Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ҳаво кемалари паркини янгилаш ва унификациялаш инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида эҳтиёт двигатели ва биринчи «Боинг 767-300ER» самолётини етказиб бериш муддатларини ўзгартириш чора-тадбирлари тўғрисида
«Боинг» (АҚШ) компанияси ишлаб чиқарувчи «Боинг 767 300ER» самолётлари билан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ҳаво кемалари паркини янгилашни давом эттириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК томонидан илгари қабул қилинган қарорлар ва тузилган шартномаларга мувофиқ, ҳаво кемалари паркини янгилаш ва унификация қилиш инвестиция лойиҳасининг иккинчи босқичи доирасида тўртта «Боинг-767 300ER» самолёти ҳамда уларга захира двигателни сотиб олиш учун 86,45 млн. АҚШ доллари миқдорида аванс тўловлари амалга оширилган, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси кредитлари ҳисобидан — 79,05 млн. АҚШ доллари, компаниянинг ўз маблағлари ҳисобидан — 7,40 млн. АҚШ доллари;
«Боинг» компанияси ишлаб чиқаришдаги чекловлар туфайли «Боинг 767 300ER» самолётининг биринчи нусхасини етказиб бериш муддатини 2011 йил ноябрдан 2012 йил январга кўчириш таклифини киритган;
«Боинг» компанияси биринчи «Боинг 767 300ER» самолётини етказиш муддатининг кўчирилиши учун компенсация сифатида самолёт қиймати эскалациясини 2011 йил ноябрь даражасида маҳкамлаш ва 1,2 млн. АҚШ доллари миқдорида қўшимча кредит меморандуми (чегирма)ни тақдим этишни таклиф қилган.
2. Қуйидаги таклифга розилик берилсин:
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг «Боинг 767 300ER» самолётининг биринчи нусхасини етказиб бериш муддатини 2011 йил ноябрдан 2012 йил январга кўчириш, аввалги аванс тўловлари жадвалини сақлаб қолган ҳолда, «Боинг» компанияси таклиф этган компенсация шартлари асосида, компания томонидан бериладиган 1,2 млн. АҚШ доллари миқдоридаги қўшимча кредит меморандуми (чегирма)ни самолёт қийматининг бир қисмини тўлашга йўналтирган ҳолда;
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК томонидан «Пратт энд Уитни» (АҚШ) компанияси ишлаб чиқарувчи «PW4062» маркали захира двигателини етказиб бериш муддатини 2011 йил декабрдан 2012 йил январга кўчириш, двигатель нархини оширмаган ҳолда.
3. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК белгиланган тартибда «Боинг» ва «Пратт энд Уитни» компаниялари билан самолётнинг биринчи нусхаси ҳамда захира двигателини юқорида кўрсатилган шартларда етказиб бериш муддатларини кўчиришни назарда тутувчи қўшимча битимлар тузсин.
5. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2012 йил 16 январь,
10-сон
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 январдаги 10-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 2 июндаги «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ҳаво кемалари паркини янгилаш ва унификация қилиш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чоралари тўғрисида»ги қарорига киритилаётган
ЎЗГАРТИРИШЛАР
«Етказиб бериш муддатлари» устунида «Боинг 767 300ER» самолётининг биринчи нусхасига нисбатан «2011 йил ноябрь» сўзлари «2012 йил январь» сўзларига алмаштирилсин;
«Етказиб бериш муддатлари» устунида «Боинг 767 300ER» самолётлари учун захира двигателга нисбатан «2011 йил декабрь» сўзлари «2012 йил январь» сўзларига алмаштирилсин.