Жиззах вилояти ҳокимининг
Қарори
Бозорлар ва савдо комплекслари маъмурияти томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўлови ва кўрсатиладиган хизматлар қийматининг янги миқдорларини белгилаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 апрелдаги ПҚ-1326-сонли «Деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 йил, 17-сон 131-модда) 4-банди ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2013 йил 7 январдаги 1-сонли, Давлат солиқ қўмитасининг 2013 йил 7 январдаги 2013-1-сонли «Бозорлар ва савдо комплексларининг маъмурияти томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўлови ва кўрсатиладиган хизматлар қийматининг минимал миқдорларини белгилаш тўғрисида»ги (рўйхат рақами 2412, 2013 йил 16 январь) қарорига асосан, шунингдек бозорларда нақд пулдаги ҳисоб-китобларни тартибга солиш, сотувчилар ва харидорларга яратилган шарт-шароитларни янада яхшилаш ҳамда маҳаллий бюджетга тушумларни кўпайтириш мақсадида қарор қиламан:
1. Вилоят ҳокимлиги Молия бошқармаси ҳамда Давлат солиқ бошқармасининг бозорлар ва савдо комплекслари маъмурияти томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўлови ва кўрсатиладиган хизматлар қиймати миқдорларига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Вилоятдаги бозорлар ва савдо комплекслари томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўлови ва кўрсатиладиган хизматлар қиймати миқдорлари 1, 2 ва 3-иловаларга* мувофиқ тасдиқлансин ҳамда Жиззах шаҳар ва туманлардаги бозорлар ва савдо комплексларида бир марталик йиғимлар, ижара ва кўрсатиладиган хизматлар учун тўловларнинг ундирилиши янги миқдорларга асосан амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.
*1, 2 ва 3-иловалар берилмайди.
3. Вилоят Давлат солиқ бошқармаси билан биргаликда бозорлар ва савдо комплекслари уюшмаси (Қ.Ҳошимов) бир марталик йиғимлар, ижара тўлови ва кўрсатиладиган хизматлар қиймати миқдорлари тўғрисидаги маълумотларни бозорлар ва савдо комплекслари ҳамда уларга қарашли филиалларига кириладиган барча жойларга осиб қўйилишини таъминласинлар.
4. Вилоят ҳокимлиги молия бошқармаси (Б.Ўралов), Давлат солиқ бошқармаси (А.Мустанов), Давлат солиқ қўмитасининг бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш бош бошқармасининг вилоят бўлими (Ж.Ахбўтаев), вилоят бозорлар ва савдо комплекслари уюшмаси (Қ.Ҳошимов), шаҳар ва туманлар ҳокимликларига;
бир марталик йиғимлар, ижара ва кўрсатиладиган хизматлар учун тўловларнинг ҳолати бўйича мониторинг юритиш ва натижаси юзасидан вилоят ҳокимлигига аниқ таклифлар киритиб бориш;
бир марталик йиғимлар, ижара ва кўрсатиладиган хизматлар учун тўловларининг янги миқдорларини тўғри қўлланилиши ҳамда тўлиқ ундирилиши ва бозорлар даромадларининг белгиланган қисмини маҳаллий бюджетга ўз вақтида ўтказилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш вазифалари топширилсин.
5. «Жиззах ҳақиқати» ва «Джизакская правда» газеталари таҳририяти (Б.Назаров) мазкур қарорни газетада чоп этилишини таъминласин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Кенжаев зиммасига юклатилсин.
Ҳоким С. ИСМАИЛОВ
Жиззах ш,
2013 йил 26 июль,
168-сон