ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ Урганч шаҳар ҳокимининг
Қарори
ИЖТИМОИЙ МУҲОФАЗАГА МУҲТОЖ, ИШ ТОПИШДА ҚИЙНАЛАЁТГАН ШАХСЛАРНИ ИШГА ЖОЙЛАШТИРИШ УЧУН ИШ ЎРИНЛАРИНИ БАНД ҚИЛИБ ҚЎЙИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг 2021 йил 26 майдаги 27-141-сонли «Хоразм вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 3 июндан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунининг 7, 17-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги низоми ҳамда «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6, 25-моддаларига асосланиб қарор қиламан.
1. Ижтимоий муҳофазага муҳтож иш топишда қийналаётган шахсларни 2013 йилда ишга жойлаштириш учун иш ўринлари банд қилиб қўйиладиган корхона, ташкилот ва муассасалар рўйхати 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1-илова берилмайди.
2. Корхона, муассаса ва ташкилотларда ходимларнинг ўртача сонидан келиб чиққан ҳолда 315 та иш ўрни.
Шу жумладан:
ёлғиз ота, ёлғиз она ва 14 ёшгача бўлган ногирон болалари бор кўп болали ота-оналар учун 35 фоиз (110 киши);
таълим муассасаларини тугатган ёшлар учун 49 фоиз (154 киши);
муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар учун 6 фоиз (19 киши);
ногиронлар учун 3 фоиз (10 киши);
бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш шаҳар марказида иш қидирувчи сифатида ҳисобда турган пенсия ёшига яқинлашиб қолган шахслар учун 4 фоиз (14 киши);
жазони ўташ муассасаларидан бўшатилган, жазони ўтаётган ёки суд қарорига кўра тиббий характердаги мажбурий чоралар кўрилган шахслар учун 2.5 фоиз (8 киши) миқдорида иш ўринлари захирасини белгилайди.
3. Ушбу тоифа шахслар учун иш ўринлари ходимлар томонидан ўзларининг меҳнат мажбуриятларини тўсиқларсиз бажаришини таъминлайдиган санитария-гигиена нормалари ва меҳнат шароитларига мувофиқ бўлиши таъминлансин.
Шу жумладан:
ёлғиз ота, ёлғиз она ва 14 ёшгача бўлган ногирон болалари бор кўп болали ота-оналар учун:
болаларни тарбиялаш ва меҳнат мажбуриятлари бўйича вазифаларни уйғунлаштириш имконини берадиган, ўзгарувчан иш жадвалига эга бўлган иш ўринлари;
таълим муассасаларини тугатган ёшлар учун — уларнинг касб бўйича тайёргарлигига мувофиқ бўлган иш ўринлари;
муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар учун — уларнинг касб бўйича тайёргарлигига мувофиқ бўлган иш ўринлари;
ногиронлар учун — меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказилган ҳамда ходимга иш жараёнларини тўсқинликсиз бажариш имконини (соғлиғининг аҳволи ва меҳнат фаолиятига нисбатан белгиланган зид кўрсаткичлар ҳисобга олинган ҳолда) берадиган иш ўринлари;
бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказида иш қидирувчи сифатида ҳисобда турган пенсия ёшига яқинлашиб қолган шахслар учун — махсус малакани талаб қилмайдиган иш ўринлари;
жазони ўташ муассасаларидан бўшатилган, жазони ўтаётган ёки суд қарорига кўра тиббий характердаги мажбурий чоралар кўрилган шахслар учун — уларнинг касб бўйича тайёргарлиги ҳисобга олинган ҳолдаги иш ўринлари, муайян касб-ҳунарга, малакага эга бўлмаган шахслар учун эса — махсус малакани талаб қилмайдиган иш ўринлари ташкил қилинсин.
4.Корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ижтимоий муҳофазага муҳтож иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун банд қилиб қўйиладиган касб ва лавозимлар 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 2-илова берилмайди.
5. Корхона, муассаса ва ташкилотлар раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сон қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги низомга мувофиқ ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун кўрсатилган иш ўринлари ташкил этилишини таъминласинлар.
6. Ушбу қарор ижросини таъминламаган корхона, ташкилот ва муассасаларнинг мансабдор шахсларига «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида» ги низомнинг 15-бандига мувофиқ жарима солинади.
7. Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун банд қилиб қўйиладиган иш ўринларини мазкур қарорда белгиланган миқдоридан ортиқча ташкил этган ташкилотлар ушбу ортиқча иш ўринларини ташкил этишга сарфланган маблағларнинг бир қисмини Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази билан тузилган шартнома асосида Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш ҳуқуқига эга эканлиги кўрсатиб ўтилсин.
8. Ушбу қарор «Урганч оқшоми» газетасида эълон қилинсин.
9. Ўзбекистон Республикаси «Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг 15-моддасига асосан 2013 йилга мўлжалланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тўғрисида»ги қарори 1 январдан кучга кириши муносабати билан Урганч шаҳар ҳокимининг 2012 йилдаги Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тўғрисидаги 2011 йил 30 сентябрдаги 1418-сонли қарори 2012 йил 31 декабрдан бекор қилинсин.
10. Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази (Б.Курбанов) бир ҳафта муддатда мазкур қарорни 1-бандда кўрсатилган корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари эътиборига етказилишини таъминласин.
11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш шаҳар ҳокимининг ўринбосари М.Мадримов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким И.Р. ЁҚУБОВ
Урганч ш.,
2012 йил 2 ноябрь,
1852-қ-сон