Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Словакия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Ҳаво транспорти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Словакия Республикаси Ҳукумати, қуйида Аҳдлашувчи Томонлар деб аталувчилар,
1944 йилнинг 7 декабрида Чикаго шаҳрида имзолаш учун очилган Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги Конвенциянинг қатнашчилари бўлгани ҳолда, ва
ўзларининг тегишли ҳудудлари ўртасида ва ҳудудлардан ташқарида ҳаво қатновларини йўлга қўйиш ва уларни амалга ошириш мақсадида Битим тузиш истагида,
қуйидагилар хусусида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Атамалар
Атамалар
Агар матнда бошқа мазмун кўзда тутилмаган бўлса, ушбу Битимнинг қўлланилиши ва изоҳлари мақсадида:
а) «Конвенция» атамаси 1944 йилнинг еттинчи декабрида Чикаго шаҳрида имзолаш учун очилган Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги Конвенцияни англатади ва ўша Конвенциянинг 90-моддасига биноан қабул қилинган ҳар қандай Иловани, ҳар икки Аҳдлашувчи Томон учун қай даражада кучга эгалиги ва эътироф этилганлигига қараб, 90 ва 94-моддаларга биноан Конвенцияга ёки унинг Иловаларига киритилган ҳар қандай тузатишни ўз ичига олади;
b) «авиация маъмурлари» атамаси Ўзбекистон Республикасига нисбатан Фуқаро авиациясининг Бош Директорини, Словакия Республикасига нисбатан — Транспорт, почта ва алоқа вазирлигининг Фуқаро авиацияси бўлимини; ёки ҳар икки ҳолда юқорида уқтириб ўтилган маъмурлар бажарадиган вазифани амалга ошириш ваколати берилган ҳар қандай шахс ёки ташкилотни англатади;
с) «тайинланган авиакорхона» атамаси ушбу Битимнинг 2-моддасига мувофиқ белгиланган йўналишлар бўйича халқаро ҳаво қатновларини амалга оширадиган ва ушбу Битимнинг 3-моддасига биноан бир Аҳдлашувчи Томон иккинчи Аҳдлашувчи Томонни ёзма равишда хабардор қилган ҳолда тайинлаган авиакорхонани англатади;
d) «ҳудуд», «ҳаво қатнови», «халқаро ҳаво қатнови», «авиакорхона» ва «нотижорий мақсадларда тўхташ» атамалари Конвенциянинг 2- ва 96-моддаларида кўрсатиб ўтилган маъноларни англатади;
е) «ҳажм» атамаси «келишилган қатновларга» нисбатан шундай қатновларда ишлатилаётган ҳаво кемасининг белгиланган вақт ичида ва йўналиш ёки йўналишнинг бир қисмида амалга оширган ҳамда қатновларнинг такрорийлиги орқали кўпайтирилган иш ҳажмини англатади;
f) «келишилган қатновлар» атамаси ушбу Битимнинг Иловасида белгиланган йўналишлар бўйича йўловчилар, юк ва почтани алоҳида ёки биргаликда ташиш учун жадвалга биноан амалга ошириладиган ҳаво қатновларини англатади;
g) «белгиланган йўналишлар» атамаси ушбу Битимнинг Иловасидаги йўналишлар жадвалида белгиланган йўналишларни англатади;
h) «Илова» атамаси ушбу Битимга киритилган Иловани ёки ушбу Битим 19-моддасининг қоидаларига мувофиқ киритилган тузатишларни англатади. Илова ушбу Битимнинг ажралмас қисми бўлиб, барча Битимга тегишли кўрсатмаларни ўз ичига олади;
i) «тариф» атамаси йўловчилар ва юк ташиш учун тўланадиган қийматни ва ўша қийматлар қўлланадиган қоидаларни англатиб, у ўз ичига ташувчи томонидан ҳаво ташувларини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган бошқа қўшимча хизматлар қийматини ва чипталарни сотиш учун сарфланадиган воситачилик ҳақини олади, бироқ почта ташиш учун тўланадиган хизмат ҳақи ёки қоидалари бундан мустаснодир.
2-модда
Ҳуқуқларни берилиши
Ҳуқуқларни берилиши
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхоналарига белгиланган йўналишлар бўйича халқаро ҳаво қатновларини амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларни беради:
а) бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудидан қўнмаган ҳолда учиб ўтиш;
b) юқорида айтиб ўтилган ҳудудда нотижорий мақсадларда қўниш; ва
с) юқорида айтиб ўтилган ҳудудда Илованинг йўналишлар жадвалида белгиланган йўналишлардаги манзилларда йўловчилар, йўловчилар юки, юк ва почтани тушириш ёки олиш учун тижорий мақсадда қўниш;
2. Ушбу Битимнинг ҳеч қайси бир қоидаси бир Аҳдлашувчи Томон тайинлаган авиакорхонасига ҳақ эвазига ёки ёлланиш йўли билан Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудидаги бир манзилдан иккинчи бир манзилга олиб бориш учун йўловчилар, юк ва почта олиш ҳуқуқини беради деб, қаралмаслиги лозим.
3. Ушбу Битимнинг 3-моддасига мувофиқ тайинланган авиакорхоналардан ташқари ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг авиакорхоналари ушбу модданинг 1-бандининг а- ва b-қисмларида белгиланган ҳуқуқлардан фойдаланади.
4. Ҳаво ҳаракатининг бешинчи эркинлик тижорий ҳуқуқлари ҳар икки Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмурлари ўртасида тузилган махсус шартнома асосидагина берилади.
3-модда
Авиакорхонани тайинлаш ва парвозлар учун рухсатнома бериш
Авиакорхонани тайинлаш ва парвозлар учун рухсатнома бериш
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон келишилган қатновларни амалга ошириш мақсадида битта ёки бир нечта авиакорхоналар тайинлаш ҳуқуқига эгадир. Бундай тайинлаш ҳар икки Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмурлари ўртасида ўзаро ёзма хабарномалар билан алмашилингандан сўнг кучга киради.
2. Бундай тайинлаш тўғрисидаги хабарномани олган авиация маъмурлари ушбу модданинг 3- ва 4-бандлари қоидаларига мувофиқ бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонасига парвозларни амалга ошириш учун зарур бўлган ва шу рухсатномани олаётган Аҳдлашувчи Томоннинг қонун ва қоидаларига зид келмайдиган рухсатномаларни дарҳол беради.
3. Бир Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмурлари бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонасидан у халқаро ҳаво қатновларини амалга ошириш чоғида Конвенциянинг қоидаларига мувофиқ одатда ва оқилона татбиқ этиладиган қонун ва қоидаларда кўрсатилган шартларни бажаришга қодир эканлигини исботловчи далилларни талаб қилишга ҳақлидир.
4. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон авиакорхонани тайинлашни ва ушбу модданинг 2-бандига мувофиқ парвозни амалга ошириш учун зарур бўлган рухсатномаларни беришни рад этиш ҳуқуқига эгадир, ёки Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бири парвоз қиладиган авиакорхонага устун эгалик қилиш ва унинг устидан ҳақиқий назорат ўрнатиш ҳуқуқи авиакорхонани тайинлаган Аҳдлашувчи Томонга ёки унинг фуқароларига қарашли эканлигини исботловчи далилларга эга бўлмаган ҳар қандай ҳолда, ушбу Битимнинг 2-моддасида кўрсатилган ҳуқуқлардан фойдаланиш чоғида бажарилиши зарур деб ҳисобланадиган шартлар ижро этилишини талаб қилиш ҳуқуқига эгадир.
5. Ушбу Битимнинг 2-бандига жавоб берадиган парвозга доир рухсатномаларни олган авиакорхона истаган вақтида келишилган йўллардан фойдаланишни бошлаши мумкин, башарти тарифлар ушбу Битим 13-моддасининг шартларига мувофиқ тасдиқланган бўлиб ўша қатновларга нисбатан кучга эга бўлса ва учиш жадваллари ушбу Битимнинг 15-моддасига биноан тасдиқланган бўлса.
6. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон юқоридаги 1-3-бандларнинг шартларига бўйсунган ҳолда бошқа бир Аҳдлашувчи Томонни ёзма равишда огоҳлантириб биринчи тайинланган авиакорхона ўрнига бошқа бир авиакорхона тайинлаш ҳуқуқига эгадир. Янги тайинланган авиакорхона дастлаб тайинланган авиакорхонанинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларига эга бўлади.
4-модда
Парвоз учун рухсатномаларни бекор қилиш ёки амалда тўхтатиб қўйиш
Парвоз учун рухсатномаларни бекор қилиш ёки амалда тўхтатиб қўйиш
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмурлари бошқа Аҳдлашувчи Томон тайинлаган авиакорхонасига парвозлар учун берилган рухсатномаларни бекор қилиш, ушбу Битимнинг 2-моддасида белгиланган ҳуқуқлардан фойдаланишини бекор қилиш ёки амалда тўхтатиб қўйиш ёки бундай ҳуқуқлардан фойдаланиш чоғида қуйида келтирилган ҳолларда ўзи зарур деб билган шартлар бажарилишини талаб қилиш ҳуқуқига эгадир, агар:
а) авиакорхонага устун даражада эгалик қилиш ва унинг устидан ҳақиқий назорат ўрнатиш ушбу авиакорхонани тайинлаган Аҳдлашувчи Томонга ёки унинг фуқароларига тегишли эканлигига ишончи комил бўлмаган ҳолда; ёки
b) тайинланган авиакорхона ўша ҳуқуқларни берган Аҳдлашувчи Томоннинг одатда ва оқилона татбиқ этиладиган қонун ва қоидаларга риоя этмаса; ёки
с) агар тайинланган авиакорхона келишилган қатновларни ушбу Битим шартларига мувофиқ амалга оширмаётган бўлса.
2. Агар ҳуқуқларни бекор қилиш, амалда тўхтатиб қўйиш ёки ушбу модданинг 1-банди шартлари бажарилишини талаб қилувчи қонун ва қоидаларининг бундан буён яна бузилишига зарурий огоҳлантириш деб топилмаса, бундай ҳуқуқлардан Аҳдлашувчи Томон ушбу Битимнинг 18-моддасига мувофиқ бошқа Аҳдлашувчи Томон билан маслаҳатлашувлардан сўнг фойдаланиши мумкин.
5-модда
Қонун-қоидаларнинг қўлланилиши
Қонун-қоидаларнинг қўлланилиши
1. Халқаро парвозларни амалга ошираётган ҳаво кемаларининг ўз ҳудудига учиб киришини, унда бўлиб туришини ёки ундан жўнаб кетишини тартибга солувчи, ёхуд бундай ҳаво кемаларидан ўз ҳудуди доирасида фойдаланишига оид бир Аҳдлашувчи Томоннинг қонун ва қоидалари бошқа Аҳдлашувчи Томон тайинлаган авиакорхонасининг ҳаво кемаларига нисбатан юқорида қайд этилган ҳудудга учиб кириши, у ерда бўлиши ва у ердан жўнаб кетишида қўлланилади.
2. Бир Аҳдлашувчи Томоннинг ўз ҳудудига ҳаво кемасида йўловчилар, экипаж, йўловчилар юки, юк ҳамда почтанинг келиши, у ерда бўлиб туриши, транзит тўхташ ҳамда у ердан жўнаб кетишини тартибга солувчи қонун ва қоидаларига, хусусан, кириш, мамлакатга кириш солиқларидан озод қилиш, иммиграция, эмиграция, паспорт, божхона, валюта ва санитария тадбирларига тааллуқли бўлган қоидаларига бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонасига қарашли ҳаво кемаси томонидан юқорида кўрсатилган ҳудудга кириб келиш, унда бўлиб туриш ва ундан жўнаб кетаётган вақтида амал қилиниши лозим.
3. Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг илтимосига кўра, бошқа бир Аҳдлашувчи Томон ҳар икки мамлакатда ҳаво ташувларини амалга ошириш ҳуқуқларига эга бўлган авиакорхонага шу илтимосни қилаётган давлатнинг Ҳудудига учиб кириш ёки у ерда транзит тўхтаб ўтиш учун талаб қилинадиган йўл кира ҳужжатлари бўлган йўловчиларнигина ташишни таъминлаш учун барча чораларни кўришга рухсат беради. Бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг давлатига учиб киришда қўлланиладиган қонун ва қоидаларга бўйсунмаган йўловчини тайинланган авиакорхона ўз ҳисобидан орқага жўнатиб юбориши лозим.
4. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон мамлакатга кириш учун номаъқул шахс деб топилгандан сўнг тушириш манзилидан қайтарилган шахсни текшириб чиқишга рухсат беради, агарда бу шахс дастлаб ҳаво кемасига ўтиришдан аввал ўзининг ҳудудида тўхтаган бўлса, бироқ бунга бевосита транзит тўхташ кирмайди.
6-модда
Авиация хавфсизлиги
Авиация хавфсизлиги
1. Аҳдлашувчи Томонлар халқаро қонунлардан келиб чиқадиган ўзларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятларига мувофиқ ғайриқонуний аралашув хатти-ҳаракатлардан фуқаро авиациясининг хавфсизлигини таъминлашга доир бир-бирларига нисбатан зиммага оладиган ўзаро мажбуриятлари ушбу Битимнинг ажралмас қисми эканлигини яна бир бор тасдиқлайдилар.
2. Аҳдлашувчи Томонлар халқаро қонунлардан келиб чиқадиган ўз ҳуқуқларининг ва мажбуриятларининг умумий қўлланилишини чекламаган ҳолда, 1963 йил 14 сентябрида Токиода имзоланган Ҳаво кемаларида содир этиладиган жиноятлар ва бошқа баъзи бир ҳаракатлар тўғрисидаги Конвенция, 1970 йилнинг 16 декабрида Гаагада имзоланган Ҳаво кемаларини ғайриқонуний равишда тутқун қилиб олишга қарши курашиш тўғрисидаги Конвенция, 1971 йил 23 сентябрида Монреалда имзоланган Фуқаро авиацияси хавфсизлигига қарши қаратилган ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар билан кураш ҳақидаги Конвенцияга ва кейинчалик Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида шу соҳада қабул қилиниши мумкин бўлган барча бошқа халқаро ҳужжатларнинг қоидаларига мувофиқ ҳаракат қиладилар.
3. Аҳдлашувчи Томонлар бир-бирларининг илтимосига кўра ҳаво кемасини ғайриқонуний тутқун қилишнинг бу ҳаво кемаси, ундаги йўловчилар ва экипаж аъзоларига, тайёрагоҳлар ва қатновни таъминлаш воситаларига хавф туғдирувчи бошқа ғайриқонуний хатти-ҳаракатларнинг, шунингдек фуқаро авиацияси хавфсизлигига таҳдид қилишнинг ҳар қандай кўринишини олдини олишда бир-бирларига кўмак берадилар.
4. Аҳдлашувчи Томонлар ўзаро муносабатларида ўзларига мақбул келадиган даражада Фуқаро авиацияси халқаро ташкилоти томонидан белгиланган ва Конвенцияга киритилган Иловаларда тавсифланган авиация хавфсизлиги талабларига мувофиқ иш кўрадилар; улар асосий фаолият жойи ёки доимий турар жойи ўз ҳудудларида жойлашган ҳаво кемаларининг фойдаланувчиларидан ва ўз ҳудудларида жойлашган халқаро тайёрагоҳларнинг фойдаланувчиларидан авиация хавфсизлигининг юқоридаги қоидаларига мувофиқ иш кўришларини талаб қиладилар.
5. Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири ҳаво кемасидан фойдаланувчиларга нисбатан бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳаво кемасини ўз ҳудуди чегараларига кириб келаётганида, ундан чиқиб кетаётганида ёки унда бўлиб турган вақтида ушбу модданинг 4-бандида уқтирилган қоидаларга амал қилиши тўғрисида зарур талабларни қўйиши мумкин.
6. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ҳаво кемаларини ҳимоя қилиш ва йўловчиларни, экипаж аъзоларини, йўловчи юки, юклар ва ҳаво кемаси захираларини юк ортиш вақтидан олдин, юк ортиш ва тушириш вақтида текшириш учун ўз ҳудуди доирасида самарали чора-тадбирлар кўрилишини таъминлайди. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг, оқилона доираларда хавфсизликни таъминлаш юзасидан махсус чора-тадбирлар кўришга доир илтимосларини ҳам хайрихоҳлик билан кўриб чиқади.
7. Башарти, фуқаро ҳаво кемаси тутқун қилиб олинса ёки уни тутқин қилиш таҳдиди мавжуд бўлса ёки ҳаво кемаси, ундаги йўловчилар ва экипаж аъзоларига тайёрагохлар ва қатновни таъминлаш воситаларига бошқа ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар билан таҳдид қилинса, Аҳдлашувчи Томонлар алоқани енгиллатиш орқали бир-бирларига турлича кўмак берадилар ва бундай кўнгилсизлик ёки таҳдидга жадал, ҳамда бешикаст барҳам беришнинг барча зарур чора-тадбирларини кўрадилар.
8. Бир Аҳдлашувчи Томон ушбу модда қоидаларига кўра бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг авиация хавфсизлиги қоидаларидан чекинганлиги тўғрисида комил ишончда бўлса шу Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмурлари бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмурларига тезда маслаҳатлашувлар ўтказилиши тўғрисидаги талабни қўйиши мумкин.
9. Маслаҳатлашувлар ўтказиш тўғрисида талаб тушган кундан бошлаб бир ой ичида бирон-бир қониқарли келишувга кела олинмаган ҳолда, биринчи Аҳдлашувчи Томоннинг авиакорхонаси ёки авиакорхоналари томонидан берилган рухсатномаларни бекор қилишга, тўхтатиб қўйишга, чеклашга ёки бу рухсатномалардан фойдаланишда шартлар қўйишга асос юзага келади. Қатъий зарурат бўлган ҳолларда ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бир ойлик муддат ўтгунга қадар вақтинча бундай чораларни кўришлари мумкин.
7-модда
Гувоҳнома ва рухсатномаларни эътироф этиш
Гувоҳнома ва рухсатномаларни эътироф этиш
1. Аҳдлашувчи Томонлардан бири берган ёки ҳақиқий деб топган ҳамда амалда бўлган яроқлик гувоҳномалари, ваколатномалар ва рухсатномаларни бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳам ана шу ҳужжатлар амалда бўлган вақтида ҳақиқий деб эътироф этади, башарти бундай гувоҳномалар ёки рухсатномалар берилишига ёхуд ҳақиқий деб эътироф этилишига асос бўлган талаблар Конвенцияга мувофиқ белгиланган энг кам даражага тенг ёки ундан юқори бўлса.
2. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз фуқароларига ўзининг ҳудудидан парвозлар вақтида бошқа Аҳдлашувчи Томон ёки бошқа бир давлат берган яроқлик. гувоҳномаларини ва рухсатномаларни эътироф қилишни рад этиш ҳуқуқини сақлаб қолади, агарда улар халқаро қонунларга жавоб бера олмаса.
8-модда
Ҳаво кемаларини алмаштириш
Ҳаво кемаларини алмаштириш
1. Бир Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида ёки ушбу Битимда белгиланган йўналишларда учинчи давлат ҳудудидаги оралиқ манзилда ҳаво кемасини қуйидаги шартларга риоя қилган ҳолда алмаштириши мумкин:
а) агар бу ҳаракат иқтисод жиҳатдан ўзини оқласа;
b) агар авиакорхонани тайинлаган Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудидан белгиланган йўналишнинг узоқроқ қисмида парвозни амалга ошираётган ҳаво кемасининг ҳажми шу йўналишнинг яқин қисмида парвоз қилаётган ҳаво кемасининг ҳажмидан катта бўлмаса;
с) агар авиакорхонани тайинлаган Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудидан узоқроқ қисмида фойдаланилаётган ҳаво кемасининг парвозлари йўналишнинг яқин қисмида амалга ошираётган келишилган ҳаво қатновларининг давомигина бўлса ва бу қатновлар жадвалга мувофиқ бўлса;
d) агар қатновлар натижасида етарли ҳажмга эга бўлинса;
е) агар авиакорхона жадвалларда, жой банд қилиш системаларида, йўлкира белгилаш тартибида, рекламада ёки бошқа воситалар орқали акс эттирмаган ҳолда белгиланган йўналишларда келишилган қатновларни амалга оширишдан ташқари бошқа хизматларни ҳам бевосита ёки билвосита бажармаса.
f) агар келишилган қатновлар амалга оширилиши чоғида ҳаво кемаси алмаштирилган тақдирда, бу ҳол барча учиш жадвалларида, жойларни банд қилиш системаларида, йўлкира харажатларини белгилашда, рекламада ва бошқа воситаларда ўз аксини топса;
g) агар ҳаво кемаси алмашилган манзилдан бирон бир ҳаво кемасининг парвози — учиб кириши ёки жўнаб кетиши кўзда тутилган бўлса, фақатгина бир қатнов (келиш ёки жўнаб кетиш) амалга оширилади, бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмурлари томонидан рухсат берилган парвозлардан ташқари; ва
h) агар ҳаво кемасини алмаштириш билан боғлиқ бўлган ҳаракатлар ушбу Битим 14-моддасининг қоидаларига биноан бажарилса.
2. Ушбу модда 1-бандининг шартлари авиакорхонани тайинлаган Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида авиакорхонанинг ҳаво кемасини алмаштириш ҳуқуқига ҳеч қандай таъсирини кўрсатмайди.
9-модда
Божхона божи ва бошқа солиқлардан озод қилиш
Божхона божи ва бошқа солиқлардан озод қилиш
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўзаро келишув асосида бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонасини ёки авиакорхоналарини, имкон қадар тўлақонли равишда ўзининг миллий қонунлари доирасида ҳаво кемаси, ёқилғи, ёғлаш воситалари, техник эҳтиёжлари захиралари, двигателларни ўз ичига олгани ҳолда, эҳтиёт қисмлари, рўйхатдаги мол-мулки, тайёра захиралари (озиқ-овқат ва тамаки маҳсулотлари, ичимликлар ва парвоз давомида йўловчиларга сотиш учун мўлжалланган чекланган миқдордаги маҳсулотлар)га ва фақат шу авиакорхонанинг ҳаво кемасидан фойдаланиш ва унга хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган бошқа буюмларга бўлган импорт чекланишлари, божхона божлари, акциз солиқлари, нозирлик йиғимлари ва бошқа миллий тўловлар ва харажатлардан озод қилади, шунингдек чоп этилган чипта захиралари, ҳаво қатновларига оид рўйхатлар, бепул тарқатиш учун мўлжалланган, шу авиакомпания нишонасига эга бўлган босмадан чиққан ҳар қандай материаллар ҳам бундай солиқлардан озод қилинади.
2. Ушбу моддада келтирилган озод қилиш ушбу модданинг 1-бандида айтиб ўтилган буюмларга нисбатан қўлланади, башарти;
а) бир Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудига бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси томонидан олиб кирилган;
b) бир Аҳдлашувчи Томон тайинлаган авиакорхонасининг ҳаво кемасида бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудига учиб кирган ёки ундан жўнаб кетаётган вақтида сақланиб қолган;
с) бир Аҳдлашувчи Томон тайинлаган авиакорхонасининг ҳаво кемаси бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида бортга олган ва келишилган парвозларни амалга ошириш вақтида ишлатиш учун мўлжалланган ушбу буюмлар ўша озод қилиш тўғрисидаги ҳуқуқларни берган бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида қисман ёки бутунлай ишлатилишидан қатъий назар, башарти ушбу буюмлар юқорида айтиб ўтилган Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида бегоналаштирилмаган бўлса.
Юқоридаги а-, b- ва с-бандларида кўрсатилган ашёлар божхона маъмуриятининг назорати ёки кузатуви остида сақланиши лозим.
Ҳаво кемасининг рўйхатдаги ускуналари, шунингдек ҳар бир Аҳдлашувчи Томон тайинлаган авиакорхонасининг ҳаво кемаларида одатда сақланадиган ашёлар ва захиралар бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида ўша ҳудуд божхона маъмуриятининг рухсати билан туширилиши мумкин. Бу ҳолда, улар орқага қайтариб олингунга ёки божхона қоидаларига биноан бошқа қарорини топгунга қадар кўрсатиб ўтилган маъмурларнинг назорати остида жойлаштирилиши лозим.
10-модда
Тайёрагоҳ йиғимлари
Тайёрагоҳ йиғимлари
1. Бир Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳар бир авиакорхонасининг ҳаво кемаси тайёрагоҳлардан ва авиация воситаларидан фойдалангани учун тўлайдиган солиқлари шу халқаро йўлларда парвоз қилаётган биринчи Аҳдлашувчи Томоннинг миллий авиакорхоналаридан шу мақсадда олинадиган солиқлардан юқори бўлмаслиги лозим.
2. Ҳеч қайси бир Аҳдлашувчи Томон ўз назорати остида бўлган тайёрагоҳлардан, ҳаво йўлларидан, ҳаво қатновларини таъминлайдиган воситаларидан фойдаланиш чоғида, шу халқаро қатновларда машғул бўлган бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонасидан бошқа бир авиакорхонани устун қўймаслиги лозим.
11-модда
Бевосита транзит
Бевосита транзит
Бир Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудидан бевосита транзит орқали ўтадиган ва шу мақсад учун тайёрагоҳ ҳудудидан ажратилган жойдан четга чиқмайдиган йўловчилар соддалаштирилган божхона ва иммиграция назоратидан ўтадилар. Транзит йўловчиларнинг юклари ва юклар божхона солиқлари ва бошқа чиқимлардан озод қилинади.
12-модда
Маблағларни ўтказиш
Маблағларни ўтказиш
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа бир Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонасига келишилган қатновларни амалга ошириш чоғида ишлаб топилган маблағларининг харажатларидан ортган фойда қисмини эркин алмаштириш ва ўзининг давлатига эркин ўтказиш ҳуқуқини беради.
2. Бундай алмаштириш ва ўтказиш Аҳдлашувчи Томонларнинг ўртасида кучга эга бўлган Молия шартномасининг шартлари ва қоидаларига мувофиқ амалга оширилади. Молия шартномаси тузилмаган ҳолда ёки унда валюта алмаштиришни ва маблағларни ўтказишни тартибга солувчи қоидалари бўлмаган ҳолда, ишлаб топилган маблағларни ўтказиш жорий муомала учун қўлланиладиган валютанинг расмий қиймати бўйича эркин алмашадиган валютада ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида кучга эга бўлган валюта айирбошловини тартибга солувчи қоидаларга мувофиқ амалга оширилади.
13-модда
Тарифларни тасдиқлаш
Тарифларни тасдиқлаш
1. Ушбу Битим 2-моддасининг 2-бандига мувофиқ белгиланган йўналишларда йўловчи ва юкларни ташиш учун ўрнатилган тарифлар ва шунга тааллуқли бўлган воситачилик қийматлари Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмурлари томонидан тасдиқланади. Тарифлар қатновларни амалга ошириш харажатларини, фойданинг оқилона миқдорини, рақобат ва бозор шароитларини шунингдек транспортдан фойдаланувчиларни манфаатларини назарга олган ҳолда белгиланади.
2. Барча тарифлар уларни амалда жорий қилиш тахмин қилинган кунга энг камида ўттиз (30) кун қолганда ҳар икки Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмурларига тасдиқ учун тақдим этилиши лозим. Махсус ҳолларда бу муддат авиация маъмурлари томонидан эришилган келишувга мувофиқ қисқартирилиши мумкин. Тасдиқнома шошилинч равишда ҳам берилиши мумкин. Бироқ, агар Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмурларидан ҳеч қайси бири тарифни тасдиқлаш учун тақдим қилинган кундан бошлаб ўттиз (30) кун ичида бу тарифлар билан рози эмасликлари тўғрисидаги билдиришни юбормасалар, бу тарифлар ўз-ўзидан тасдиқланган ҳисобланади. Агарда тасдиқ учун тақдим қилиш муддати қисқартирилса авиация маъмурлари ўзаро келишувларига биноан норозиликни билдириш муддатини ҳам шу тариқа қисқартиришлари мумкин.
3. Ушбу модданинг 2-бандига тегишли тарифлар, ҳар икки Томоннинг ҳукуматлари, лозим топилса, бошқа авиакорхоналар билан муҳокама ва маслаҳатлашувлардан сўнг, имкон қадар, ҳар икки Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхоналарининг ўртасида келишиб олиниши лозим. Бундай келишувга қийматларни белгиловчи халқаро механизмларни ёки Халқаро ҳаво транспорти ташкилотининг тарифларни белгилаш қоидаларини қўллаш орқали эришилади.
4. Ушбу модданинг қоидаларига биноан белгиланган тариф янги тариф ўрнатилгунга қадар ўз кучини сақлаб қолади. Бироқ тарифнинг амал қилиш муддати ўз муддатини якунлаган кундан бошлаб 12 ойлик вақтдан ортиқ бўлган муддатга узайтирилмайди.
6. Агар Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмурлари тарифларни ушбу модданинг 5-бандига мувофиқ белгилай олмасалар бу баҳс ушбу Битим 20-моддасининг қоидаларига биноан ҳал этилади.
14-модда
Ҳажм
Ҳажм
1. Тайинланган авиакорхоналар томонидан амалга ошириладиган келишилган қатновларнинг ҳажми Аҳдлашувчи Томонларнинг тайинланган аниакорхоналарига берилган мақбул ва тенг имкониятлар асосида ҳар икки Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмурлари томонидан тасдиқланади.
2. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон тайинлаган авиакорхоналар келишилган йўллардан фойдаланиш чоғида ўзидан кейин шу йўналишдан тўла ёки қисман фойдаланадиган бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонасининг манфаатларига ноодил зиён етказмасликни назарда тутган ҳолда иш кўради.
3. Аҳдлашувчи Томонларнинг тайинланган авиакорхоналари амалга ошираётган келишилган қатновлари белгиланган йўналишларда умумий ҳаво ташувига бўлган аҳолини эҳтиёжларига боғлиқ равишда мувофиқ келишлари лозим ва ҳар бир тайинланган авиакорхона тегишли ҳудудлар ўртасида йўловчиларни ва/ёки юк ва почтани ташишга бўлган мавжуд ва одил мўлжалланган эҳтиёжларига жавоб бера оладиган иш юклашни маъқул миқдорида ҳажмни таъминлашни биринчи даражали масала деб билишлари лозим.
15-модда
Учиш жадваллари
Учиш жадваллари
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон тайинлаган авиакорхонаси жадваллар бўйича қатновларни бошлашдан камида қирқ беш (45) кун аввал қатновларда белгиланган парвозлар такрорийлиги, ҳаво кемасининг тури, вақти, сотиш учун мўлжалланган жойларнинг сони ва уларни жойланиши, жадвалнинг амал қилиш муддатини кўрсатган ҳолда, ўзлари бажарадиган парвоз жадвалларини тасдиқлаш учун бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмурларига тақдим этиши лозим.
2. Агар бир тайинланган авиакорхона учиш жадвалларида акс эттирмаган ҳолда қўшимча парвозлардан фойдаланиш ниятида бўлса, у бу борада бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси билан келишиб олиши лозим. Тайинланган авиакорхоналар бу борада ўзаро келишувга кела олмасалар, бу масала қўшимча парвозларга рухсат берадиган бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмурлари томонидан ҳал қилинади.
3. Бир Аҳдлашувчи Томон тайинлаган авиакорхона ўзининг учиш жадвалига киритадиган барча кейинги ўзгартиришлари бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмурларига тасдиқ учун тақдим этилади, бироқ қатновлардан фойдаланиш сабабларига кўра ҳаво кемаси турини ўзгартириш тўғрисидаги маълумот бундан мустаснодир.
16-модда
Тижорий фаолият
Тижорий фаолият
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонасига ўзаро келишув асосида бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида ўзининг идоралари бўлгани ҳолда маъмурий, тижорий ва техник ходимларини ушлаб туриш ҳуқуқи берилади.
2. Юқоридаги 1-банда қайд этилган идораларни таъсислаш ва ходимларни тайинлаш бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг қонун ва қоидаларига бўйсунган ҳолда амалга оширилиши лозим, булар ўша бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудига кириш ва унда чет эллик ходимларни бўлиб туришига оид қонун-қоидалардир.
3. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томон тайинлаган авиакорхонасига бошқа бир Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида бевосита ўзларининг савдо идоралари ва уларнинг агентлари орқали ўзларининг транспорт ҳужжатлари асосида транспорт хизматларини харидорларга миллий валютада ёки бошқа бир эркин алмашадиган валютада сотиш ҳуқуқларини беради.
17-модда
Амалий ва статистик маълумотлар билан таъминлаш
Амалий ва статистик маълумотлар билан таъминлаш
1. Тайинланган авиакорхоналар ушбу Битим 2-моддасининг 2-бандига мувофиқ белгиланган йўналишларда ҳаво қатновларини бошлашдан камида бир ой аввал парвоз қиладиган ҳаво кемаларининг тури, ҳаво хизмати даражаси ва учиш жадвали ҳақида барча маълумотларни Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмурларига ҳавола этишлари лозим. Бу талаб кейинчалик бўладиган ўзгартиришларга ҳам тааллуқлидир.
2. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмурлари бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмурларининг талабларига биноан биринчи Томоннинг тайинланган авиакорхоналарининг ушбу Битим 2-моддасининг 2-бандига мувофиқ белгиланган йўналишлардаги ҳаво қатновларни бажариш имкониятларини ўрганиш мақсадида зарур даврий ва статистик маълумотларни беради. Бундай маълумотлар келишилган қатновларда тайинланган авиакорхоналар томонидан бажарилаётган авиаташувлар ҳажмини аниқлаш учун зарур бўлган ахборотни ва йўналишнинг бошланиш ва тўхташ манзиллари тўғрисидаги барча маълумотларни ўз ичига олади.
18-модда
Маслаҳатлашувлар
Маслаҳатлашувлар
1. Яқиндан ҳамкорлик қилиш истагида Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмурлари ўртасида мунтазам ва вақти-вақти билан ушбу Битим ва унинг Иловаларида келтирилган қоидаларга амал қилишни таъминлаш нуқтаи назаридан музокаралар ёки ёзишмалар йўли билан маслаҳатлашувлар ўтказилиб турилади.
2. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон истаган вақтида ушбу Битимга тегишли бўлган барча масалалар бўйича маслаҳатлашувлар ўтказишни талаб қилиши мумкин. Аҳдлашувчи Томонларнинг ўртасида бошқа ҳолат тўғрисида келишув бўлмаса, бундай маслаҳатлашувлар талаб тушган кундан бошлаб олтмиш (60) кун ичида бошланиши лозим.
19-модда
Ўзгартиришлар
Ўзгартиришлар
1. Башарти, Аҳдлашувчи Томонлардан бири ушбу Битимнинг айрим қоидаларини ўзгартириш мақсадга мувофиқ деб ҳисобласа ва шу тўғрисида Аҳдлашувчи Томонлар ўзаро келишиб олган бўлсалар, бундай ўзгартиришлар дипломатик ноталар алмашиш йўли билан тасдиқлангандан сўнг кучга киради.
2. Ушбу Битимнинг Иловасига ўзгартиришлар Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмурлари ўртасида бевосита келишиб олиниши лозим. Бу ўзгартиришлар шартли равишда келишилган кундан бошлаб қабул қилинади ва дипломатик ноталар алмашиш йўли билан тасдиқлангандан сўнг кучга киради.
3. Агарда ҳар икки Аҳдлашувчи Томонга нисбатан мунтазам халқаро ҳаво қатновлари тўғрисида умумий кўп томонлама конвенция кучга кирган бўлса, ушбу Битим шу конвенциянинг қоидаларига мослаш нуқтаи назаридан ўзгартирилиши лозим.
20-модда
Бахслашувларни ҳал қилиш
Бахслашувларни ҳал қилиш
Ушбу Битимни талқин қилиш ва қўллаш юзасидан ёки йўналишлар жадвали бўйича келиб чиққан ҳар қандай баҳслашув ҳар икки Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмурлари ўртасида бевосита музокаралар орқали ҳал этилиши лозим. Башарти, авиация маъмурлари музокаралар орқали муросага кела олмасалар, улар бу баҳсни дипломатик йўллар орқали ҳал қиладилар.
21-модда
ИКАОда рўйхатга олиш
ИКАОда рўйхатга олиш
Ушбу Битимнинг 19-моддасига биноан ушбу Битим на унга киритилган ҳар қандай ўзгартиришлар Фуқаро авиацияси халқаро ташкилотида рўйхатдан ўтказилиши лозим.
22-модда
Битим амал қилишини тўхтатиш
Битим амал қилишини тўхтатиш
1. Ушбу Битимнинг амал қилиш муддати чекланмаган.
2. Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бири истаган вақтида бошқа Аҳдлашувчи Томонни ушбу Битимнинг амал қилиш муддатини тўхтатиш истагида эканлиги тўғрисида ёзма равишда хабардор қилиши мумкин. Бундай хабарнома бир вақтнинг ўзида Фуқаро авиацияси халқаро ташкилотига ҳам юборилиши лозим. Бу ҳолда ўзаро келишувга асосан хабарнома орқага қайтариб олинмаса ушбу Битим ўз амал муддатини бир Аҳдлашувчи Томоннинг хабарномасини бошқа Аҳдлашувчи Томон олган кунидан бошлаб ўн икки ойлик муддат ўтганидан сўнг якунлайди. Башарти, бошқа Аҳдлашувчи Томон хабарнома олганининг тасдиғи бўлмаса, Фуқаро Авиацияси Халқаро Ташкилоти хабарнома олганидан сўнг ўн тўрт (14) кун ўтгач бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тасдиғи олинган ҳисобланади.
23-модда
Битимнинг кучга кириши
Битимнинг кучга кириши
Ушбу Битим ҳар икки Аҳдлашувчи Томон унинг кучга кириши учун лозим бўлган ўзларининг ички қонунчилик тартиботларини бажариб бўлганлиги тўғрисидаги хабарномани дипломатик йўллар орқали ноталар алмашилган кундан бошлаб кучга киради.
Ушбуни тасдиқлаб, ҳар иккала Аҳдлашувчи Томон ҳукуматларининг мухтор вакиллари мазкур Битимни имзоладилар.
Братислава шаҳрида 1997 йил 17 январда ўзбек, словак ва инглиз тилларида икки асл нусхада имзоланди. Талқин қилишда ҳамфикрлик бўлмаган ҳолда инглиз тилидаги матн устувор деб ҳисобланади.
(имзолар)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Словакия Республикаси Ҳукумати ўртасида уларга тегишли ҳудудлар ўртасида ҳаво транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш ниятида тузилган ҳаво транспорти тўғрисидаги Битимга
ИЛОВА
ИЛОВА
Йўналишлар жадвали
1. I-қисм
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати тайинлаган авиакорхоналари ҳаво қатновларини ушбу белгиланган йўналишлар бўйича амалга оширишлари мумкин:
|
Ўзбекистондаги манзиллар |
Словакиядаги манзиллар |
Оралиқ манзиллар |
Ташқаридаги манзиллар |
|
|
Братислава |
|
|
2. II-қисм
Словакия Республикаси Ҳукумати тайинлаган авиакорхоналари ҳаво қатновларини ушбу белгиланган йўналишлар бўйича амалга оширишлари мумкин:
|
Словакиядаги манзиллар |
Ўзбекистондаги манзиллар |
Оралиқ манзиллар |
Ташқаридаги манзиллар |
|
|
Тошкент |
| |
Ташқаридаги манзиллар кейинчалик ҳар иккала Аҳдлашувчи Томон авиация маъмурларининг келишуви асосида белгиланади.