Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар ҳокимининг
Қарори
Каттақўрғон шаҳар ҳудудида мавжуд транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида
Мазкур қарор Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар ҳокимининг 2014 йил 15 февралдаги 98-қ-сонли «Шаҳар ҳудудидаги юридик ва жисмоний шахсларга тегишли автомототранспорт воситалари ва уларга тиркамаларни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш ҳақида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низом ижросини таъминлаш ҳамда Каттақўрғон шаҳар ички ишлар бўлимининг 2013 йил 5 январдаги 1-сонли хатини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасига асосланиб қарор қиламан:
1. Шаҳар ҳудудида жойлашган барча юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган транспорт воситалари мажбурий техник кўрикдан ўтказилсин.
*1 ва 2-иловалар берилмайди.
3. Транспорт воситалари қуйидаги даврийликка мувофиқ техник кўрикдан ўтказилсин:
тижорат асосида йўловчилар ташиш учун фойдаланиладиган енгил автомобиллар, автобуслар ва ўтириладиган жойлар сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган, одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари, йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус транспорт воситалари ва уларга тиркамалар — бир йилда икки марта;
ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан кўп бўлмаган транспорт воситалари — икки йилда бир марта;
ишлаб чиқарилган йилини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан ортиқ бўлган транспорт воситалари, шунингдек ишлаб чиқарилган вақти аниқланмаган транспорт воситалари — бир йилда бир марта;
тиркамалар кўрикка транспорт воситаси — шатакчи учун белгиланган муддатларда тақдим этилади.
4. Қарорнинг 3-бандида кўрсатилган транспорт воситаларининг техник кўриги:
биринчи марта — 1 март — 30 июнда;
иккинчи марта — 1 сентябрь — 31 октябрда ўтказилсин.
Юридик шахсларга тегишли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 1 март — 30 июнда;
Жисмоний шахсларга тегишли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 1 январь — 31 август кунлари ўтказилсин.
5. Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш шаҳар комиссияси раҳбарига:
транспорт воситаларининг техник ҳолати, улардан фойдаланиш нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан самарали назоратни ташкил этиш;
транспорт воситаларининг техник ҳолати ва ускуналари йўл ҳаракати хавфсизлиги стандартлари, қоидалари, нормаларига мувофиқлигини баҳолаш юклатилсин.
6. Шаҳардаги барча транспорт воситалари эгалари бўлган юридик ва жисмоний шахсларга транспорт воситаларини техник паспорти билан биргаликда техник кўрикдан ўтказилишини, уларнинг техник жиҳатдан созлигини ва ўз вақтида режа жадвал асосида кўрикдан ўтказиш мажбурияти юклатилсин.
7. Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сон «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори 3-бандига кўра Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлигининг ички ва соқчилик қўшинлари, Миллий хавфсизлик хизматининг ҳарбий бўлинмалари транспорт воситалари кўрсатиб ўтилган идоралар томонидан белгиланган тартибда мажбурий техник кўрикдан ўтказилиши инобатга олинсин.
8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Ш. Раҳмонов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким С. РАЗЗАҚОВ
Каттақўрғон ш.,
2013 йил 28 март,
219-Қ-сон