ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ Шовот тумани ҳокимининг
Қарори
ИЖТИМОИЙ МУҲОФАЗАГА МУҲТОЖ, ИШ ТОПИШДА ҚИЙНАЛАЁТГАН ШАХСЛАРНИ ИШГА ЖОЙЛАШТИРИШ УЧУН ИШ ЎРИНЛАРИНИ БАНД ҚИЛИБ ҚЎЙИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг 2021 йил 26 майдаги 27-141-сонли «Хоразм вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 3 июндан ўз кучини йўқотади.
Вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари А.Аллаяровнинг туман ҳокимининг номига 2011 йил 26 октябрдаги 1979/2185-сонли ёзишмасини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ти Қонунининг 7, 17-моддаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуннинг 6, 25-моддаларига асосланиб, қарор қиламан.
1. Ижтимоий муҳофазага муҳтож иш топишда қийналаётган шахсларни 2012 йилда ишга жойлаштириш учун иш ўринлари банд қилиб қўйиладиган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар рўйхати 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1-илова берилмайди.
2. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ходимларнинг ўртача сонидан келиб чиққан ҳолда 201 та иш ўрни, шу жумладан:
ўн тўрт ёшга тўлмаган болалари ва ногирон болалари бор ёлғиз ота, ёлғиз оналарга ҳамда кўп болали ота-оналар учун 26 фоиз (53 киши);
таълим муассасаларини тугатган ёшлар учун 50 фоиз (100 киши);
муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар учун 11 фоиз (22 киши);
ногиронлар учун 3 фоиз (6 киши);
бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш туман марказида иш қидирувчи сифатида ҳисобда турган пенсия ёшига яқинлашиб қолган шахслар учун 3 фоиз (6 киши);
жазони ўташ муассасаларидан бўшатилган жазони ўтаётган ёки суд қарорига кўра тиббий характердаги мажбурий чоралар кўрилган шахслар учун 7 фоиз (14 киши) миқдорида иш ўринлари захирасини белгилайди.
3. Ушбу тоифа шахслар учун иш ўринлари ходимлар томонидан ўзларининг меҳнат мажбуриятларини тўсиқларсиз бажаришини таъминлайдиган санитария-гигиена нормалари ва меҳнат шароитларига мувофиқ бўлиши таъминлансин. Шу жумладан:
ўн тўрт ёшга тўлмаган болалари ва ногирон болалари бор ёлғиз ота, ёлғиз оналарга ҳамда кўп болали ота-оналар учун — болаларни тарбиялаш ва меҳнат мажбуриятлари бўйича вазифаларни уйғунлаштириш имконини берадиган ўзгарувчан иш жадвалига эга бўлган иш ўринлари;
таълим муассасаларини тугатган ёшлар учун — уларнинг касб бўйича тайёргарлигига мувофиқ бўлган иш ўринлари;
муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар учун — уларнинг касб бўйича тайёргарлигига мувофиқ бўлган иш ўринлари;
ногиронлар учун — меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказилган ҳамда ходимга иш жараёнларини тўсқинликсиз бажариш имконини (соғлиғининг аҳволи ва меҳнат фаолиятига нисбатан белгиланган зид кўрсаткичлар ҳисобга олинган ҳолда) берадиган иш ўринлари;
бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш туман марказида иш қидирувчи сифатида ҳисобда турган пенсия ёшига яқинлашиб қолган шахслар учун — махсус малакани талаб қилмайдиган иш ўринлари;
жазони ўташ муассасаларидан бўшатилган жазони ўтаётган ёки суд қарорига кўра тиббий характердаги мажбурий чоралар кўрилган шахслар учун — уларнинг касб бўйича тайёргарлиги ҳисобга олинган ҳолдаги иш ўринлари ушбу тоифадаги муайян касб-ҳунарга эга бўлмаган шахслар учун эса — махсус малакани талаб қилмайдиган иш ўринлари ташкил қилинсин.
4. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ижтимоий муҳофазага муҳтож иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун банд қилиб қўйиладиган касб ва лавозимлар 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 2-илова берилмайди.
5. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сон қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги низомга мувофиқ ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун кўрсатилган иш ўринлари ташкил этилишини таъминлансин.
6. Ушбу қарорни бажармаган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг мансабдор шахсларига «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 15-бандига мувофиқ жарима солинади.
7. Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун банд қилиб қўйиладиган иш ўринларини туман хокими томонидан белгиланган миқдордан ортиқча ташкил этган ташкилотлар ушбу иш ўринларини ташкил этишга сарфланган маблағларнинг бир қисмини бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази билан тузилган шартнома асосида Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш ҳуқуқига эга эканлиги кўрсатиб ўтилсин.
8. Ушбу қарор «Шовот истиқболи» газетасида эълон қилинсин.
9. Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказига (А.Тажиев) бир ҳафта муддатда мазкур қарорни 1-бандда кўрсатилган ташкилот раҳбарлари эътиборига етказсин ва ушбу қарорнинг бажарилиши устидан назоратни таъминласин.
Ҳоким К.Р. КУРЯЗОВ
Шовот т.,
2011 йил 27 октябрь,
1134-сон