Сурхондарё вилояти Денов тумани ҳокимининг
Қарори
ДЕНОВ ТУМАНИДАГИ ИЖТИМОИЙ МУҲОФАЗАГА МУҲТОЖ ВА ИШ ТОПИШДА ҚИЙНАЛАЁТГАН ШАХСЛАРНИ ИШГА ЖОЙЛАШТИРИШ УЧУН ИШ ЎРИНЛАРИНИ БАНД ҚИЛИБ ҚЎЙИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят кенгашининг 2021 йил 6 июлдаги VI-29-26-8-0-K/21-сонли «Сурхондарё вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 8 июлдан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорининг ижросини таъминлаш, аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун 2013 йил туманда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва иш ўринларини банд қилиш мақсадида туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказининг 2012 йил 14 сентябрдаги 01-7/142-сонли хатини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддасига асосан қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасига асосан ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун Денов туманидаги ташкилот, корхона, ва муассасалардаги (кейинги ўринларда ташкилот деб аталади) ходимларнинг рўйхати бўйича ўртача сонидан (иловага* асосан) 20 кишини ташкил этадиган 7 фоиз миқдорида, шу жумладан:
*Илова берилмайди.
Ўн тўрт ёшгача болалари ва ногирон болалари бўлган ёлғиз ота, ёлғиз она ва кўп болали ота-оналар учун 51,0 фоиз (450 киши);
таълим муассасаларини тугатган ёшлар учун 35,5 фоиз (315 киши);
муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилганлар 1,7 фоиз (14 киши);
ногиронлар учун 3 фоиз (26 киши);
Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш туман марказида иш қидирувчи сифатида ҳисобда турган пенсия ёшига яқинлашиб қолган шахслар учун 4 фоиз (36 киши);
жазони ўташ муассасаларидан озод қилинган, жазони ўтаётган ёки суд қарорига кўра тиббий характердаги мажбурий чоралар кўрилган шахслар учун 2,4 фоиз (22 киши);
ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг бошқа тоифалари учун 2,4 фоиз (22 киши);
Миқдорда иш ўринлари захирасини белгилайди.
2. Ушбу тоифа шахслар учун иш ўринлари ходимлар томонидан ўзларининг меҳнат мажбуриятларини тўсиқларсиз бажаришни таъминлайдиган санитария-гигиена нормалари ва меҳнат шароитларига мувофиқ бўлиши керак, шу жумладан:
ўн тўрт ёшгача болалари ва ногирон болалари бўлган ёлғиз ота, ёлғиз она ва кўп болали ота-оналар учун — болаларни тарбиялаш ва меҳнат мажбурияти бўйича вазифаларини уйғунлаштириш имкониятини берадиган ўзгарувчан иш жадвалига эга бўлган иш ўринлари;
таълим муассасаларини тугатган ёшлар учун — уларнинг касби бўйича тайёргарлигига мувофиқ бўлган иш ўринлари;
муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар учун — уларнинг касби бўйича тайёргарлигига мувофиқ иш ўринлари;
ногиронлар учун — меҳнат шароитлари аттестациясидан ўтказилган ҳамда ходимга иш жараёнларини тўсқинликсиз бажариш имконини (соғлиғининг аҳволи ва меҳнат фаолиятига нисбатан белгиланган зид кўрсаткичлар хисобга олинган ҳолда) бериладиган;
жазони ўташ муассасаларидан озод қилинган, жазони ўтаётган ёки суд қарорига кўра тиббий характердаги мажбурий чоралар кўрилган шахслар учун — уларнинг касби бўйича тайёргарлиги хисобга олинган ҳолда иш ўринлари, муайян касб-ҳунарга, малакага эга бўлмаган шахслар учун эса — махсус малакани талаб қилмайдиган иш ўринлари.
3. Тумандаги барча ташкилотлар раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий ҳимояга муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги Низомга мувофиқ ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун кўрсатилган иш ўринлари ташкил этилишини таъминласинлар.
4. Ушбу қарор бажарилмаган тақдирда ташкилотнинг мансабдор шахсларига «Ижтимоий ҳимояга муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларнинг ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 15-бандига мувофиқ жарима солинади.
5. Ушбу қарорда белгиланган ижтимоий ҳимояга муҳтож ва иш топишда қийналадиган ҳамда ногирон шахслар учун иш ўринлари банд қилиб қўйиш сонидан ортиқча иш ўринлари ташкил этилганда ташкилот учун қуйидаги имтиёзлар белгиланади:
ишлаб чиқариш участкалари (цехлар) ташкил қилиш учун нотураржой бинолари биринчи навбатда ажратилиши;
ушбу иш жойларини барпо қилишда сарфланган маблағнинг бир қисмини Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази билан тузилган шартнома асосида иш билан таъминлашга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш;
(бандлик билан маслахатлашиб яна бошқа имтиёзлар ҳам қўйилиши мумкин).
6. Туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази директори М. Хайруллаев бир ҳафта муддатда ушбу қарорни 1-бандида кўрсатилган ташкилот раҳбарлари эътиборига етказсин ва ушбу қарорни бажарилиши устидан назоратни таъминласин.
7. Ушбу қарор расмий нашрда эълон қилинган кундан бошлаб кучга кирган ҳисобланади.
8. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари Д. Аллабердиев зиммасига юклатилсин.
Ҳоким Б. МАМАТҚУЛОВ
Денов ш.,
2012 йил 20 сентябрь,
359-сон