Наманган вилояти ҳокимининг
қарори
ВИЛОЯТ ҲУДУДИДА ТЎЙ, ЮБИЛЕЙ ВА БОШҚА ТАНТАНАЛАРДА, РЕСТОРАНЛАР, КАФЕ, БАР ВА БОШҚА ТАДБИР ЎТКАЗИШ ЖОЙЛАРИДА МАДАНИЙ ХИЗМАТ КЎРСАТИШ СИФАТИНИ ЯНАДА ЯХШИЛАШ, БЎШ ВА ЗАИФ АСАРЛАР ТАРҚАЛИШИНИ ОЛДИНИ ОЛИШ ҲАҚИДА
Вилоятимизда замонавий миллий эстрада санъатини янада ривожлантириш, эстрада ижодкорларининг профессионал малакаси ва ижро маданиятини ошириш, ёш санъаткорларнинг ўз истеъдод ва маҳоратини тўла намоён этиши учун қулай шарт-шароит ва зарур имкониятлар яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, моддий ва маънавий рағбатлантириш, мазмунан теран, бадиий юксак асарларни кенг тарғиб қилиш, миллий қадриятларимизга тўғри келмайдиган, ёшларнинг маънавий савиясига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бўш ва заиф асарлар тарқалишини олдини олиш, шунингдек, вилоят ҳудудида тўй, юбилей ва бошқа тантаналарда хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш, ушбу фаолият билан ноқонуний (лицензиясиз) шуғулланишни олдини олиш бугуннинг долзарб вазифасидир.
Бу борада, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 28 октябрдаги «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида»ги ПФ-2100-сон Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 13 июндаги «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги ПҚ-653-сон қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 26 июндаги «Эстрада қўшиқчилик санъатини янада ривожлантириш тўғрисида»ги 272-сонли, 2001 йил 29 июндаги «Гастроль-концерт фаолияти соҳасида солиқ солишни ва аудио-видео кассеталарни тарқатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 285-сонли, 2003 йил 11 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасида ва унинг ташқарисида гастроль-концерт фаолиятини, шунингдек тўй, юбилей ва бошқа тантаналарда концерт хизмати кўрсатишни лицензиялаш тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида»ги 498-сонли қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида ҳамда «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси вилоят бўлимининг 2012 йил 30 июлдаги 55-Н-сонли хатини инобатга олиб, қарор қиламан:
1. Вилоят ҳудудида тўй, юбилей ва бошқа тантаналарда, ресторанлар, кафе, бар ва бошқа тадбир ўтказиш жойларида маданий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, аҳолига мазмунан теран, бадиий юксак асарларни етказиш, шунингдек ёшларнинг маънавий савиясига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бўш ва заиф асарлар тарқалишини олдини олиш мақсадида ижрочилар (хонандалар, давра олиб борувчилар, созанда ва раққосалар, овоз операторлари) томонидан ноқонуний (лицензиясиз) фаолият олиб борилишини олдини олиш қатъий назоратга олинсин.
2. Вилоят Давлат солиқ бошқармаси (А.Валиев), «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси вилоят бўлими (Н. Қўчқаров) вилоятда ўтқазиладиган тўй, юбилей ва бошқа тантаналарда концерт хизмати кўрсатиш фаолияти билан шуғулланишнинг белгиланган тартибига риоя этилишини қатъий назорат қилинишини таъминласинлар ҳамда кўрсатиб ўтилган фаолият тури билан тегишли лицензия олмасдан шуғулланувчи шахсларни амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортсинлар.
3. Вилоят Хотин-қизлар қўмитаси (М. Азизова), вилоят «Маҳалла» хайрия жамоат фонди (Н. Садриддинов), «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими (А. Жалилов), «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят Кенгаш (Ж. Нодиров)ларига вилоятда ўтказилаётган тўйлар, юбилей ва бошқа тантаналарда концерт хизмати кўрсатиши тегишли лицензия олган ҳолда амалга оширилиши лозимлиги юзасидан кенг тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш тавсия этилсин.
4. «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси вилоят бўлими (Н. Қўчқаров) вилоятда мазкур фаолият билан қонуний (лицензия олган ҳолда) шуғулланаётган ижрочиларнинг репертуарларини бойитиб бориш, уларга ўз истеъдодларини янада шакллантириш бўйича яқиндан ёрдам кўрсатиш, вилоятимизда замонавий миллий эстрада санъатини янада ривожлантириш, эстрада ижодкорларининг профессионал малакасини ва ижро маданиятини ошириш, ёш санъаткорларнинг ўз истеъдод ва маҳоратларини тўла намоён этиши учун шарт-шароит ва зарур имкониятларни яратиш бўйича тегишли чораларни кўрсин.
5. Вилоят телерадиокомпанияси (М. Мақсудов) ва вилоятдаги бошқа барча оммавий ахборот воситаларига мазкур соҳа бўйича чиқарилган қонун ва қарорлар ижросини таъминлаш бўйича махсус кўрсатув ва мақолалар чиқариб бориш тавсия этилсин.
6. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
7. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг ўринбосари Х. Жалолов зиммасига юклансин.
Ҳоким Б. ЮСУПОВ
Наманган ш.,
2012 йил 27 сентябрь,
315-сон