ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИ БИЛАН ТУРКМАНИСТОН ҲУКУМАТИ ЎРТАСИДА
Битим
Ўзаро маҳсулот етказиб бериш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркманистон Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
Томонлар ўртасида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашиш, шунингдек улар ўртасидаги савдони кенгайтириш истагини билдириб,
халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига ҳамда ўз давлатларининг қонунчилигига амал қилиб,
икки давлат ўртасида узоқ муддатга мўлжалланган турли даражалардаги, шу жумладан уларнинг хўжалик юритувчи субъектлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари муҳимлигини эътироф этиб, қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда.
Ушбу Битим қоидаларини амалга ошириш мақсадида ҳамда икки давлат қонунчилиги ва норматив-ҳуқуқий актлари доирасида, Томонлар икки томонлама маҳсулот етказиб бериш борасида қуйидагилар билан чекланиб қолмаган ҳолда ҳамкорлик қиладилар:
Ўзбекистон Республикасидан Туркманистонга — енгил автомобиллар, юк машиналари, автобуслар, махсус техника, қишлоқ хўжалиги техникаси, эҳтиёт қисмлар, минерал ўғитлар, ўсимликларни кимёвий ҳимоялаш воситалари, қурилиш материаллари, электр жиҳозлари ва электротехник ускуналар, қишлоқ хўжалик ва бошқа маҳсулотлар;
Туркманистондан Ўзбекистон Республикасига — нефть, газ конденсати, полипропилен, полистирол, бешофит, текстил ва қишлоқ хўжалиги ҳамда қайта ишлаш саноати маҳсулотлари, гилам маҳсулотлари ва бошқа маҳсулотлар.
2-модда.
1. Ушбу Битим доирасида кўзда тутилган ҳамкорлик Томонлар давлатларининг амалдаги қонунлари ва қоидалари, халқаро савдо тажрибаси ва Томонларнинг компаниялари ва хўжалик юритувчи субъектлари ўртасида тузилган шартномалари асосида амалга оширилиши лозим.
2. Томонлар ўзларининг хўжалик юритувчи субъектлари мажбуриятлари бўйича жавобгар эмаслар.
3-модда.
Мазкур Битимнинг мониторинги ва мувофиқлаштирилиши Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича ўзбек-туркман Қўшма комиссияси томонидан унинг йиғилишларида икки давлатнинг манфаатдор компаниялари ва хўжалик юритувчи субъектлари иштирокида Томонлар ўртасида маслаҳатлашувлар ўтказиш йўли билан амалга оширилади. Томонлар мунтазам равишда маҳсулотлар савдосига оид маълумотларни умумлаштирадилар ва савдода юзага келадиган масалаларни келишиб борадилар.
Мазкур Битимни амалга ошириш мақсадида, Томонлар икки давлатнинг вазирликлари, идоралари, ташкилотлари ва корхоналарининг қуйидаги фаолиятини кўллаб-қувватлашлари ва рағбатлантиришлари лозим:
— ишбилармон доиралар ва савдо миссиялар учрашувларини ва музокараларини ташкил этиш;
— ташқи савдога оид маълумот ва тажриба билан алмашиш;
— икки томонлама савдо ҳамкорлигига тўсқинлик қилаётган муаммоларни аниқлаш ва ўзаро қаноатлантирувчи қарорга келишга хизмат қиладиган тавсиялар бериш.
4-модда
Ушбу Битим қоидалари Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон иштирокчи бўлган халқаро шартномалардан, шунингдек уларнинг халқаро ташкилотларга аъзолигидан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
Томонлар халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига ҳамда ўз давлатлари қонунчилигига мувофиқ узоқ муддатли ҳамкорликни амалга оширадилар.
5-модда.
Ушбу Битим қоидаларини талқин этиш ёки қўллашда юзага келадиган келишмовчиликлар Томонлар ўртасидаги музокаралар ва маслаҳатлашувлар орқали ҳал этилади.
6-модда.
Томонларнинг ўзаро розилиги билан ушбу Битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин, улар ушбу Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган алоҳида баённомалар билан расмийлаштирилади.
Агарда баённомаларда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, ушбу модданинг биринчи хатбошида қайд этилган баённомаларнинг кучга кириши ва уларнинг амал қилиш муддати мазкур Битимнинг 7-моддасига мувофиқ белгиланади.
7-модда.
Мазкур Битим имзоланган санадан бошлаб кучга киради ва 2017 йилнинг 31 декабригача амал қилади. Агар ушбу Битимнинг амал қилиш муддати тугашидан олти ой олдин Томонлардан бири ёзма равишда бошқа Томонга ушбу Битимнинг амал қилишини тугатиш нияти тўғрисида хабар бермаса, мазкур Битим кейинги беш йиллик муддатларга ўз-ўзидан узаяверади.
Мазкур Битимни амал қилиш муддатининг тугатилиши ушбу Битим амалда бўлган вақтида ва Битимни амалга ошириш доирасида имзоланган шартномаларга таъсир этмайди.
Ашхобод шаҳрида 2012 йил 2 октябрда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, туркман ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Мазкур Битимни талқин этишда келишмовчиликлар юзага келганда, Томонлар рус тилидаги матндан фойдаланадилар.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2012 й., 3-4-сон,)