Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
2001 йилда шоли экиладиган майдонлар ва ялпи шоли ҳосили тўғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, республика аҳолисининг гуручга бўлган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликларининг 2001 йилда шоли экиладиган майдонлар, шоли етиштириш ва уни давлат ресурсларига топшириш ҳажмлари тўғрисидаги таклифига 1-иловага мувофиқ розилик берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 25 майдаги 417-сон қарорига мувофиқ Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари хўжаликларида шоли экишнинг мақсадга мувофиқ эмас деб эътироф этилгани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги «Ўздонмаҳсулот» давлат-акциядорлик корпорацияси, Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2001 йилда шолининг юқори ҳосилли, эртапишар навларининг қулай агротехник муддатларда экилишини таъминласинлар. Шу билан бирга шоли экиладиган майдонлар сув билан кафолатли таъминланган туманларда жойлаштирилсин. Ер ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида шолини кўчат усулида экиш технологияси кенг қўллансин, бунинг учун мавжуд махсус техника паркидан фойдаланилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларга 2001 йил ҳосилидан уруғлик шоли етиштириш ва «Ўздонмаҳсулот» давлат-акциядорлик корпорацияси корхоналарига етказиб бериш бўйича 2-иловага мувофиқ топшириқ белгилаш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
Белгилаб қўйилсинки, уруғчилик хўжаликлари давлат ресурсларига товарбоп шоли сотишни фақат уруғлик шоли ғамлаш топшириғи бажарилгандан кейингина амалга оширадилар.
4. «Ўздонмаҳсулот» давлат-акциядорлик корпорацияси, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда товарбоп ва уруғлик шоли харид қилиш юзасидан контрактация шартномалари тузилишини 2001 йил 1 февралгача таъминласинлар.
5. «Ўздонмаҳсулот» давлат-акциядорлик корпорацияси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳисоб-китоб жамғармаси 2001 йил 1 августгача шоличилик хўжаликларига товарбоп ва уруғлик шоли давлат харидлари умумий суммасининг 50 фоизгачаси миқдорида босқичма-босқич аванс бериб туришни амалга оширсинлар.
6. «Ўздонмаҳсулот» давлат-акциядорлик корпорациясига шоличилик хўжаликларига 2001 йил ҳосили учун давлат ресурсларидаги товарбоп шолидан 19,0 минг тонна уруғлик беришга рухсат этилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда товар ва уруғлик учун харид қилинадиган шолининг харид (шартномавий) нархлари бўйича 2001 йил 1 августгача таклиф киритсин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси И.Ҳ. Жўрабеков ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Т. Холтоев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2001 йил 22 январь,
46-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 22 январдаги 46-сонли қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
2001 йилда шоли экиладиган майдонлар ва шоли етиштириш
| | Экин майдони, минг га | Ҳосилдорлик, га/ц | Ялпи ҳосил, минг тонна | Давлат ресурсларига сотиш, минг тонна |
| Қорақалпоғистон Республикаси | 80,0 | 33,0 | 264,0 | 158,4 |
| вилоятлар: | | | | |
| Сурхондарё | 5,0 | 33,0 | 16,5 | 9,9 |
| Сирдарё | 6,0 | 32,0 | 19,2 | 11,5 |
| Тошкент | 9,0 | 37,8 | 34,0 | 20,4 |
| Хоразм | 25,0 | 40,0 | 100,0 | 60,0 |
| Жами: | 125,0 | 34,7 | 433,7 | 260,2 |
Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 22 январдаги 46-сонли қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
2001 йил ҳосилидан уруғлик шоли етиштириш ва «Ўздонмаҳсулот» давлат-акциядорлик корпорацияси корхоналарига етказиб бериш бўйича
ТОПШИРИҚ
| | | |
(тонна) |
| |
Уруғлик тайёрлаш ҳажми | Ҳаммаси | |
|
юқори репродукциялар (элита, I, II репродукция) |
навдор | ||
| Қорақалпоғистон Республикаси | 1420 | 18580 | 20000 |
| вилоятлар: | | | |
| Сурхондарё | 100 | 1150 | 1250 |
| Сирдарё | 140 | 1610 | 1750 |
| Тошкент | 204 | 2296 | 2500 |
| Хоразм | 506 | 5744 | 6250 |
| Жами: | 2370 | 29380 | 31750 |