ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ Боғот тумани ҳокимининг
Қарори
ИЖТИМОИЙ МУҲОФАЗАГА МУҲТОЖ, ИШ ТОПИШДА ҚИЙНАЛАЁТГАН ШАХСЛАРНИ ИШГА ЖОЙЛАШТИРИШ УЧУН ИШ ЎРИНЛАРИНИ БАНД ҚИЛИБ ҚЎЙИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг 2021 йил 26 майдаги 27-141-сонли «Хоразм вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 3 июндан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунининг 7, 17-моддаси ҳамда «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасига асосланиб, қарор қиламан.
1 Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қиладиган корхона ва ташкилотлар ҳамда муассасалар рўйхати тасдиқлансин. (1-илова*).
* 1-илова берилмайди.
2. Корхона ва ташкилотлар ҳамда муассасаларда ходимларнинг ўртача сонидан келиб чиққан ҳолда 300 та иш ўрни, шу жумладан:
ўн тўрт ёшгача болалари ва ногирон болалари бўлган ёлғиз ота, ёлғиз она ва кўп болали ота оналар учун 13 фоиз (38 киши);
таълим муассасаларини тугатган ёшлар учун 59 фоиз (179 киши);
муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилганлар учун 14 фоиз (41 киши);
ногиронлар учун 6 фоиз (17 киши);
бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказида иш қидирувчи сифатида рўйхатда турган пенсия ёшига яқинлашиб қолган шахслар учун 2 фоиз (5 киши):
жазони ўташ муассасаларидан озод қилинган, жазони ўтаётган ёки суд қарорига кўра тиббий характердаги мажбурий чоралар кўрилган шахслар учун 3 фоиз (10 киши);
ижтимоий муҳофазага муҳтож шахсларнинг бошқа тоифалари учун 3 фоиз (10 киши) миқдорида иш ўринлари захираси белгилансин.
3. Ушбу тоифа шахслар учун иш ўринлари ходимлар томонидан ўзларининг меҳнат мажбуриятларини тўсиқларсиз бажаришини таъминлайдиган санитария ва гигиена нормалари ва меҳнат шароитларига мувофиқ бўлиши таъминлансин. Жумладан:
ўн тўрт ёшгача болалари ва ногирон болалари бўлган ёлғиз ота, ёлғиз она ва кўп оилали ота-оналар учун болаларни тарбиялаш ва меҳнат мажбуриятлари бўйича вазифаларни уйғунлаштириш имконини берадиган, ўзгарувчан иш жадвалига эга бўлган иш ўринлари;
таълим муассасаларини тугатган ёшлар учун уларнинг касб бўйича тайёргарлигига мувофиқ бўлган иш ўринлари;
муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилганлар учун уларнинг касб бўйича тайёргарлигига мувофиқ бўлган иш ўринлари;
ногиронлар учун меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказилган ҳамда ходимга иш жараёнларини тўсқинликсиз бажариш имконини (соғлиғининг аҳволи ва меҳнат фаолиятига нисбатан белгиланган зид кўрсаткичларни ҳисобга олган ҳолда) берадиган иш ўринлари;
бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказида иш қидирувчи сифатида рўйхатда турган пенсия ёшига яқинлашиб қолган шахслар учун махсус малакани талаб қилмайдиган иш ўринлари;
жазони ўташ муассасаларидан озод қилинган, жазони ўтаётган ёки суд қарорига кўра тиббий характердаги мажбурий чоралар кўрилган шахслар учун уларнинг касб бўйича тайёргарлиги ҳисобга олинган ҳолдаги иш ўринлари муайян касб-ҳунарга ва малакага эга бўлмаган шахслар учун эса махсус малакани талаб қилмайдиган иш ўринлари ташкил қилинсин.
4. Корхона ва ташкилотлар ҳамда муассасаларда ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун банд қилинган касб ва лавозимлар тасдиқлансин. (2-илова*).
* 2-илова берилмайди.
5. Корхона ва ташкилотлар раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш тартиби тўғрисидаги Низом»га мувофиқ, ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун кўрсатилган иш ўринлар ташкил қилинишини таъминласин.
6. Ушбу қарорни бажармаган корхона ва ташкилотнинг мансабдор шахсларига «Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида Низом»нинг 15-бандига мувофиқ жарима солинсин.
7. Ушбу қарорда белгиланган иш ўринларини ортиқча бажарган корхона ва ташкилотлар шу иш ўрнини ташкил этишга сарфланган маблағнинг бир қисмини Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази билан тузилган шартномага асосан Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш ҳуқуқига эга эканлиги кўрсатиб ўтилсин.
8. «Боғот садоси» газетаси муҳаррири (Р.Роззоқов)га ушбу қарорни газетада эълон қилиш тавсия қилинсин.
9. Туман ҳокимининг ўринбосари Э. Худайберганов ва Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази (М. Болтаев) бир ҳафта муддатда ушбу қарорни 1-бандда кўрсатилган ташкилот раҳбарлари эътиборига етказсин ва ушбу қарорни бажарилиши устидан назоратни таъминласин.
Ҳоким Р.Ш. БЕКЧАНОВ
Боғот тумани,
2011 йил 30 сентябрь,
632-к-сон