НАВОИЙ ВИЛОЯТИ Томди тумани ҳокимининг
ҚарорИ
2012 ЙИЛДА ИЖТИМОИЙ МУҲОФАЗАГА МУҲТОЖ ВА ИШ ТОПИШДА ҚИЙНАЛАЁТГАН ШАХСЛАРНИ ИШГА ЖОЙЛАШТИРИШ УЧУН ИШ ЎРИНЛАРИНИ БАНД ҚИЛИБ ҚЎЙИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунининг 17-моддаси, «Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 25-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги Низомининг ижросини таъминлаш мақсадида қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунининг 17-моддасига асосан ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун тумандаги корхона, ташкилот ва муассасалар ходимларининг рўйхат бўйича ўртача сонидан 125 кишини ташкил этадиган 7 фоиз миқдорида, шу жумладан:
ногиронлар учун 3,2 фоиз — 4 киши;
14 ёшга тўлмаган болалари ва ногирон болалари бор ёлғиз ҳамда кўп болали ота-оналар учун 12 фоиз — 15 киши;
таълим муассасаларини битирган ёшлар учун 68,0 фоиз — 85 киши;
муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилганлар учун 7,2 фоиз — 9 киши;
Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказида иш қидирувчи сифатида ҳисобда турган пенсия ёшига яқинлашиб қолган шахслар учун 4,0 фоиз — 5 киши;
жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки суд қарорига кўра тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахслар учун 2,4 фоиз — 3 киши;
бошқалар учун 3,2 фоиз — 4 киши, шу жумладан сафарбарлик чақируви захирасига киритилган шахслар учун 0 киши, кичик ёшли болалари бўлган ишламаётган аёллар учун 4 киши, атрофдагилар учун хавфли бўлмаган ижтимоий аҳамиятли касалликлар билан оғриётган шахслар учун 0 киши миқдорида иш ўринлари захираси белгилансин.
2. 2012 йилда ижтимоий муҳофазага муҳтож иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш лозим бўлган корхоналар рўйхати иловага* асосан тасдиқлансин.
* Илова берилмайди.
3. Корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарларига ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни иш билан таъминлаш учун ҳар бир квота тоифаси бўйича иш ўринлари банд қилиб қўйиладиган касблар ва лавозимлар, мутахассисликлар кесимидаги маълумотларни ва қарор бўйича чиқарилган буйруқ нусхаларини Томди туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказига тақдим этиш вазифалари юклатилсин.
4. Корхона, ташкилот ва муассасаларнинг раҳбарлари ижтимоий муҳофазага муҳтож шахслар учун иш жойларининг кўрсатиб ўтилган миқдорини Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги Низомга мувофиқ белгиланган муддатларда ва тартибда яратилишини (ажратилишини ёки банд этиб қўйилишини) ҳамда иш жойлари санитария-гигиена нормаларига ва ходим ўз меҳнат мажбуриятларини бемалол бажаришини таъминлайдиган меҳнат шароитларига мувофиқ бўлишини таъминласинлар.
5. Ушбу қарор бажарилмаган тақдирда ташкилотнинг мансабдор шахсларига «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 15-бандига мувофиқ жарима солинади.
6. Туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази (А.Ешжанов) бир ҳафта муддатда қарорни тегишли корхона ва ташкилот раҳбарларига етказсин ҳамда мазкур қарорнинг бажарилиши устидан қатъий назоратни таъминласин.
7. Туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази (А.Ешжанов) ушбу қарор ижросини таъминлаш жараёнида туман ҳокимининг 2011 йил 13 сентябрдаги «2012 йилда туманда ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тўғрисида»ги К-239-сонли қарори билан ташкил этилган иш ўринларини ҳам инобатга олсин.
8. Томди туман ҳокимининг 2011 йил 13 сентябрдаги «2012 йилда туманда ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тўғрисида»ги К-239-сонли қарори бекор қилинсин.
9. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокими ўринбосари С.Саденов зиммасига юклатилсин.
10. Мазкур қарор расмий нашрда эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
Томди тумани ҳокими К. АЛДАБЕРГЕНОВ
Томди т.,
2012 йил 25 октябрь,
253-Қ-сон