Фарғона вилояти Учкўприк туман ҳокимининг
Қарори
Вилоят ҳокимининг 2012 йил 28 декабрдаги «2013 йил учун мол-мулк, ер ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўловчи жисмоний шахсларни ҳисобга олиш, уларга солиқларни ҳисоблаш ва имтиёзларни қўллаш тўғрисида»ги 259-сонли қарори ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси ҳамда 1997 йил 29 августдаги «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги Қонуни ижроси юзасидан туман ҳудудидаги жисмоний шахсларга тегишли мол-мулк ва ер солиғи объектларини, сув ресурсларидан фойдаланувчи жисмоний шахсларни тўлиқ ҳисобга олиниши, солиқларни ҳисоблаш ва белгиланган муддатларда маҳаллий бюджетга тушишини таъминлаш, жисмоний шахсларга имтиёз ҳуқуқларини тўғри қўллаш ҳамда вилоят ҳокимининг 2012 йил 28 декабрдаги 259-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида қарор қиламан:
1. Вилоят ҳокимининг 2012 йил 28 декабрдаги 259-сонли қарори раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин ҳамда 2013 йил мол-мулк ва ер солиғи объектлари ва субъектлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахсларни тўлиқ рўйхатга олиш, солиқ ҳисоблаш, тегишли имтиёзларни тўғри қўллашни тўлиқ ва сифатли ўтказиш, уларга тегишли бўлган маълумотларни ваколатли идоралар томонидан туман Давлат солиқ инспекцияларига тўлиқ тақдим этишини таъминлаш мақсадида 2012 йил 1 ноябрдан 2013 йил 1 январга қадар «Солиқ тўловчи жисмоний шахсларни ҳисобга олиш» даври этиб белгилансин.
2. Туман Давлат солиқ инспекцияси (Р. Акрамов)га:
солиқ тўловчиларни ҳисобга олиш даврида туман ҳудудидаги мол-мулк, ер солиғи объектлари ва субъектлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахсларни тўлиқ рўйхатга олиш, уларга солиқ ҳисоблаш ва солиқ қонунчилигида белгиланган имтиёзларни қўллаш;
барча маҳалларда солиқларнинг аҳамияти, айрим тоифадаги жисмоний шахсларга солиқлардан бериладиган имтиёзлар тўғрисида, 2013 йил учун тўланиши керак бўлган солиқларнинг муддатидан олдин тўланиши ҳақида кенг тушунтириш ишлари олиб бориш;
аҳоли ўртасида Ўзбекистон Республикаси солиқ қонунчилиги бўйича амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг моҳияти юзасидан қишлоқ (маҳалла) фуқаролар йиғини раиси ва фаоллари иштирокида мунтазам равишда семинар йиғилишлар ўтказиш юклатилсин.
3. Туман ҳудудида фаолият юритаётган қишлоқ фуқаролар йиғини ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини раислари, жамоат ташкилотлари, коммунал хўжалик бўлимлари, уй-жой мулкдор ширкатлари корхона ва ташкилотларнинг раҳбарлари жисмоний шахсларни рўйхатга олиш, ҳисобланган солиқларни белгиланган муддатларда маҳаллий бюджетга ундирилиши юзасидан туман Давлат солиқ инспекцияси участка солиқ инспекторига доимий равишда яқиндан амалий ёрдам бериш вазифаси юклатилсин.
4. «Солиқ тўловчи жисмоний шахсларни ҳисобга олиш» даврини кенг қамровли ва сифатли ўтказилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси ва «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги қонунига асосан, Давлат солиқ инспекцияси томонидан мол-мулк, ер солиғи объектлари ва субъектлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахсларни тўлиқ ҳисобга олиш, солиқ ҳисоблаш ҳамда тегишли имтиёзларни тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида:
туман «Ер ресурслари ва давлат кадастри» бўлими (Р. Сатимов) ва «Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри» хизмати (А. Деҳқонов) 2013 йил 1 февралга қадар 1-иловага* мувофиқ туман ҳудудидаги жисмоний шахсларнинг эгалигида бўлган мол-мулк объектлари, ер майдони миқдори ва уларнинг 1 январь ҳолатига инвентаризация қийматлари тўғрисидаги маълумотларни;
туман Архитектура ва қурилиш бўлими (Ш. Боймуродов) 2013 йил 1 февралга қадар 2-иловага* мувофиқ 2012 йил фуқароларга туман ҳудудида (тадбиркорликка якка тартибда уй-жой қурилиши учун деҳқон хўжалиги ва бошқалар) 1 январь ҳолатига ажратилган ер майдонлари ва уларнинг эгалари тўғрисидаги маълумотларни;
пенсия жамғармаси туман бўлими (А. Умарқулов) 2013 йил 1 февралга қадар 3-иловага* мувофиқ туманда истиқомат қилувчи I-II-гуруҳ ногиронлари, пенсионерлар, ёлғиз пенсионерлар ва бошқа нафақа олувчи сифатида рўйхатга олинган фуқаролар тўғрисидаги маьлумотларни;
туман Мудофаа ишлари бўлими (Б. Худойбердиев) 2013 йил 1 февралга қадар 4-иловага* мувофиқ 1941 — 1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, Афғонистонда ҳарбий хизматни ўтаган фуқаролар ва бошқа мавжуд маълумотларни;
туман санитария-эпидемиология назорати маркази (А. Мамажонов) 7-иловага* мувофиқ белгиланган тартибда санитария рухсатномасини олган жисмоний шахслар тўғрисидаги маьлумотларни;
туман «Газтаъминот» идораси (Х. Ахмедов) 8-иловага* мувофиқ ҳудудда тадбикорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахслар билан газ истеъмоли учун тузилган шартномалар тўғрисидаги маълумотларни;
туман «Электртармоқлари» идораси (Б. Тиллаев) 9-иловага* мувофиқ ҳудудда тадбикорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахслар билан электр истеъмоли учун тузилган шартномалар тўғрисидаги маълумотларни;
туман Ички ишлар бўлими йўл ҳаракати хавфсизлиги (А. Абдуллаев) 10-иловага* мувофиқ ҳудуддаги шахсий юк автотранспорт эгалари тўғрисидаги тўлиқ маълумотларни туман Давлат солиқ инспекциясига қишлоқ (маҳалла) фуқаролар йиғинлари кесимида 2013 йил 1 февралига қадар 1 январь ҳолати бўйича тақдим этиш вазифаси юклатилсин.
5. Туман фуқаролик ҳолатларига далолатнома ёзиш бўлими (М. Нортожиева) 2013 йил 1 февралга қадар 5-иловага* мувофиқ туман ҳудудида 2011-2012 йилларда вафот этган фуқаролар тўғрисидаги, туман нотариал идоралари раҳбарлари эса 6-иловага* мувофиқ 2012 йил давомида жисмоний шахслар томонидан кўчмас мулк ижара шартномаси тасдиқланганлиги ва ижара ҳақи миқдори, шунингдек меърос қилиб олиш ёки ҳадя тарзида фуқароларнинг мулкига ўтаётган мол-мулк қиймати тўғрисидаги маълумотларни ўз вақтида тақдим этиб бориш тавсия этилсин.
6. Учкўприк туман ҳокимлиги «Маҳалла» оқсоқоллари кенгаши (В. Мелиқузиев), қишлоқ (маҳалла) фуқаролар йиғинлари раислари «Солиқ тўловчи жисмоний шахсларни ҳисобга олиш» ойлиги тадбирини ўтказишда фаол қатнашишлари ва жойларда участка солиқ инспекторлари билан жисмоний шахсларни солиқ органларида рўйхатга олиш тадбирларини ҳамкорликда амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.
7. Қишлоқ (маҳалла) фуқаролар йиғинлари раислари, участка Давлат солиқ инспектори ва «Ер ресурслари ва давлат кадастри» бўлими ходимлари билан биргаликда ҳисобга олинган солиқ тўловчи жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотни 11-иловага* мувофиқ далолатнома асосида расмийлаштириш топширилсин.
*1 — 11-иловалар берилмайди.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари У. Махсудов зиммасига юклатилсин.
9. Мазкур қарор расман эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
Ҳоким в.б М. ДЕҲҚОНОВ
Учкўприк қ.,
2013 йил 8 январь,
03-сон