Жиззах вилояти Бахмал туман ҳокимининг
Қарори
Туманда бўш иш ўринлари ярмаркасини ўтказиш ҳақида
Туманда янги иш жойларини ташкил этиш, ёшларни иш билан таъминлаш, миллий ҳунармандчиликка ўқитиш ва касбга йўналтириш ишларини янада яхшилаш мақсадида қарор қиламан:
1. Туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказининг «Бўш иш ўринлари ярмаркаси»ни ўтказиш ҳақида таклифи маъқуллансин.
2. «Бўш иш ўринлари ярмаркаси»ни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* Илова берилмайди.
3. Туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази (И. Холмирзаев) «Бўш иш ўринлари ярмаркаси»ни ташкилий жиҳатдан юқори савияда ўтказилиши юзасидан тегишли чора-тадбирларни амалга оширсин.
4. Мулкчилик шаклидан қатъи назар, бўш иш ўринлари мавжуд бўлган барча ташкилотларнинг ўз фаолиятлари тўғрисидаги тарғибот-ташвиқот кўргазмалари билан фаол иштирок этишлари таъминлансин.
5. Бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкилий жиҳатдан юқори савияда ўтишига иштирок этувчи корхона ва ташкилот раҳбарлари шахсан масъул эканлиги белгилаб қўйилсин.
6. Туман ички ишлар бўлими (Ф. Тўйчиев), Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими в. б. (У. Эргашев), «Камолот» ЁИХ туман кенгаши (З. Боймуродов), Маданият ва спорт ишлари бўлими бошлиғи (Б. Дониёров), «Маҳалла» хайрия жамғармаси (Т. Пардаев) фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан узвий ҳамкорликда ёшларни, жазони ўташ жойидан озод қилинганларни ҳамда вақтинчалик бир марталик иш изловчи шахсларни «Бўш иш ўринлари ярмаркаси»га кенг жалб қилинишини таъминласин.
7. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раислари, Кўникма маркази ҳамда «Камолот» ЁИХ туман Кенгаши ўз ҳудудларида мавжуд иш билан банд бўлмаган фуқароларни, жумладан вояга етмаган ёшларни ва жазодан озод қилинган шахсларни ярмарка ўтказилаётганлиги ва унинг моҳиятини тушунтирган ҳолда иштирокини ташкил қилиш, ярмарканинг ўтиши ва унинг якуни ҳақида туман ҳокимлигига маълумот бериш вазифаси юклатилсин.
8. «Бахмал ҳаёти» газетаси (Т. Бердиев)га «Бўш иш ўринлари ярмаркаси»ни тайёрлаш ва ўтказиш билан боғлиқ ишларни ёритиб бориш тавсия этилсин.
9. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокими ўринбосари О. Абдурахимов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким Б. ИЗБАСАРОВ
Ўсмат ш.,
2013 йил 15 июнь,
438-сон