Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Судьяларни ижтимоий муҳофаза қилишни ва ушбу лавозимга номзодларни ўқитишнинг ташкилий асосларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида» 2012 йил 30 ноябрдаги ПФ-4486-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек судьяларни ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Белгилаб қўйилсинки:
ваколатлари муддати тамом бўлган судьялар учун ваколатларнинг янги муддатига қайта тайинлаш (қайта сайлаш) учун уларнинг ҳужжатларини кўриб чиқиш даврида ёхуд янги иш жойида ишга жойлашгунигача ўртача ойлик иш ҳақи уч ойдан ортиқ бўлмаган муддатга сақлаб қолинади;
Олий суд, Олий хўжалик суди судьяларига ва уларнинг оила аъзоларига тиббий хизмат кўрсатиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Тиббиёт-санитария бирлашмаси муассасаларида таъминланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Белгилансинки:
судьялар лавозимида захирада турган ҳамда махсус курсларда ўқиш ва тегишли судларда стажировкадан ўтиш учун юборилган бошқа шаҳарлик шахсларга ўқиш ва стажировка даврида қонун ҳужжатларида Ўзбекистон Республикаси доирасида хизмат сафарларида белгиланган тартибда ва миқдорларда суткалик пул тўланади, уй-жой ижараси ҳамда ўқиш (стажировка) жойигача бир марталик келиш ва асосий иш жойига қайтиб бориш харажатлари қопланади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази ҳар йили, 1 июлгача Молия вазирлигига махсус курсларда мажбурий ўқишларга, шунингдек тегишли судларда стажировкага юборилган шахслар сони тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.И. Икрамов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2013 йил 2 август,
216-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 32-сон, 427-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.01.2018 й., 09/18/34/0605-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 03.03.2025 й., 09/25/135/0208-сон)