ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ Хива тумани ҳокимининг
Қарори
ИЖТИМОИЙ МУҲОФАЗАГА МУҲТОЖ, ИШ ТОПИШДА ҚИЙНАЛАЁТГАН ШАХСЛАРНИ ИШГА ЖОЙЛАШТИРИШ УЧУН ИШ ЎРИНЛАРИНИ БАНД ҚИЛИБ ҚЎЙИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Хоразм вилояти Хива тумани ҳокимининг 2012 йил 3 октябрдаги 906-сонли «Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунининг 7, 17-моддаси ва «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6, 25-моддаларига асосан қарор қиламан.
1. Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган шахсларни 2012 йилда ишга жойлаштириш учун иш ўринлари банд қилиб қўйиладиган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар рўйхати 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1-илова берилмайди.
2. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ходимларнинг рўйхат бўйича ўртача сонидан келиб чиққан ҳолда 315 та иш ўрни, шу жумладан:
ўн тўрт ёшга тўлмаган болалари ва ногирон болалари бор ёлғиз ота, ёлғиз оналарга ҳамда кўп болали ота-оналар учун 18 фоиз (58 киши);
таълим муассасаларини тугатган ёшлар учун 44 фоиз (144 киши);
муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар учун 12 фоиз (38 киши);
ногиронлар учун 7 фоиз (23 киши);
бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказида иш қидирувчи сифатида ҳисобда турган пенсия ёшига яқинлашиб қолган шахслар учун 3 фоиз (26 киши);
жазони ўташ муассасаларидан бўшатилган, жазони ўтаётган ёки суд қарорига кўра тиббий характердаги мажбурий чоралар кўрилган шахслар учун 3 фоиз (11 киши);
аҳолининг бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифалари учун 7 фоиз (21 киши) миқдорида иш ўринлари захирасини белгилайди.
3. Ушбу тоифа шахслар учун иш ўринлари ходимлар томонидан ўзларининг меҳнат мажбуриятларини тўсиқларсиз бажарилишини таъминлайдиган санитария-гигиена нормалари ва меҳнат шароитларига мувофиқ бўлиши керак, шу жумладан:
ўн тўрт ёшга тўлмаган болалари ва ногирон болалари бор ёлғиз ота, ёлғиз оналарга ҳамда кўп болали ота-оналар учун — болаларни тарбиялаш ва меҳнат мажбуриятлари бўйича вазифаларни уйғунлаштириш имконини берадиган, ўзгарувчан иш жадвалига эга бўлган иш ўринлари;
таълим муассасаларини тугатган ёшлар учун — уларнинг касб бўйича тайёргарлигига мувофиқ бўлган иш ўринлари;
муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар учун — уларнинг касб бўйича тайёргарлигига мувофиқ бўлган иш ўринлари;
ногиронлар учун — меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказилган ҳамда ходимга иш жараёнларини тўсқинликсиз бажариш имконини (соғлиғининг аҳволи ва меҳнат фаолиятига нисбатан белгиланган зид кўрсаткичлар ҳисобга олинган ҳолда) берадиган иш ўринлари;
бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказида иш қидирувчи сифатида ҳисобда турган пенсия ёшига яқинлашиб қолган шахслар учун — махсус малакани талаб қилмайдиган иш ўринлари;
жазони ўташ муассасаларидан бўшатилган, жазони ўтаётган ёки суд қарорига кўра тиббий характердаги мажбурий чоралар кўрилган шахслар учун — уларнинг касб бўйича тайёргарлиги ҳисобга олинган ҳолдаги иш ўринлари, муайян касб-ҳунарга, малакага эга бўлмаган шахслар учун эса махсус малакани талаб қилмайдиган иш ўринлари ташкил қилинсин.
4. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун банд қилиб қўйиладиган касб ва лавозимлар 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 2-илова берилмайди.
5. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги низомга мувофиқ ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун кўрсатилган иш ўринлари ташкил этилишини таъминласин.
6. Ушбу қарор бажарилмаган тақдирда корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг мансабдор шахсларига «Ижтимоий муҳофазага муҳтож иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 15-бандига мувофиқ жарима солинади.
7. Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун банд қилиб қўйиладиган иш ўринларини туман ҳокими томонидан белгиланган миқдордан ортиқча ташкил этган ташкилотлар ушбу 1 ўринларини ташкил этишга сарфланган маблағларнинг бир қисми Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази билан тузилган шартнома асосида Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш ҳуқуқига эга эканлиги кўрсатиб ўтилсин.
8. Қарор «Хива тонги» газетасида эълон қилинсин.
9. Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази (С. Уллиев) бир ҳафта муддатда ушбу қарорни 1-бандда кўрсатилган ташкилот раҳбарлари эътиборига етказиш вазифаси топширилсин.
10. Ушбу қарорнинг бажарилиши устидан назорат қилишни туман ҳокимининг ўринбосари У. Қувақов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким Д.С. АЛЛАКУЛИЕВ
Хива т.,
2011 йил 29 сентябрь,
990-сон