Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Иқтисодий ва молиявий қонунбузарликларга қарши кураш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Озарбайжон Республикаси Ҳукумати, бундан кейин Томонлар деб аталувчилар,
миллий қонунларга амал қилиб ва ўз давлатларининг халқаро мажбуриятларига риоя этиб,
иқтисодий ва молиявий қонунбузарликларнинг олдини олиш, аниқлаш ва пайини қирқиш билан боғлиқ бўлган масалаларнинг самарали ҳал этишга бўлган ўзаро манфаатдорликдан келиб чиқиб,
ушбу мақсадларда ҳуқуқий усулларни ишлатишга муҳим аҳамият бериб,
ҳамкорлик асосида тенглик, ўзаро тушуниш ва ўзаро фойда принциплари ётишини таъкидлаб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Ушбу Битим мақсади бўлиб, молиявий-иқтисодий қонунларни бузишларга қарши самарали курашни ташкил қилиш ва Томонлар давлатларининг ҳудудларига ғайриқонуний ўтказилган валюта бойликлари ва бошқа даромадларни қайтариш мақсадида Томонлар ваколатли органларининг ҳамкорлиги ҳисобланади.
Ушбу Битим амал қилувчи фуқаро ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги, уларда Ўзбекистон Республикаси ёки Озарбайжон Республикаси Томонлардан бири бўлган халқаро битимларга таъсир кўрсатмайди.
2-модда
Томонлар ушбу Битимни бажариш учун масъул ваколатли органларининг рўйхатини белгилайдилар ва уни бир-бирларига маълум қиладилар.
Томонлар ваколатли органларининг расмий номлари ўзгарган ёки улар қайта ташкил қилинган ҳолда улар бу тўғрида бир-бирларини дарҳол хабардор қиладилар.
3-модда
Ушбу Битим доирасида Томонлар қуйидаги ҳамкорлик шаклларидан фойдаланадилар:
молиявий қонунбузарликларнинг олдини олиш, аниқлаш ва пайини қирқиш бўйича чоралар кўришда ўзаро ҳаракат қилиш;
ҳамкорлик жараёнида юзага келадиган масалаларни ҳал этиш бўйича фаолиятни мувофиқлаштириш, жумладан ишчи гуруҳларини ташкил қилиш, вакиллар, экспертлар билан алмашиш ва кадрларни ўқитиш;
молиявий-иқтисодий қонунбузарликларга қарши кураш муаммолари бўйича илмий-амалий конференция ва семинарлар ташкил қилиш ва ўтказиш.
Ушбу Битимни бажариш билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича Томонларнинг ваколатли органлари бир-бирлари билан бевосита алоқада бўладилар.
4-модда
Томонларнинг ваколатли органлари ушбу Битим масалалари бўйича ўз давлатлари қонунларидаги ўзгаришлар тўғрисида бир-бирларига хабар қиладилар.
5-модда
Томонларнинг ваколатли органлари молиявий-иқтисодий қонунларни бузишларга қарши курашни ташкил қилиш мақсадида ахборот тизимларини барпо этиш ва ишлатиш масалалари бўйича ахборот, тажриба, методик ва илмий материаллар билан алмашишни бепул равишда амалга оширадилар.
6-модда
Томонларнинг ваколатли органлари ўз ўқув муассасалари базасида кадрларни ўқитиш ва қайта тайёрлаш масалалари бўйича ҳамкорлик қиладилар, молиявий-иқтисодий қонунларни бузишларга қарши курашнинг долзарб масалалари бўйича қўшма илмий тадқиқотлар ўтказадилар, экспертлар билан алмашадилар.
Ушбу модда доирасидаги ҳамкорликни амалга оширишнинг аниқ шакллари Томонларнинг ваколатли органлари ўртасида тузиладиган тегишли битимлар билан белгиланади.
7-модда
Иқтисодий ва молиявий қонунбузарликларга қарши кураш соҳасида кўмаклашиш тўғрисидаги сўровнома ёзма равишда жўнатилади.
Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда сўровнома оғзаки равишда, кечиктирмасдан уч кун давомида ёзма равишдаги тасдиқномаси билан берилиши мумкин.
Кўмаклашиш тўғрисидаги сўровномада қуйидагилар бўлиши лозим:
сўровчи Томон ваколатли органининг номланиши;
сўралаётган Томон ваколатли органининг номланиши;
сўровноманинг моҳиятининг қисқача баёни ва асосланиши, шунингдек бошқа зарур маълумотлар.
8-модда
Сўровнома у олинган санадан бошлаб, бир ойдан кечиктирмасдан бажарилади. Зарур ҳолда Томонларнинг ваколатли органлари ўртасидаги аҳдлашув бўйича сўровномани бажариш муддати узайтирилиши мумкин.
Сўралаётган Томоннинг ваколатли органи зарур бўлганда қўшимча ахборот сўраши мумкин.
Сўровномани қондиришнинг иложи бўлмаган ҳолда, сўралаётган Томоннинг ваколатли органи дарҳол бу ҳақда сўраётган Томоннинг ваколатли органига хабар беради.
Агар шундай сўровнома бажарилиши сўралаётган Томоннинг суверенитети ёки хавфсизлигига зиён келтирса, ёхуд миллий қонунларига зид келадиган бўлса, сўровномани бажаришни тўлиқ ёки қисман рад этиш мумкин.
Сўровнома бажарилишини рад этишнинг сабаби сўровчи Томоннинг ваколатли органига ёзма равишда етказилади.
9-модда
Сўралаётган Томоннинг ваколатли органи сўровчи Томоннинг мухтор вакилларига, агар бу тегишли давлат қонунларига зид келмаса, сўровномани бажаришда ўз давлатининг ҳудудида иштирок этишга рухсат бериши мумкин.
10-модда
Ахборот олиш учун сўровнома ва унга жавоб Томонларнинг ваколатли органлари ўртасида келишилган тилда тузилади.
11-модда
Томонларнинг ваколатли органлари молиявий қонунбузарликларнинг олдини олиш, аниқлаш ва пайини қирқиш билан боғлиқ бўлган ахборотнинг махфийлигини кафолатлайдилар.
Ушбу Битим доирасида олинган ахборот ахборотни берган ваколатли органнинг ёзма розилигисиз учинчи томонга берилиши мумкин эмас.
12-модда
Ғайриқонуний ўтказилган валюта бойликларини қайтариш механизмини Томонлар ўзаро аҳдлашув бўйича белгилайдилар.
13-модда
Томонларнинг ваколатли органлари ушбу Битимни бажариш билан боғлиқ бўлган харажатларни ўзаро аҳдлашув бўйича қоплайдилар.
14-модда
Томонлар ваколатли органларининг вакиллари зарур бўлганда ушбу Битимнинг бажарилиши билан боғлиқ бўлган масалаларни муҳокама қилиш мақсадида икки томонлама учрашувлар ўтказишлари мумкин.
15-модда
Ушбу Битимга Томонлар ўзаро келишуви бўйича унинг ажралмас қисми бўладиган алоҳида протоколлар билан расмийлаштириладиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
16-модда
Ушбу Битим Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисидаги охирги ёзма билдиришнома олинган санадан кучга киради.
Ушбу Битим Томонлардан бири бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ушбу Битимнинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисидаги ёзма равишдаги билдиришномасини олган санадан бошлаб олти ой ўтгунича ўз кучини сақлайди.
Баку шаҳрида 1998 йил 26 февралда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, озарбайжон ва рус тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш мақсадлари учун рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)