хоразм вилояти Шовот тумани ҳокимининг
Қарори
2013 йилда ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этиш тўғрисида
Мазкур қарор Хоразм вилояти Шовот тумани ҳокимининг 2014 йил 31 мартдаги 405-сонли «2014 йилда ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунининг 22-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 19 июлдаги 353-сонли қарори билан тасдиқланган «Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш тўғрисида»ги низомга асосан қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 19 июлдаги 353-сонли қарори билан тасдиқланган «Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш тўғрисида»ги низомнинг 5-бандига мувофиқ 2013 йилда ишсиз деб эътироф этилган фуқаролар учун ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этиш 1-иловага* мувофиқ корхона, ташкилот ва фермер хўжаликларига юклатилсин, шунингдек мавсумий ишларда ҳақ тўланадиган жамоат ишлари ташкил қилувчи ҳўжаликлар 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1 ва 2-иловалар берилмайди.
2. Туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази (А. Тажиев)га иловада келтирилган корхона, ташкилот ва фермер хўжаликлари билан тегишли шартномалар тузиб, ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этиш вазифаси топширилсин.
3. Тегишлича корхона, ташкилот ва фермер хўжаликлари раҳбарлари:
ташкил этиладиган ҳақ тўланадиган жамоат ишларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 19 июлдаги 353-сонли қарори билан тасдиқланган «Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этиш тартиби тўғрисида»ги низомга мувофиқ белгиланган тартибда ишсиз деб эътироф этилган фуқаролар учун уларнинг махсус дастлабки касб тайёргарлигини талаб қилмайдиган, меҳнат фаолиятининг вақтинча турларига мувофиқ бўлишини;
туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази томонидан юборилган фуқароларни ҳар ой давомида камида икки ҳафта муддатга ҳақ тўланадиган жамоат ишлари билан таъминланишини;
туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази томонидан юборилган фуқаро билан иш берувчи муддатли меҳнат шартномаси тузсин ва амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилишини таъминласин;
туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази томонидан юборилган фуқаро билан иш берувчи муддатли меҳнат шартномаси тузишда, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинган фуқаролар меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари, Шовот туман ҳокимлигига қарашли корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар бўйича — эллик фоизи иш берувчилар маблағлари ва эллик фоиз маҳаллий бюджет ва иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобига;
бошқа корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар бўйича — етмиш беш фоизи иш берувчилар маблағлари ва йигирма беш фоизи иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширилсин.
4. Туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази (А. Тажиев) бир ҳафта мобайнида қарорнинг 1-иловада* кўрсатилган корхона, ташкилот ва фермер хўжаликлари раҳбарлари эътиборига етказсин ва қарорнинг бажарилиши устидан қатъий назорат ўрнатилишини таъминласин.
5. Қарор расмий эълон қилинсин ва давлат ҳисобига олиш учун адлия бошқармасига тақдим этилсин.
6. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари Ш. Нарбаев зиммасига юклатилсин.
Ҳоким Қ. КУРЯЗОВ
Шовот ш.,
2013 йил 2 март,
191-сон