ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ Урганч шаҳар ҳокимининг
Қарори
ШАҲАРДАГИ ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ МАЖБУРИЙ ТЕХНИК КЎРИКДАН ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг 2021 йил 26 майдаги 27-141-сонли «Хоразм вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 3 июндан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикасининг «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонунининг 13-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлари Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сонли қарори билан тасдиқланган «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Низомга мувофиқ транспорт воситаларининг 2012 йилда мажбурий техник кўригини ташкил қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6, 25-моддаларига асосан, қарор қиламан:
1. Шаҳардаги юридик ва жисмоний шахсларга, шу жумладан хорижий юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган ва белгиланган тартибда ЙХХ бошқармаси органларида рўйхатдан ўтказилган транспорт воситалари, шунингдек троллейбуслар қуйидаги даврийликка мувофиқ мажбурий техник кўрикдан ўтказилсин.
а) тижорат асосида йўловчилар ташиш учун фойдаланиладиган енгил автомобил, автобуслар ва ўтириладиган жойлар сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган (ҳайдовчининг ўрнидан ташқари), одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари, йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус транспорт воситалари ва уларга тиркамалар 1 йилда 2 маротаба (биринчи марта 1 мартдан 30 июнгача ва иккинчи марта 1 сентябрдан 31 октябргача);
б) ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан кўп бўлмаган (мазкур қарорни «а» кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) транспорт воситалари икки йилда бир марта;
в) ишлаб чиқарилган йилини ҳисобга олган холда ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан ортиқ бўлган транспорт воситалари(мазкур қарорни «а» кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) бир йилда бир марта;
г) юридик шахсларга қарашли бўлган транспорт воситалари 1 мартдан 30 июнгача ва жисмоний шахсларга қарашли бўлган транспорт воситалари 1 январдан 31 августгача.
1-2 иловалар берилмайди.
3. Шаҳардаги суғурта ташкилотларига Ўзбекистон Республикасининг «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги қонуни ижросини таъминлаш борасидаги ишларни ташкиллаштирсин.
4. Шаҳар тиббиёт бирлашмаси (О.Ниязметов) техник кўрик даврида ҳайдовчиларнинг тиббий ҳолатини текшириш, Вилоят Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиги (Б.Садуллаев) транспорт воситаларининг атмосферага чиқараётган заҳарли газларни ўлчашда комиссия аъзоларига амалий ёрдам кўрсатсинлар.
5. Ушбу қарор шаҳар ҳокимлигининг расмий нашри бўлган «Урганч оқшоми»газетаси орқали эълон қилиш муҳаррири (С. Авезов)га топширилсин.
6. Транспорт воситаларини техник кўрикка жалб қилишда Йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳига шаҳар мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти, шаҳар фуқаролар йиғини раислари, шаҳар ички ишлар бўлими ходимлари ва жамоатчилик асосида амалий ёрдам кўрсатсин.
7. Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан шаҳар Урганч шаҳар ҳокимининг 3 февраль 2012 йилги 106-қ-сонли қарори ўз кучини йўқотган ҳисоблансин.
8. Шаҳар Ички ишлар бўлими Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмасига автоматотранспорт воситаларининг техник кўриги натижалари бўйича шаҳар ҳокимлигига 2012 йил 10 ноябргача ёзма ахборот бериш вазифаси топширилсин.
9. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари О. Сапаев зиммасига юклатилсин.
Ҳоким И.Р. ЁҚУБОВ
Урганч ш.,
2012 йил 28 август,
1418-к-сон