Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Литва Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЮКЛАРИНИ КЛАЙПЕДА ДАВЛАТ ДЕНГИЗ ПОРТИ ОРҚАЛИ ТАШИШ УЧУН ТРАНСПОРТ ВА БОШҚА ХИЗМАТЛАРНИ КЎРСАТИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Литва Республикаси Ҳукумати, бундан кейин Аҳдлашувчи Томонлар деб аталувчилар,
ҳар томонлама ҳамкорликка интилиб,
Ўзбекистон Республикаси юкларини Клайпеда давлат денгиз порти (бундан кейин Клайпеда порти) орқали ташиш ўзаро иқтисодий фойдали эканлигини тушуниб,
Литва Республикаси ҳудуди орқали давлатлараро транзит ташишларнинг сифатли ва келишилган ҳажмларда бажарилиши мақсадида,
ташишлар ҳаракатининг хавфсизлигини ва рентабиллигини кафолатлайдиган юкларни ташиш ва хизмат кўрсатиш соҳасида бир-бирига ёрдам беришни зарур деб ҳисоблаб,
қуйидагилар ҳақида келишиб олдилар:
1-модда
«Ўзбекистон Республикаси юкларини Клайпеда порти орқали ташиш» ибораси Клайпеда портига юкларни келтириш ва ундан олиб кетиш, уларни юклаш, сақлаш ва юкларни ташиш билан боғлиқ бошқа тартиботларни, бундай тартиботларни амалга оширишга расмий рухсат берилган, Клайпеда порти ҳудудида жойлашган корхона ва терминалларда бажаришни билдиради.
2-модда
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати:
— ўз хўжалик субъектларини Клайпеда портидан фойдаланишга ҳар томонлама рағбатлантиришни;
— ўз қонунлари ва бошқа норматив актлари доирасида Клайпеда порти орқали ташиладиган экспорт-импорт юклари учун чегара, божхона ва бошқа тартиботларни енгиллаштириш ва тезлаштириш учун зарур ҳамма чораларни кўришни;
—- Литва Республикаси транспорт ташкилотлари билан ўз вақтида ҳисоб-китобни амалга оширишни таъминлашни ўз зиммасига олади.
Литва Республикаси Ҳукумати:
— юкларни Литва Республикаси ҳудуди ва Клайпеда порти орқали транзит тарзда ўз вақтида ўтказишни таъминлашни;
— ўз қонунлари ва бошқа норматив актлари доирасида Ўзбекистон Республикасининг марказлаштирилган экспорт-импорт юкларига келишилган ва ўзаро маъқул тарифларни қўллаган ҳолда биринчи навбатда хизмат кўрсатишни таъминлаш учун зарур чораларни кўришни ва Клайпеда портида кемалар ва қуруқликда юрадиган транспорт воситаларининг туриб қолмаслигини ва портдаги чегара, божхона ва бошқа тартиботларнинг тезлаштирилишини таъминлашни;
— Ўзбекистон Республикасининг марказлаштирилган экспорт-импорт юкларига хизмат кўрсатиш бўйича барча шароитларни яратиш ва юкни олиб кириш, олиб кетиш ва сақлаш, шунингдек юкка хизмат кўрсатиш учун зарур тижорат операциялари билан боғлиқ порт хизматларини тўсиқларсиз кўрсатилишини кафолатлашни ўз зиммасига олади.
3-модда
Ўзбекистон Республикасининг транзит юклари Литва Республикаси ҳудуди орқали Литва Республикаси қонунлари ва бошқа норматив актларига риоя қилинган ҳолда ташилади.
4-модда
Аҳдлашувчи Томонлар юкларни юклаш, сақлаш, кемаларни ёллаш ва юкларни кузатиб бориш билан шуғулланувчи қўшма корхоналар тузилишини рағбатлантирадилар.
5-модда
Ушбу Битимнинг қоидалари Аҳдлашувчи Томонлар иштирокчи бўлган халқаро конвенциялар ва шартномалардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларни, шунингдек учинчи давлатларнинг Литва Республикаси ҳудуди ва Клайпеда порти орқали юкларни транзит ташишга бўлган ҳуқуқларини бузмайди.
6-модда
Аҳдлашувчи Томонлар Қўшма комиссия тузадилар. Қўшма комиссия Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг илтимосига кўра ариза олингандан кейин 3 (уч) ойдан кечикмасдан йиғилади. Қўшма комиссиянинг ҳар бир мажлисининг кун тартиби мажлис бошланишидан камида 30 (ўттиз) кун олдин келишилган бўлиши керак.
Қўшма комиссия:
— Ўзбекистон Республикаси юкларини транзит ташишда Литва Республикаси савдо кемачилиги ва Клайпеда портидан фойдаланишнинг самаралилигини, шунингдек ташишлар ҳажмларини кўпайтириш истиқболларини муҳокама қилади;
— ушбу Битимни талқин қилиш ва қўллаш бўйича келиб чиқадиган ҳар қандай низони ҳал қилади;
— порт қувватларини оширишда ҳамкорликнинг имкониятлари ва ушбу Битимни амалга жорий қилиш билан боғлиқ бошқа масалаларни муҳокама қилади;
— ушбу Битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан музокаралар олиб боради. Ушбу Битимга киритиладиган ўзгартиришлар ва қўшимчалар Битимнинг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланадиган протоколлар билан расмийлаштирилади.
Агар Қўшма комиссия қарор чиқара олмаса, низо Аҳдлашувчи Томонларнинг музокаралари йўли билан ҳал этилади.
7-модда
1. Ушбу Битим Аҳдлашувчи Томонлар бир-бирларини дипломатик йўллар орқали ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг амалдаги қонунлари билан кўзда тутилган талаблари бажарилгани тўғрисида хабардор қилганларидан кейин 30 (ўттиз) кун ўтгандан кейин кучга киради.
2. Ушбу Битим 3 (уч) йилга тузилди. Агар Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳеч бири уч йиллик муддат ўтишидан 3 (уч) ой олдин ушбу Битимни бекор қилмаса, унинг кучи номаълум муддатга узайтирилади ва у Аҳдлашувчи Томонлардан бири иккинчи Аҳдлашувчи Томонни Битимни бекор қилиши тўғрисида 3 (уч) олдин хабардор қилмагунча кучда бўлади.
Тошкент шаҳрида 1997 йил 20 февралда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, литва ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Ушбу Битим матнини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келганда, рус тилидаги матн асос қилиб олинади.
(имзолар)