Жиззах вилояти ҳокимининг
Қарори
Жиззах вилоятидаги аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишларини ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 10 январдаги «Республика аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишларини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 4-сонли қарори (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами, 2013 й., 1-сон, 2-модда) ижросини таъминлаш ҳамда вилоят, туман (шаҳар) аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишларини ташкил этиш ва бошқаришни янада такомиллаштириш, шунингдек маҳаллий бюджетлар харажатларини мақбуллаштириш мақсадида қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 10 январдаги «Республика аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишларини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 4-сонли қарори ижро учун қабул қилинсин.
* 1 ва 2-иловалар берилмайди.
3. Фаолият кўрсатиб турган ободонлаштириш ташкилотлари (бўлинмалари) қайта ташкил этилсин ҳамда уларнинг негизида шаҳар ва туманларда ушбу қарорга 1-2-иловаларда назарда тутилган намунавий тузилмаларга мувофиқ ободонлаштиришнинг тегишли бошқармалари ташкил этилсин.
4 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 10 январдаги «Республика аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишларини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 4-сонли қарори билан тасдиқланган шаҳар ва туманлар ободонлаштириш бошқармалари тўғрисидаги намунавий низом асосида ободонлаштириш бошқармалари ҳақидаги низомлар тасдиқлансин.
5. Ободонлаштириш бошқармаларига жой ажратилсин ва зарур ҳолларда улар маъмурий ва ишлаб чиқариш биноларига жойлаштирилсин ҳамда малакали мутахассислар, муҳандис-техник ва ишлаб чиқариш ходимлари билан таъминлансин.
6. Шаҳарсозлик ҳамда санитария меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ ободонлаштириш объектларини сақлаш ва улардан фойдаланиш ишларини ўз вақтида ва сифатли бажариш шаҳар ва туманлар ободонлаштириш бошқармаларининг асосий вазифалари этиб белгилансин.
Уларнинг асосий вазифаларига қуйидагилар киритилсин:
кўчалар, скверлар, хиёбонлар, ёдгорлик мажмуалари ва умумий фойдаланиладиган бошқа кўкаламзор худудларини кўкаламзорлаштириш, дов-дарахтларни парвариш қилиш бўйича агротехник талабларини ўтказиш, уларнинг зараркунандалари ва касалликларига қарши курашиш;
йўл-кўприк хўжалигини (кўчалар, йўлаклар, қатнов қисмининг йўл қопламаси, бекат кўтармалари, ер ости ўтиш жойлари, кўприклар, транспорт чорраҳалари ва йўл ўтказгичлар, ён бардюрлар, сув чиқариб юбориш тармоқлари ва сунъий иншоотлар) сақлаш, мукаммал ва жорий таъмирлаш;
хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини сақлаш, мукаммал ва жорий таъмирлаш;
дренаж хўжалиги (вертикал ва горизонтал қудуқлар, очиқ ва ёпиқ коллекторлар, сунъий ҳавзалар, ер ости ва ёмғир сувларини ҳайдайдиган насос станциялари) ва фаввораларни сақлаш, мукаммал, жорий таъмирлаш ва улардан фойдаланиш бўйича бошқа ишлар;
электр энергиясини тежаш мақсадида замонавий асбоб-ускуналар ва технологияларни жорий этган ҳолда йўллар ва кўчаларнинг ташқи ёритиш тармоқларини сақлаш, мукаммал ва жорий таъмирлаш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича бошқа ишлар;
назоратсиз, шу жумладан эгасиз итлар, мушуклар ва йиртқич ҳайвонларни ветеринария-санитария қоидаларига риоя қилган ҳолда тутиш ва давлат ветеринария бўлинмаларига олиб келиш;
экология меъёрларига, санитария, шаҳарсозлик меъёрлари ва қоидаларига ҳамда бошқа меъёрлари ва қоидаларга мувофиқ дафн этиш жойлари (қабристонлар) ва қабр устига ўрнатилган ёдгорликларни сақлаш ва фойдаланиш;
мавсумий талабларни ҳисобга олган ҳолда ободонлаштириш объектларини санитария жиҳатдан тозалаш.
7. Шаҳар ва туманларда ободонлаштириш бошқармаларини қайта тузиш ва ташкил этиш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича 3-иловага* мувофиқ ишчи гуруҳи ташкил этилсин.
* 3-илова берилмайди.
Ишчи гуруҳ (Б. Соатов) ушбу қарорни амалга ошириш юзасидан жойларда давлат ҳокимияти органлари ишини мувофиқлаштирилишини таъминласин ва уларга зарур методик ёрдам кўрсатсин.
8. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг ўринбосари Б. Соатов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким С. ИСМАИЛОВ
Жиззах ш.,
2013 йил 8 август,
179-сон