалари билан судланган шахслардан судланганлик ҳолати муддатидан илгари ЖК 78-моддасида судланганлик ҳолати тугалланиши учун назарда тутилган умумий муддатларнинг камида тўртдан бир қисми ўтганда олиб ташланиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
133. Дастлабки тергов органлари ва судлар Жиноят кодексининг 13-моддасида назарда тутилган ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахснинг аҳволини яхшилайдиган қонун орқага қайтиш кучига эга эканлиги ҳақидаги талабларни оғишмай бажаришлари лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Тушунтирилсинки, Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунининг (бундан буён матнда — Қонун) 5-моддаси қуйидаги:
жиноят ишлари суриштирув, дастлабки тергов органлари ва суднинг иш юритувида (биринчи, апелляция, кассация, назорат инстанцияларида) бўлган;
Кейинги таҳрирга қаранг.
судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки олиб ташланмаган шахсларга нисбатан татбиқ этилади.
134. Қонун кучга киргунга қадар Жиноят кодекси 188, 189-моддалари биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этган, ишлари суриштирув, дастлабки тергов органлари ва суднинг иш юритувида (биринчи, апелляция инстанцияларида) бўлган шахсларга нисбатан жиноят ишлари Жиноят-процессуал кодекси 83-моддаси 2-бандига асосан тугатилиши, мазкур шахслар эса, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 36-моддасида назарда тутилган муддатларга риоя этган ҳолда маъмурий жавобгарликка тортилиши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Жиноят кодекси 188, 189-моддалари биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганлиги учун жазо ўтаётган шахсларга нисбатан жиноят ишлари Жиноят-процессуал кодекси 83-моддаси 2-бандига асосан тугатилиши, мазкур шахслар эса, жавобгарликдан умуман озод қилиниши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Қонун амалга киритилгунга қадар ҳукм қилинган, бироқ жазони ўтаб бўлмаган шахсларга нисбатан, шунингдек судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахсларга нисбатан суд қарорларини Қонунга мувофиқлаштириш масаласи Жиноят-процессуал кодексида белгиланган тартибда юқори инстанция суди томонидан кўриб чиқилади.
135. Бир неча жиноят ёки бир неча ҳукм бўйича судланган шахсларга нисбатан суд қарорларини Қонунга мувофиқлаштиришда судлар шуни назарда тутишлари лозимки, Жиноят кодекси 188, 189-моддалари биринчи ёки иккинчи қисми билан ҳукм қилинган шахслар жавобгарликдан озод қилинган ҳолларда, бир неча жиноят ёки бир неча ҳукм бўйича тайинланган узил-кесил жазо тури ва миқдорини қайта муҳокама қилишлари керак.
(133—135-бандлар Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2015 йил 13 ноябрдаги 18-сонли қарорига асосан киритилган)
Кейинги таҳрирга қаранг.
14. Судлар тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ барча ишларни кўришда, бундай ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имкон берган сабаб ва шарт- шароитларни аниқлашлари ва уларга хусусий ажрим чиқариш йўли билан муносабат билдиришлари керак.
Олдинги таҳрирга қаранг.
15. Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича суди, жиноят ишлари бўйича вилоят ва уларга тенглаштирилган судлар қонунга хилоф равишда тадбиркорлик фаолиятига оид ишлар бўйича суд амалиётини вақти-вақти билан умумлаштиришлари ва йўл қўйилган қонун бузилишларини ўз вақтида бартараф этиш чораларини кўришлари лозим.
(15-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 19 майдаги 16-сонли қарори таҳририда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
16. Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг:
«Тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича суд амалиётининг айрим масалалари ҳақида»ги 2002 йил 25 октябрдаги 26-сонли;
«Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини суд амалиётида қўллаш ҳақида»ги 2001 йил 2 ноябрдаги 25-сонли қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Олий суд раиси Б. МУСТАФАЕВ
Пленум котиби в.б., Олий суд судьяси Ғ. ХИДОЯТОВ
Тошкент ш.,
2013 йил 11 декабрь,
20-сон