Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва
Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида
Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида
Битим
Атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида илмий-техникавий ҳамкорлик қилиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Россия Федерацияси Ҳукумати, бундан кейин Томонлар деб аталувчилар,
Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида давлатлараро муносабатлар, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида 1992 йил 30 майдаги Шартномага ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги қатнашчилари бўлган давлатлар ўртасида «Атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик қилишнинг асосий принциплари тўғрисида» 1992 йил 26 июндаги Битимга амал қилиб,
1968 йил 1 июлдаги Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома тартибини мустаҳкамлашга содиқликни тасдиқлаб,
атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш иқтисодиётни ҳар томонлама ривожлантиришга ва одамлар фаровонлигининг ўсишига ёрдам беришини, шунингдек энг янги илмий-техникавий ишланмаларни, илғор технологияларни жорий этишга ва табиий органик ёқилғи ресурсларини сақлаб қолишга кўмаклашишини қайд этиб,
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги қатнашчилари бўлган давлатларнинг Атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланишдаги ҳамкорликни ривожлантириш, ядро қурилмаларининг хавфсизлигини оширишнинг 1997 йил 17 январдаги истиқбол режасига амал қилиб,
атом энергетикаси, ядро технологиялари, экология, шунингдек ядро, техника ва радиация хавфсизлиги соҳасидаги муаммоларнинг ҳал этилиши учун ўз халқлари ва халқаро ҳамжамият олдидаги жавобгарликни англаб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш, ишлар, хизматлар ва ўзларининг миллий ядро дастурларининг талаблари ва устунликларига мувофиқ ишлаб чиқарилган маҳсулотлар учун ҳисоб-китоб қилиш мақсадида қулай шарт-шароитлар яратиш соҳасида келишилган сиёсатни ишлаб чиқиш учун ўзларининг тегишли ташкилотлари орқали ҳамкорликни ривожлантирадилар ва чуқурлаштирадилар.
Ушбу Битим принципларига амал қилиб, Томонлар ҳамкорликни қуйидаги йўналишлар бўйича амалга оширадилар:
атом энергетикаси соҳасидаги илмий-саноат комплекси объектларини лойиҳалаш, қуриш ва улардан фойдаланиш, радиоактив материаллар ишлаб чиқариш, жумладан Томонларнинг келишиб олинган мавжуд қарорларига нисбатан илгари режалаштириб қўйилган тадбирларни амалга ошириш;
атом энергетикаси ва радиоактив материаллар ишлаб чиқариш соҳасида илмий-саноат комплекси объектлари хавфсизлиги муаммоси бўйича тадқиқотлар олиб бориш;
ускуна, бутловчи буюмлар, асбоблар, эҳтиёт қисмлар ва материаллар, жумладан ядро материаллари ҳамда ёқилғи етказиб бериш;
Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясининг хом ашё ва ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланган ҳолда ядро ёқилғиси циклини такомиллаштириш;
ишлатилган ядро ёқилғисини сақлаш;
майдонларни фойдаланишдан чиқариш, радиоактив қолдиқлардан холи қилиш, тиклаш ёки атом энергетикаси соҳасидаги илмий-саноат комплекси объектларини консервация қилинган ҳолатда сақлаш;
атом энергетикаси соҳасидаги илмий-саноат комплекси объектларининг ядро ва радиация жиҳатдан хавфсизлигини таъминловчи намунавий фойдаланиш ҳужжатларини ва меъёрий-техник ҳужжатларни ишлаб чиқиш;
ядро материалларини ҳисобга олиш ва уларни назорат қилиш ҳамда атом энергетикаси соҳасидаги илмий-саноат комплекси объектларини жисмоний ҳимоя қилишни амалга ошириш;
ядро ва радиация хавфсизлигини давлат томонидан тартибга солиш ҳамда назорат қилиш;
атом энергетикаси, радиоактив материаллар ишлаб чиқариш соҳасида илмий-саноат комплекси объектларининг ядро, радиация ва техник жиҳатдан хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фавқулодда ҳодисаларнинг олдини олиш ва бундай ҳолатлардаги ҳаракатларга оид ишларни олиб бориш;
олдиндан келишиб олинган номенклатура бўйича ускуна, асбоб, буюмлар ва материалларни қабул қилиб олиш;
радиоактив чиқиндилар билан муомала қилиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;
ядро материаллари ва радиоактив моддаларни ташиш, жумладан Томонлар давлатлари ҳудудлари орқали уларнинг транзити;
радиоактив чиқиндилар омборлари ва улар кўмиладиган жойларни ташкил этиш ва улардан хавфсиз фойдаланишни таъминлаш бўйича ишларни олиб бориш;
ядро ва радиация хавфсизлиги бўйича қоидалар ва меъёрларни ҳамда транспорт-жойлаш-ўраш комплектларига сертификат-рухсатномаларни ўзаро тан олиш;
Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси илмий-тадқиқот институтларида ва ўқув-машқ марказларида кадрларни келишилган дастурлар бўйича тайёрлаш.
2-модда
Ушбу Битим билан назарда тутиладиган ҳамкорлик қуйидаги йўллар билан амалга оширилади:
қўшма илмий-техник дастурларни режалаштириш ва ишлаб чиқиш;
қўшма илмий ва техник тадқиқотлар ўтказиш;
атом энергетикаси соҳасидаги ядро қурилмалари ва илмий-саноат комплекси объектларидан фойдаланишда, радиоактив материаллар ишлаб чиқаришда, ядро қурилмалари ускуналарига техник хизмат кўрсатиш ва тузатишда, эҳтиёт қисмлар билан таъминлашда, ускуналар тайёрлаш сифатини назорат қилиш ва уларни қабул қилиб олишда, фавқулодда ҳолатлардаги ҳаракатларга оид тадбирларни ўтказишда кўмаклашиш;
ядро қурилмалари, атом энергетикаси соҳасидаги илмий-саноат комплекси объектларидан хавфсиз фойдаланиш, фавқулодда ҳолатлардаги ҳаракатларга тайёрлик, ходимлар малакаси даражасини баҳолашни биргаликда назорат қилишни амалга ошириш;
ядро қурилмалари ва атом энергетикаси соҳасидаги илмий-саноат комплекси объектларидан фойдаланиш масалалари бўйича тезкор ахборот бериш;
маслаҳатлашишлар ўтказиш ва фан-техника ютуқлари ва ишлаб чиқариш тажрибаси билан танишиш учун мутахассисларни сафарга жўнатиш ва қабул қилиш;
Томонларнинг келишувига кўра ҳамкорликнинг бошқа шаклларидан фойдаланиш.
3-модда
Мувофиқлаштириш ва ушбу Битимнинг бажарилишини назорат қилиш учун Ўзбекистон-Россия қўшма комиссияси тузилади. Бу комиссия ушбу Битимни бажариш давомида ҳамкорликни самарали амалга ошириш, жумладан Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясининг манфаатдор ташкилотлари томонидан таклиф этилган ҳамкорликнинг аниқ лойиҳалари ва дастурларини тасдиқлаш ва лойиҳаларни белгиланган муддатларда амалга ошириш учун ваколатли ташкилотларни аниқлаш учун зарур бўладиган ҳаракатларни қилади ва тавсия этади.
Кўрсатилган комиссия мажлислари мунтазам равишда, лекин йилда камида бир марта навбати билан Ўзбекистон Республикасида ва Россия Федерациясида ўтказилади.
4-модда
Ушбу Битим қоидаларини бажариш учун қуйидагилар ваколатли органлар бўлиб ҳисобланадилар:
Ўзбекистон Томонидан — «Ўзсаноатконтехназорат» давлат қўмитаси;
Россия Томонидан — Россия Федерациясининг Атом энергияси бўйича вазирлиги, Ядро ва радиация хавфсизлиги бўйича Россия Федерал назорати.
5-модда
Ушбу Битимнинг 2-моддасига мувофиқ ишлаб чиқиладиган қўшма дастурлар Томонларнинг ваколатли ҳукумат органлари томонидан тасдиқланади ва қўшма дастурларда белгиланган органлар томонидан уларга ажратилган бюджет маблағлари ва ўз молиявий маблағлари доирасида молиявий жиҳатдан таъминланади.
Ушбу Битим бажарилиши учун Томонларнинг корхоналари ва ташкилотлари ўртасида контрактлар (шартномалар) тузилади.
6-модда
Ўзбекистон Томони қуйидагиларни кафолатлайди:
Россия Федерациясидан импорт қилинадиган ядро материаллари, асбоб-ускуналари, махсус ядровий бўлмаган материаллар ва тегишли технологиялар, шунингдек улар асосида ёки уларни ишлатиш натижасида ишлаб чиқариладиган ядро ва махсус ядровий бўлмаган материаллар, қурилма ва ускуналар Ядро қуролларини тарқатмаслик тўғрисида 1968 йил 1 июлдаги шартномага мос келмайдиган мақсадлар учун, шунингдек ҳар қандай ҳарбий мақсадлар учун қўлланилмайди ва уларни ишлатиш мумкин бўлган бутун вақт мобайнида МАГАТЭ кафолати остида бўлади, агар Томонлар ўртасида бошқа келишув бўлмаса, экспорт қилинмайди ёки учинчи томонга берилмайди.
Россия Федерациясидан олинадиган ядро материаллари қўшимча равишда бойитилмайди ёки қайта ишланмайди;
Россия Федерациясидан етказиб берилган ядро материаллари, радиоактив моддалар ва улар асосида ишлаб чиқарилган буюмлар, асбоб-ускуналар ёки қурилмалар Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ, бироқ МАГАТЭнинг кўзда тутилган тегишли тавсияномаларидан кам бўлмаган даражада жисмоний ҳимоя билан таъминланади.
7-модда
Янгидан ташкил этиладиган техника объектлари, интеллектуал (саноат) мулклар, илмий-техника маҳсулотларига эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф қилиш ҳуқуқи Томонлар давлатлари қонунларига мувофиқ ҳамкорликни амалга оширувчи корхоналар томонидан тузиладиган шартномалар (контрактлар) билан белгиланади.
Томонлар ўзларининг атом энергетикаси соҳасидаги илмий-саноат комплекслари корхоналари ва ташкилотларининг ассоциация, концерн, молия-саноат гуруҳлари, қўшма корхоналарга ва бошқа корхоналарга бирлашишга кўмаклашадилар ва ишлаб чиқариш-хўжалик фаолиятида уларни қўллаб-қувватлайдилар.
8-модда
Ушбу Битим билан назарда тутилган ҳамкорликни амалга ошириш, шу жумладан Ўзбекистон Республикасига янги ядро ёқилғисини етказиб бериш ва кейинчалик радиоактив чиқиндиларни Ўзбекистон Республикасига қайтариш шарти билан ишлатилган ядро ёқилғисини қайта ишлаш учун Россия Федерацияга жўнатиш шартлари ушбу ҳамкорлик ҳудудида амалга оширилаётган Томон давлатининг қонунлари билан, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси корхоналари ва ташкилотлари ўртасида тузилган контрактлар билан белгиланади.
Россия Федерациясидан Ўзбекистон Республикасига ядро ашёларини экспорт қилиб етказиб бериш Ўзбекистон Республикаси томонидан ўзининг барча ядровий фаолиятини МАГАТЭ кафолати остига қўйиши процедуралари тугалланиши билан амалга оширилади.
9-модда
Томонлар шартнома асосида атом энергетикаси соҳасидаги илмий-саноат комплексларининг фаолият кўрсатишлари учун зарур бўлган технологик асбоб-ускуналар, ядро ва бошқа материалларнинг келтирилиши ва олиб кетилиши устидан божхона назоратини амалга оширадилар, ушбу объектларда ишлаш учун жалб қилинадиган мутахассисларнинг ва уларнинг оила аъзоларининг тўсиқсиз кўчишларини таъминлайдилар.
10-модда
Томонлар атом энергетикаси соҳасидаги илмий-саноат комплексларини ядро ва радиация хавфсизлигини таъминлаш бўйича МАГАТЭ тавсияномаларига риоя қиладилар, шунингдек зарур бўлганда келишиб олинган қарорларни ишлаб чиқиш учун маслаҳатлашишлар ўтказадилар.
11-модда
Томонлар ушбу Битимнинг амал қилиш соҳасига кирувчи масалалар бўйича Ўзбекистон ва Россия корхоналари ва ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантирадилар.
Томонлар ушбу Битим доирасида берилаётган ахборотларнинг махфийлигини (жумладан, «ноу-хау» ва тижорат сирларини) сақлашни таъминлаш учун барча зарур чораларни кўрадилар.
Томонлар ушбу Битим қоидаларидан тижорат афзалликлари олиш мақсадида ёки бошқа Томоннинг тижоратчилик алоқаларида қийинчиликлар туғдириш учун фойдаланмайдилар.
Томонлар ўз давлатлари ҳудудлари орқали ядровий материалларни транзит ҳолда ўтказиш билан боғлиқ масалаларнинг ҳал этилишига кўмаклашадилар.
12-модда
Ушбу Битим Томонларнинг улар учинчи томонлар билан тузган битимлардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
13-модда
Томонлар ушбу Битимнинг самарали бажарилишини таъминлаш мақсадида улардан бирининг илтимосига кўра маслаҳатлашишлар ўтказадилар.
14-модда
Ушбу Битимни талқин қилиш ва қўллашда юзага келадиган баҳслар ўзаро маслаҳатлашишлар ва музокаралар йўли билан ёки халқаро амалиётда қўлланиладиган бошқа процедуралар ёрдамида ҳал этилади.
15-модда
Ушбу Битим Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганлари тўғрисидаги охирги билдиришнома олинган санадан бошлаб кучга киради.
Ушбу Битим 5 йилга тузилади ва агар Томонлардан биронтаси ҳам ушбу Битимнинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги ўз ниятини тегишли муддат тугагунга қадар б ой олдин иккинчи Томонни ёзма равишда хабардор қилмаса, у ўз-ўзидан навбатдаги 5 йиллик даврларга узайтирилади.
Ушбу Битимга Томонларнинг ёзма равишдаги розиликлари билан ушбу Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган алоҳида протоколлар билан расмийлаштириладиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
Тошкент шаҳрида 1997 йил 22 декабрда икки нусхада, ҳар бири ўзбек ва рус тилларида тузилди, иккала матн бир хил кучга эга.
(имзолар)