Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРНИНГ ХОРИЖИЙ ВАЛЮТАДАГИ ОМОНАТЛАРИНИ РАҒБАТЛАНТИРИШ БЎЙИЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Республика валюта бозорининг бундан буён ҳам эркинлашувини таъминлаш, фуқароларнинг валюта омонатларини очишга бўлган манфаатдорлигини ошириш, банк хизматларининг халқаро амалиёт талабларига мос замонавий турларини ривожлантириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентлари бўлган жисмоний шахсларга мижознинг исм-фамилияси сўралмайдиган усулда эркин муомаладаги хорижий валютада ҳисоб очишга рухсат берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг 1998 йил якунлари бўйича мижознинг исм-фамилияси сўралмайдиган усулда эркин муомаладаги валютада ҳисоб очиш ва уларга хизмат кўрсатиш борасидаги тажрибасини умумлаштириб, уни бошқа ваколатли банклар ўртасида оммалаштирсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Ваколатли банкларга жисмоний шахсларга эркин муомаладаги омонат ҳисоби бўйича операциялар ўтказгани учун омонат ҳисобидаги валютада воситачилик ҳақи ундириб олиш ҳуқуқи берилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Республиканинг ваколатли банкларига:
Кейинги таҳрирга қаранг.
омонатчиларга эркин муомаладаги валюта омонатларини сақлаш ва уларни ҳеч бир шартсиз қайтариб бериш ҳамда омонат ҳисобидаги валютага қўшиладиган фоизларни тўлаш бўйича тегишли кафолатлар бериш;
жисмоний шахсларнинг эркин муомаладаги валютадаги омонатлари бўйича ўзаро фойдали шартлардаги фоиз ставкаларининг янги, ошиб борадиган шкалаларини жорий этиш;
амалдаги қонунчиликка биноан, шахсий омонатлар, улар бўйича амалга ошириладиган операциялар банкда сир сақланишига қатъий риоя қилинишини таъминлаш;
эркин муомаладаги валютада омонатлар очишнинг қулайлиги ва фойдали эканлигини аҳолига етказиш мақсадида зарур тушунтириш ишлари ва реклама тадбирларини ўтказишни ташкил этиш тавсия қилинсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси, Давлат солиқ қўмитаси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар қонунда белгиланган тартибда резидент ва норезидентларнинг омонатлари ҳамда бу омонатлар бўйича ўтказилган операциялар хусусида омонат сирининг очилишига олиб келадиган ғайриқонуний ахборот олишга уринишларнинг олдини олсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси бир ой муддат ичида амалдаги идоравий-меъёрий ҳужжатлар ва йўриқномаларни мазкур Фармон талабларига мувофиқлаштирсин.
6. Мазкур Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ў. Султонов ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Ф. Муллажонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1998 йил 23 сентябрь,
ПФ-2079-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 й., 9-сон, 193-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.07.2020 й., 06/20/6021/1047-сон)