Андижон вилояти Избоскан тумани ҳокимининг
Қарори
ТУМАНДАГИ БАРЧА ЮРИДИК ВА ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРГА ТЕГИШЛИ ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ НАВБАТДАГИ 2013 ЙИЛ МАЖБУРИЙ ТЕХНИК КЎРИКДАН ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашининг 2021 йил 3 майдаги 116/24-6-сонли «Андижон вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 28 июндан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида Низомини тасдиқлаш ҳақида»ги 54-сонли қарори ижросини таъминлаш ҳамда Избоскан туман ички ишлар бўлими йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмасининг 2013 йил 29 январдаги 34/1-сонли хатини кўриб чиқиб қарор қиламан:
1. Избоскан туман ички ишлар бўлими йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмасининг 2013 йил 29 январдаги 34/1-сонли хати инобатга олинсин.
2. Тумандаги барча юридик ва жисмоний шахсларга тегишли транспорт воситаларини навбатдаги 2013 йил мажбурий техника кўригидан ўтказилсин.
3. Техника кўригини ўз вақтида ва сифатли ўтказиш учун тузилган ишчи гуруҳи таркиби иловага* асосан тасдиқлансин.
*Илова берилмайди.
4. Туман мудофаа ишлари бўлими (З. Рўзимов), туман Машина-трактор парки акциядорлик жамияти (А. Халилов), «Ўзагросуғурта» Давлат акциядорлик суғурта компанияси Избоскан тумани бўлими (А. Комилов) га 2013 йил 10 мартдан ойлик маоши сақланган ҳолда биттадан ходим ажратиш ҳамда туман ички ишлар бўлими ихтиёрига юбориш вазифаси юклатилсин.
5. Туман ички ишлар бўлими йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси (С. Исроилов)га:
ташкилот, корхона, муассаса ва фермер хўжаликлари, кичик корхоналардаги мавжуд барча транспорт воситаларини белгиланган жадвал асосида техник кўрикка тайёрланиши ва ўз вақтида тақдим этилишини назорат қилиш;
туман ҳудудидаги фуқароларга тегишли бўлган шахсий автотранспорт воситаларини 2013 йил 1 январдан 31 августга қадар тўла техник кўрикдан ўтказилишини таъминлаш вазифаси топширилсин.
6. Туман ички ишлар бўлими йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси (С. Исроилов) ва туман «Автоҳаваскорлар» жамияти (Д. Абдуманнопов)га техник кўрикдан ўтаётган ҳар бир транспорт воситасининг ёритқич чироқлари ойналарига автомашина давлат рақами белгиларини такрор ёзилишини (грапировка йўли билан) таъминлаш юклатилсин.
7. Туман «Пахтакор» рўзномаси муҳарририяти (А. Комилов)га йиллик техник кўригини ўтиш жараёнини рўзнома саҳифаларида ёритиб борилиши тавсия этилсин.
8. Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан туман ҳокимининг 2012 йил 21 январдаги 4-Ф-сонли фармойиши ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
9. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Д. Усмонов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким У. АБДУЛЛАЕВ
Пойтуғ ш.,
2013 йил 19 февраль,
133-к-сон