Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг
Қарори
Божхона юк декларацияларига тузатиш киритиш, қайта расмийлаштириш ва бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2013 йил 11 мартда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2143-2]
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг 2016 йил 14 апрелдаги 01-02/15-22-сонли «Божхона юк декларацияларига тузатиш киритиш, қайта расмийлаштириш ва бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарор, шунингдек унга ўзгартириш ва қўшимчаларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига (рўйхат рақами 2143-3, 10.05.2016 й.) асосан 2016 йил 16 августадан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикаси Божхона кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, 2-сон, 36-модда), «Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 9-сон, 230-модда), Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 18 июлдаги ПФ–4455-сон «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 29-сон, 328-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 29 декабрдаги 370-сон «Товарларни электрон шаклда божхона расмийлаштируви тартиби тўғрисида»ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 1-сон, 9-модда) асосан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг 2010 йил 19 августдаги 01-02/15-17-сон қарори (рўйхат рақами 2143, 2010 йил 24 сентябрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 38-сон, 339-модда) билан тасдиқланган Божхона юк декларацияларига тузатиш киритиш, қайта расмийлаштириш ва бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Давлат божхона қўмитаси раиси З. ДУСАНОВ
Тошкент ш.,
2013 йил 8 февраль,
01-02/15-17-сон
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг 2013 йил 8 февралдаги 01-02/15-17 -сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Божхона юк декларацияларига тузатиш киритиш, қайта расмийлаштириш ва бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Муқаддима «қўйилгандан сўнг» деган сўзлардан кейин «қоғоз ёки электрон шаклдаги» деган сўзлар билан тўлдирилсин.
2. 5-бандда «БЮДнинг биринчи нусхасини» деган сўзлар «БЮДни» деган сўз билан алмаштирилсин.
3. 14-бандда:
учинчи хатбошида «ҳамда бланк типографик рақамлари» деган сўзлар «рақами» деган сўз билан алмаштирилсин;
еттинчи хатбошида «БЮДнинг биринчи нусхаси (божхона учун нусха)» деган сўзлар «қоғоз шаклдаги БЮДнинг биринчи нусхаси (божхона учун нусха) ёки электрон шаклдаги БЮДнинг қоғоз нусхаси» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
4. 16-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«БЮДнинг электрон нусхасига ўзгартириш киритиш мазкур Низомнинг 18-банди иккинчи хатбошисида кўрсатилган тартибда амалга оширилади.».
5. 18-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Комиссия томонидан электрон шаклдаги БЮДга ўзгартириш киритиш ёки уни қайта расмийлаштириш тўғрисида қарор қабул қилинганда ёки божхона органи мансабдор шахсининг билдиргисига ҳудудий божхона органи бошлиғининг резолюциясига кўра, мазкур электрон шаклдаги БЮДни расмийлаштирган божхона постида божхона органи мансабдор шахси томонидан, уч иш куни давомида, бошланғич тақдим этилган электрон шаклдаги БЮД «рўйхатга олинган расмийлаштирилган» мақомидан «қайта расмийлаштирилган» мақомига ўтказилади ва унинг ўрнига маълумотлар базасида тўғриланган электрон шаклдаги БЮД рўйхатга олинади.».
6. 20-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Электрон шаклдаги БЮДни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинганда мазкур электрон шаклдаги БЮДни расмийлаштирган божхона постида божхона органи мансабдор шахси томонидан, уч иш куни давомида, бошланғич тақдим этилган электрон шаклдаги БЮД «рўйхатга олинган расмийлаштирилган» мақомидан «бекор қилинган» мақомига ўтказилади.».
7. Илованинг 2-банди «ёки электрон шаклдаги БЮДнинг юк эгаси ёки божхона брокери учун тайёрлаб берилган қоғоз нусхалари («экспорт» режимида юк мўлжалланган мамлакатга юбориш учун тайёрлаб берилган нусха бундан мустасно);» деган сўзлар билан тўлдирилсин.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 11-сон, 146-модда)