Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани ҳокимининг
Қарори
ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯГА МУҳТОЖ ВА ИШ ТОПИШДА ҚИЙНАЛАЁТГАН ШАХСЛАРНИ ИШГА ЖОЙЛАШТИРИШ УЧУН ИШ ЎРИНЛАРИНИ БАНД ҚИЛИБ ҚЎЙИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят кенгашининг 2021 йил 6 июлдаги VI-29-26-8-0-K/21-сонли «Сурхондарё вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 8 июлдан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикаси «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунининг 17-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий ҳимояга муҳтож иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги Низомга асосан қарор қиламан:
1. «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасига асосан ижтимоий муҳофазага муҳтож иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун ташкилотлар, корхоналар, муассасалар ва фермер хўжаликларида олдин ишга қабул қилинган ногиронлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни ҳисобга олган ҳолда 2012 йилги иш ўринларини банд қилиб қўйиш режаси касб ва лавозимлар бўйича иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
*Илова берилмайди.
2. 2012 йил учун ижтимоий муҳофазага муҳтож иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш режаси 410 нафар этиб белгилансин.
Шу жумладан:
пенсия ёшига яқинлашиб қолган шахслар учун (8 киши);
ўн тўрт ёшгача болалари ва ногирон болалари бўлган ёлғиз ота, ёлғиз она ва кўп болали ота-оналар учун (57 киши);
таълим муассасаларини тамомлаган ёшлар учун (282 киши);
муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилганлар учун (31 киши);
жазони ўташ муассасаларидан озод қилинган, жазони ўтаётган ёки суд қарорига кўра тиббий характердаги мажбурий чоралар кўрилган шахслар учун (8 нафар);
ногиронлар учун (24 киши).
3. Ушбу тоифадаги шахслар учун иш ўринлари ходимлар томонидан ўзларининг меҳнат мажбуриятларини тўсиқларсиз бажарилишини таъминлайдиган санитария-гигиена нормалари ва меҳнат шароитларига мувофиқ бўлиши таъминлансин.
4. Ташкилотлар раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги Низомга мувофиқ ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун кўрсатилган иш ўринлари ташкил этишни таъминласинлар.
5. Ушбу қарор бажарилмаган тақдирда ташкилотнинг мансабдор шахсларига «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 15-бандига мувофиқ энг кам ойлик иш ҳақининг беш баробаридан етти баробаригача маъмурий жарима ҳамда Низомнинг 17-бандига мувофиқ корхоналардан ҳар бир барпо этилмаган иш жойлари учун бир ходимга тўғри келадиган йиллик ўртача иш ҳақи миқдорида жарима солинади.
6. Ушбу қарорда белгиланган ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш сонидан ортиқча иш ўринлари ташкил этилганда ташкилот учун қонунда белгиланган имтиёзлар белгилансин.
7. Олтинсой туман ҳокимининг 2010 йил 27 сентябрдаги «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун 2011 йилги махсус иш жойлари барпо этиш тўғрисида»ги 324-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
8. Туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази бир ҳафта муддат ичида ушбу қарорни тегишли мутасадди идоралар раҳбарларига етказиб берилишини таъминласин.
9. Тегишли ташкилотлар ва фермер хўжаликлари 2011 йилнинг 20 декабрига қадар илова қилинаётган режага асосан ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар учун барпо этилиши лозим бўлган иш жойларининг камида 25 фоизини банд қилиб қўйганлиги ва 2012 йилнинг 10 апрелига қадар эса 100 фоиз миқдорида банд қилиб қўйилганлиги тўғрисида туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказига маълумот берсин.
10. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг ижтимоий ва иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи А. Орипов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким Х. САМАТОВ
Қорлиқ қ.,
2011 йил 26 сентябрь,
457-сон