Самарқанд вилояти Булунғур тумани ҳокимининг
Қарори
Туманда транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг 2021 йил 7 майдаги 219/30-VI-сонли «Самарқанд вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 25 майдан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низом ижросини таъминлаш ҳамда туман ички ишлар бўлимининг 2013 йил 18 январдаги 43/133-сонли хатини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддасига асосланиб қарор қиламан:
1. Туман ҳудудида жойлашган барча юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган транспорт воситалари мажбурий техник кўрикдан ўтказилсин.
*1-2-иловалар берилмайди.
3. Транспорт воситалари қуйидаги даврийликка мувофиқ техник кўрикдан ўтказилсин:
тижорат асосида йўловчилар ташиш учун фойдаланиладиган енгил автомобиллар, автобуслар ва ўтириладиган жойлар сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган, одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари, йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус транспорт воситалари ва уларга тиркамалар — бир йилда икки марта;
ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан кўп бўлмаган транспорт воситалари — икки йилда бир марта;
ишлаб чиқарилган йилини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан ортиқ бўлган транспорт воситалари, шунингдек ишлаб чиқарилган вақти аниқланмаган транспорт воситалари — бир йилда бир марта;
тиркамалар кўрикка транспорт воситаси — шатакчи учун белгиланган муддатларда тақдим этилади.
4. Қарорнинг 3-бандида кўрсатилган транспорт воситаларининг техник кўриги:
биринчи марта 1 март — 30 июнда;
иккинчи марта 1 сентябрь — 31 октябрда ўтказилсин.
Юридик шахсларга тегишли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 1 март — 30 июнда;
Жисмоний шахсларга тегишли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 1 январь — 31 август кунлари ўтказилсин.
5. Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш туман комиссияси раҳбарига:
транспорт воситаларининг техник ҳолати, улардан фойдаланиш нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан самарали назоратни ташкил этиш;
транспорт воситаларининг техник ҳолати ва ускуналари йўл ҳаракати хавфсизлиги стандартлари, қоидалари, нормаларига мувофиқлигини баҳолаш юклатилсин.
6. Тумандаги барча транспорт воситалари эгалари бўлган юридик ва жисмоний шахсларга транспорт воситаларини техник паспорти билан биргаликда техник кўрикдан ўтказилишини, уларнинг техник жиҳатдан созлигини ва ўз вақтида режа жадвал асосида кўрикдан ўтказиш мажбурияти юклатилсин.
7. Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сон «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори 3-бандига кўра Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлигининг ички ва соқчилик қўшинлари, Миллий хавфсизлик хизматининг ҳарбий бўлинмалари транспорт воситалари кўрсатиб ўтилган идоралар томонидан белгиланган тартибда мажбурий техник кўрикдан ўтказилиши инобатга олинсин.
8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Э. Ўролов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким Х. АБЖАЛОВ
Булунғур т.,
2013 йил 9 март,
151-қ-сон