Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«Жанубий Кемачи конини обод қилишни якунлаш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Жанубий Кемачи нефт-газ конденсати конидан суюқ углеводородларни максимал даражада ажратиб олишни янада таъминлаш ҳисобига углеводород хомашёси ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси қуйидагиларни назарда тутувчи «Жанубий Кемачи конини обод қилишни якунлаш» инвестиция лойиҳасини босқичма-босқич амалга ошираётганлиги маълумот учун қабул қилинсин:
I босқичда (қурилиш муддати — 2016-йил) капитал қўйилмалар ҳажми 359 322,84 минг АҚШ долларига тенг бўлган газни қазиб олиш, ташиш, тайёрлаш ва «сайклинг-жараён» қатламига қайта ҳайдаш объектларини қуриш;
инвестиция лойиҳасининг II босқичи доирасида 37 та фойдаланиш қудуғи ва сиқув компрессор станциясини қуриш.
2. Қуйидагилар «Жанубий Кемачи конини обод қилишни якунлаш» инвестиция лойиҳасининг I босқичини амалга оширишни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
«Ўзбекнефтгаз» МХКнинг 326 307,66 минг АҚШ долларига тенг миқдордаги ўз маблағлари;
Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг «Ўзсаноатқурилишбанк» очиқ акциядорлик тижорат банки орқали қайта молиялаштириладиган импорт асбоб-ускуналар ва материаллар сотиб олиш учун ажратиладиган 33 015,18 минг АҚШ долларига тенг миқдордаги кредити 7 йил муддатга, шу жумладан 2 йил имтиёзли давр билан, йиллик 4,0 фоиз ставкаси билан, шу жумладан қайта молиялаштирувчи банкнинг йиллик 1,0 фоиз миқдоридаги маржаси билан.
3. Белгилаб қўйилсинки:
«Ўзбекнефтгаз» МХК қарз олувчи ва кўрсатиб ўтилган инвестиция лойиҳасини амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ажратиладиган кредитидан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун масъул бўлган ижро этувчи орган ҳисобланади;
Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси кредитини қайтариш ва унга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ харажатлар «Ўзбекнефтгаз» МХКнинг ўз маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
4. Қуйидагилар:
«Жанубий Кемачи конини обод қилишни якунлаш» инвестиция лойиҳасининг (I босқич) асосий техник-иқтисодий параметрлари билан биргаликдаги техник-иқтисодий асосланиши 1-иловага* мувофиқ;
«Жанубий Кемачи конини обод қилишни якунлаш» инвестиция лойиҳаси (I босқич) бўйича Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси кредитини сўндиришнинг прогноз жадвали 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1- ва 2-иловалар берилмайди.
5. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси белгиланган тартибда лойиҳа ҳужжатларининг давлат экспертизасидан ўтказилишини таъминласин ва «Жанубий Кемачи конини обод қилишни якунлаш» инвестиция лойиҳасини (I босқич) амалга ошириш доирасида қурилиш-монтаж ишларининг бажарилиши сифати устидан давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.И. Ибрагимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2013 йил 5 сентябрь,
241-сон