Самарқанд вилояти Оқдарё тумани ҳокимининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 14 февралдаги ПҚ-1920-сонли «Обод турмуш йили» Давлат дастури тўғрисида»ги қарори ҳақида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг 2021 йил 7 майдаги 219/30-VI-сонли «Самарқанд вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 25 майдан ўз кучини йўқотади.
2013 йилнинг «Обод турмуш йили» деб эълон қилинганлиги муносабати билан халқимизнинг турмуш даражаси ва сифатини ошириш, фаровонлик, тинчлик ва тотувликни таъминлаш вазифаларини амалга оширишга ресурслар ва имкониятларни сафарбар қилиш, давлат, нодавлат ва жамоат ташкилотларини кенг жалб этиш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 14 февралдаги ПҚ-1920-сонли «Обод турмуш йили» Давлат дастури тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 14 февралдаги ПҚ-1920-сонли «Обод турмуш йили» Давлат дастури тўғрисида»ги қарори раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Мазкур қарор билан:
«Обод турмуш йили» Давлат дастури тасдиқланганлиги, қуйидагилар уни амалга оширишнинг асосий устувор йўналишлари этиб белгиланганлиги:
а) мамлакатда барқарорлик ва хавфсизликни, фуқаролар тотувлигини, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни янада мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари эркинлиги ва манфаатлари муҳофазасини таъминлаш;
б) аҳоли фаровонлиги ва реал даромадларининг изчил ўсишини таъминлаш, иш билан бандликни ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, фермерликни янада ривожлантириш, аҳолини, биринчи навбатда, унинг ижтимоий ночор қатламларини ва кам таъминланган оилаларни давлат томонидан аниқ манзилли муҳофаза қилиш ва уларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш;
в) аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш уларни замонавий ташхис ва даволаш асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш, касалликлар профилактикасини кенгайтириш ҳамда уларни даволашнинг илғор тиббий технологиялари ва методларини жорий этиш, пировард натижада одамларнинг, айниқса болалар ва оналарнинг соғлиғини мустаҳкамлаш;
г) жисмоний ва маънавий соғлом, уйғун камол топган ўсиб келаётган авлодни профессионал, замонавий даражада тайёрланган кадрларни тарбиялаш борасида олиб борилаётган ишларнинг самарадорлигини ҳар томонлама ошириш, таълим савиясини янада такомиллаштириш ва сифатини юксалтириш, таълим муассасаларининг моддий техника базасини мустаҳкамлаш;
д) халқнинг турмуш даражаси ва сифатини янада ошириш, муносиб уй-жой ва ижтимоий-маиший шароитлар яратиш, янги уй-жойлар қуриш, замонавий йўллар ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаларини ривожлантириш, аҳоли пунктларини тоза ичимлик сув, электр энергияси ва иссиқлик билан кафолатли таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш;
е) маҳалла институтини ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг ҳуқуқлари ва ваколатларини кенгайтириш, жойларда иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш, ёш ва эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларга ёрдам беришни яхшилаш, маҳаллалар ва уй-жой мавзеларининг ташқи қиёфасини сифат жиҳатидан яхшилаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш вазифаларини ҳал этишда уларнинг роли ва аҳамиятини ошириш;
ж) оилаларни янада мустаҳкамлаш, аёлларнинг оила ва жамиятдаги роли ва мақомини ошириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш, иш билан бандлигини таъминлаш ҳамда аёлларнинг иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва соҳаларидаги фаолиятини муносиб рағбатлантириш, уларнинг ўз иқтидорини намоён қилиши ва уй-рўзғордаги ишларини енгиллаштириш учун қулай ижтимоий-маиший шароитлар яратиш чора-тадбирларини амалга ошириш.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 13 декабрдаги Ф-3940-сонли «Обод турмуш йили» Давлат дастурини ишлаб чиқиш ва уни амалга оширишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармойишига мувофиқ тузилган Республика комиссиясига «Обод турмуш йили» Давлат дастурининг бажарилишини ташкил этиш ва мониторингини олиб бориш вазифаси юкланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
3. «Обод турмуш йили» Давлат дастури асосида ишлаб чиқилган туманнинг ҳудудий дастури 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
*1—3-иловалар берилмайди.
5. «Обод турмуш йили» ҳудудий Дастурини амалга ошириш бўйича туман комиссияси (Б. Кадиров)га:
10 кун муддатда «Обод турмуш йили» Давлат дастурининг устувор йўналишлари ва тадбирларидан келиб чиққан ҳолда, бўлим, ташкилот, корхона ва муассасалар ҳамда ҳар бир маҳаллаларда «Обод турмуш йили»нинг ҳудудий дастурлари ишлаб чиқилиши ҳамда қабул қилинишини таъминласин;
«Обод турмуш йили» ҳудудий дастурида белгиланган ҳар бир тадбирнинг тўлиқ, сифатли ва ўз вақтида бажарилиши бўйича бўлим, ташкилот, корхона ва муассасалар, туман ҳокимлиги ва нодавлат нотижорат ташкилотлари даражасида ишлар аниқ-пухта мувофиқлаштирилишини ташкил этсин ҳамда дастур амалга оширилиши устидан тизимли назорат ўрнатсин.
6. «Обод турмуш йили» ҳудудий дастури бандларининг бажарилишига масъул этиб тайинланган туман комиссияси аъзолари, тегишли ташкилот, корхона, муассасалар раҳбарлари ҳамда шаҳарча, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларига дастурнинг ҳар бир бандлари бўйича ҳудудий дастур ишлаб чиқиш, бажарилишини таъминлаш ва мониторинг ҳисоботларини ҳар ойнинг 22-санасига қадар туман ҳокимлиги умумлаштириш гуруҳига тақдим этиб бориш юклатилсин.
7. «Оқдарё овози» газетаси (Й. Мухаммадиев)га:
«Обод турмуш йили» Давлат дастурининг мақсади ва вазифаларини, уни амалга оширишнинг асосий йўналишлари ва чора-тадбирларини аҳоли ўртасида мунтазам, тизимли ва кенг ёритилишини;
кенг жамоатчиликнинг Давлат дастури бажарилиши тўғрисида доимий хабардор бўлишини, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, туман ҳокимлиги, нодавлат-нотижорат ташкилотларининг Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларни амалга оширишдаги аниқ ҳиссаси ёритилишини таъминласинлар.
8. Мазкур қарор ижросини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.
9. Мазкур қарор расман эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
Ҳоким Н. БЕРДИБОЕВ
Лойиш ш,
2013 йил 29 июль.,
426-Қ-сон