СИРДАРЁ ВИЛОЯТИ Мирзаобод туман ҳокимининг
ҚарорИ
Мирзаобод туманида 2013 йилда касаначилик уй меҳнатини ташкил қилиш бўйича туман дастурини тасдиқлаш тўғрисида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг 2021 йил 28 майдаги 150/22-6-сонли «Сирдарё вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 12 июндан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Йирик саноат корхоналари билан касаначиликни ривожлантириш асосидаги ишлаб чиқариш ва хизматлар ўртасида кооперацияни кенгайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2006 йил 5 январдаги ПФ-3706-сонли Фармонини амалга ошириш мақсадида, Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 11 январдаги 4-сонли қарори ижросини таъминлаш, туманда иш билан банд бўлмаган аҳолини уйда маҳсулотлар ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш ишларини бажаришга жалб этиш учун иш берувчиларга реал рағбатлар яратиш, касаначиларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган ижтимоий ва меҳнат кафолатларини янада яхшилаш мақсадида қарор қиламан.
1. Туманда 2013 йилда касаначилик уй меҳнатини ташкил қилиш дастури 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
2. Туманда корхоналар билан уйда маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган ва хизматлар кўрсатадиган фуқаролар ўртасида кооперацияни мувофиқлаштириш, қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича ишчи комиссия тузилсин ва унинг таркиби 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1 ва 2-иловалар берилмайди.
3. Туман ишчи комиссияси раиси (Д. Султонов)га:
белгиланган режани қатъий бажарилишини назорат қилиш;
ҳар ой якуни билан дастур ижроси бўйича ишчи гуруҳ йиғилишларини ўтказиб, корхоналар кесимида таҳлил олиб бориш;
касаначиларнинг доимий иш билан таъминланиши билан боғлиқ бўлган муаммоларни яъни хом ашё ишлаб чиқариш жиҳозлари билан таъминлашни, ойлик иш ҳақларининг ойма-ой белгиланишини назоратга олиш топширилсин.
4. 2013 йилда касаначилик уй меҳнатини ташкил қилиш бўйича туман дастурига киритилган корхона, ташкилот ва хўжалик раҳбарларига:
дастурда белгиланган режа топшириқларнинг бажарилиши бўйича шахсан жавобгар эканликлари уқтирилсин.
ҳар ой якуни билан касаначилик уй меҳнатини ташкил қилиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан хар бир яратилган касаначи иш ўрни, ишга қабул қилинган касаначи билан тузилган шартнома нусхаси, ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқлардан кўчирма, касаначига тўланган иш ҳақи ведомости нусхаси, касаначига етказиб берилган хом ашё ва улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулот тўғрисидаги маълумотларни туман ишчи гуруҳига тақдим қилиш топширилсин.
5. Туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази директори (Ш. Шойимов)га:
касаначилик уй меҳнати билан шуғулланаётган фуқароларга нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунларга риоя қилиниши устидан назоратни таъминлаш;
қарор ижросини таъминлаш бўйича ўтказилган мониторинг натижалари 2 нусхада туман ҳокимлигига тақдим қилиб бориш вазифаси юклатилсин.
6. Туман статистика бўлими бошлиғи (Д. Рустамов)га туман ҳокимлигига корхоналарнинг касаначилик меҳнати билан банд бўлган ходимлар сони тўғрисидаги маълумотларни белгиланган муддатларда тақдим этиши таъминласин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилиши назоратини туман ҳокими ўринбосари Д. Султанов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким А. ХУСАНБОЕВ
Наврўз ш.,
2013 йил 23 январь,
228-сон