Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Болгария Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Туризм соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Болгария Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар,
туризм икки давлат халқлари ўртасидаги ўзаро тушуниш ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим восита эканлигини англаб,
иккала мамлакатнинг тарихий ва маданий мероси билан яқиндан танишишга ва табиий бойликларини сақлашга кўмаклашиш истагини ифода этиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Аҳдлашувчи Томонлар икки мамлакат ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро фойда асосида Аҳдлашувчи Томонларнинг миллий қонунларига, ушбу Битимга ва Аҳдлашувчи Томонлар иштирок этувчи бошқа халқаро битимларга мувофиқ мустаҳкамлайдилар ва ривожлантирадилар.
2-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўз давлат туристик маъмуриятларининг халқаро туризмни ривожлантиришда иштирок этувчи иккала давлатнинг ташкилот, корхона ва компаниялари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда ривожлантиришдаги фаолиятларини қўллаб-қувватлайдилар ва рағбатлантирадилар.
3-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўз миллий қонунларига мувофиқ туристик алмашиш билан боғлиқ маъмурий расмиятчиликларни соддалаштиришга интиладилар.
4-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ҳам гуруҳлар билан ишлайдиган ташкил қилинган туризм, ҳам икка тартибдаги туризмни кенгайтиришга кўмаклашадилар, спорт анжуманлари, мусиқа ва театр фестиваллари, кўргазмалар, симпозиумлар, конгрессларда иштирок этиш, шу жумладан даволаниш мақсадида ихтисослашган гуруҳлар билан алмашиб турадилар.
5-модда
Аҳдлашувчи Томонлар давлат туристик маъмуриятлари ўртасида туризм соҳасидаги ахборот билан алмашишни рағбатлантирадилар, чунончи:
туризм соҳасини мувофиқлаштирувчи қонун чиқариш ва норматив база тўғрисида;
туристик бозорнинг ҳолати, туризм соҳасидаги тажриба ва ютуқлар тўғрисида;
меҳмонхоналарни ва жойлаштиришнинг бошқа воситаларини бошқариш тажрибаси тўғрисида;
статистика, ахборот ва реклама материаллари билан;
туристик обидалар ҳисобланган табиат ва маданият ресурсларини муҳофаза қилиш ва асраш соҳасидаги миллий қонунлар тўғрисида;
туризм соҳасидаги инвестициялар хусусидаги таклифлар тўғрисида.
6-модда
Аҳдлашувчи Томонлар туризм соҳаси учун профессионал кадрларни тайёрлашда, туризм соҳаси ихтисослиги бўлган илмий ходимлар ва мутахассислар билан алмашишда бир-бирларига ёрдам берадилар, шунингдек иккала давлатнинг мазкур соҳада тадқиқотлар олиб борувчи ташкилотларининг ҳар томонлама алоқаларига ва қўшма фаолиятига кўмаклашадилар.
7-модда
Аҳдлашувчи Томонлар жамоатчиликнинг икки давлатнинг туристик имкониятлари тўғрисида янада кенг маълумотга эга бўлиши мақсадида ўзаро ташрифларга ҳамда мухбир ва журналистлар билан алмашишга кўмаклашадилар.
8-модда
Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида тижорат фаолиятини амалга оширмайдиган туризм ахбороти бўйича расмий ваколатхона очиши мумкин.
Бу ваколатхоналарнинг фаолияти Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги алоҳида битим билан тартибга солинади.
9-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ушбу Битимни бажаришни ўз давлат туристик ташкилотлари зиммасига юклайдилар. Зарур бўлганда ҳамда ушбу Битимни бажариш бўйича фаолиятни мувофиқлаштириш ва икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш мақсадида Аҳдлашувчи Томонлар тенг сонли вакиллардан иборат ишчи гуруҳини тузишлари мумкин.
Ишчи гуруҳининг йиғилишларини ўтказиш жойи ва вақти Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида келишиб олинади.
10-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ушбу Битимни бажариш билан боғлиқ масалалар бўйича бир-бирларини хабардор қилиб борадилар ва, зарур бўлганда, унга қўшимча ва ўзгартишлар киритадилар.
Ушбу Битимга ўзгартиш ва қўшимчалар Аҳдлашувчи Томонларнинг ўзаро розилиги бўйича киритилиши мумкин ҳамда ушбу Битимнинг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланадиган алоҳида протоколлар билан расмийлаштирилади ва 11-модда қоидаларига мувофиқ кучга киради.
11-модда
Ушбу Битим Аҳдлашувчи Томонлар, дипломатик каналлар орқали, ушбу Битим кучга кириши учун уларнинг миллий қонунлари талаб этадиган зарур процедуралар бажарилгани тўғрисида бир-бирларини хабардор қилувчи сўнги хабарнома олинган санадан бошлаб 30 (ўттиз) кун ўтгач кучга киради.
Ушбу Битим 5 (беш) йил муддатга тузилади ва Аҳдлашувчи Томонлардан ҳеч бири Битимнинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида тегишли давр тугашидан 6 (олти) ой илгари бошқа Аҳдлашувчи Томонни хабардор қилмаса, кейинги беш йиллик даврларга ўз-ўзидан узайтирилади.
Ушбу Битимнинг бекор қилиниши, агар Аҳдлашувчи Томонлар бошқача келишиб олмасаларгина, у амал қилган даврда келишилган туризм соҳасидаги дастур ва лойиҳаларнинг бажарилишига дахл қилмайди.
София шаҳрида 1998 йил 24 июнда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, болгар ва рус тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолда рус тилидаги матн устувор кучга эга бўлади.
(имзолар)