Ўзбекистон Республикаси билан Покистон Ислом Республикаси ўртасида
Шартнома
ЭКСТРАДИЦИЯ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси билан Покистон Ислом Республикаси, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
экстрадиция тўғрисида шартнома ёрдамида икки давлат ўртасида жиноятчилик ва терроризмга қарши курашдаги ҳамкорлиги самарали бўлишига кўмаклашиш истагида,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Тутиб топшириш мажбурияти
Тутиб топшириш мажбурияти
Ҳар бир Томон бошқа Томонга тегишли сўров олинган тақдирда ҳамда ушбу Шартнома қоидаларини эътиборга олиб, сўраётган Томонда қидирилаётган исталган шахсни бошқа Томонга тутиб топширишга олиб келадиган ҳуқуқбузарлик юзасидан суд таъқибини амалга ошириш ёки шундай ҳуқуқбузарлик юзасидан ҳукм чиқарилиши ёхуд унинг ижро этилиши учун тутиб топширишга розидир.
2-модда
Тутиб топширишни тақозо этадиган ҳуқуқбузарликлар
Тутиб топширишни тақозо этадиган ҳуқуқбузарликлар
1. Ушбу Шартномага кўра, иккала Томоннинг қонунларига мувофиқ сўраётган Томоннинг юрисдикциясига кирадиган ва камида бир йил қамашни ёки бошқа тарзда озодликдан маҳрум этишни тақозо этадиган ёхуд янада жиддийроқ жазо бериладиган ва экстрадиция тўғрисида тегишли қонунларга мувофиқ келадиган ҳуқуқбузарликлар тутиб топширишга олиб келадиган ҳуқуқбузарликлар саналади. Тутиб топшириш тўғрисидаги сўров шундай ҳуқуқбузарликни амалга оширганлиги учун қамаш ёки бошқача тарзда озодликдан маҳрум этиш тўғрисида ҳукм ижро этилиши учун қидирилаётган шахсга тааллуқли бўлса, бу жазо муддатининг тугашига олти ойдан ортиқроқ вақт қолган ҳолдагина тутиб топшириш амалга оширилиши мумкин.
2. Бирон-бир ҳуқуқбузарлик иккала Томоннинг қонунларига биноан ана шундай ҳуқуқбузарликми ёки йўқми эканлигини аниқлаш учун қуйидагиларнинг аҳамияти йўқ:
а) айни ҳуқуқбузарликни ташкил этган фаолият ёки фаолиятсизлик Томонларнинг қонунларига кўра ҳуқуқбузарликнинг шу тоифасига мансубми ё айни ҳуқуқбузарлик шундай атама билан номланадими;
b) ушбу ҳуқуқбузарликни ташкил этган унсурлар Томонларнинг қонунларига кўра фарқланадими, бунда сўраётган Томон далил қилиб келтираётган фаолият ёки фаолиятсизлик эътиборга олиниши кўзда тутилади.
3. Тутиб топшириш тўғрисидаги сўров бир неча алоҳида ҳуқуқбузарликка оид бўлса ва уларнинг ҳар бири иккала Томоннинг қонунларига кўра жазоланса, аммо уларнинг айримлари ушбу модданинг 1-бандида баён этилган талабларга тўғри келмаса, сўралаётган Томон шахсни охирги ҳуқуқбузарликлари юзасидан, ҳеч бўлмаганда тутиб топширишга олиб келадиган битта ҳуқуқбузарлиги учун тутиб топширилишига рухсат бериши мумкин.
4. Қуйидаги атамалар ушбу маънода қўлланади:
«фаолият» — шахснинг ижтимоий хавфли, онгли ва фаол хатти-ҳаракати;
«фаолиятсизлик» — қонунда белгилаб қўйилган, шахснинг бажариши мажбурий бўлган муайян фаолияти бажармаслигидан иборат ижтимоий хавфли, онгли ва суст хатти-ҳаракати.
3-модда
Рад этиш учун асос
Рад этиш учун асос
1. Ушбу Шартномага кўра қуйидаги ҳолларда тутиб топшириш кафолатланмаслиги керак:
a) қидирилаётган шахс сўралаётган Томон ёки учинчи давлатнинг суд органлари тарафидан тутиб топшириш сўралишига олиб келган жинояти учун айбдор деб топилган, ҳукм қилинган ёки оқланган бўлса;
b) қидирилаётган шахснинг суд тафтиши сўралаётган Томоннинг қонунларига мувофиқ муддати ўтганлиги сабабли тўхтатилса;
с) тутиб топшириш сўралган жинояти учун шахс, хоҳ сўралаётган Томонда, хоҳ учинчи давлатда бўлсин, жазони ўтаётган бўлса.
2. Ички қонунларга мувофиқ ва ҳамжиҳатлик асосида тутиб топширилиши сўралаётган шахс сўралаётган Томоннинг фуқароси бўлса, сўровни бажариш рад этилиши мумкин. Тутиб топшириш рад этиладиган бўлса, сўралаётган Томон шахсни тутиб топширишни сўрашга олиб келган жинояти учун суд таъқиби этиш масаласини ҳал этиш учун ваколатли органларга топшириши мумкин. Сўралаётган Томон сўраётган Томонга амалга оширилган ҳар қандай иш ва жиноий текширув натижаларини хабар қилиши лозим. Шахснинг фуқаролиги тутиб топширишни талаб этишга олиб келган жиноят содир этилган пайтда аниқланиши керак.
4-модда
Сиёсий мулоҳазаларга ёки сиёсий бошпана беришга кўра рад этиш
Сиёсий мулоҳазаларга ёки сиёсий бошпана беришга кўра рад этиш
1. Агар ҳуқуқбузарлик сиёсий хусусиятга эга бўлса ёки тутиб топшириш талаб қилинган шахсга сўралаётган Томон сиёсий бошпана берган бўлса, тутиб топшириш рад этилиши мумкин.
2. Ушбу Шартномага кўра қуйидаги ҳуқуқбузарликлар сиёсий хусусиятга эга ҳуқуқбузарлик ҳисобланмайди:
a) Гаага шаҳрида 1970 йил 16 декабрда имзолаш учун очилган Ҳаво кемасини ноқонуний эгаллашнинг олдини олиш тўғрисидаги конвенцияга мувофиқ ҳуқуқбузарликлар;
b) Монреал шаҳрида 1971 йил 21 сентябрда имзолаш учун очилган Фуқаро авиацияси хавфсизлигига қарши қаратилган ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш тўғрисидаги конвенцияга мувофиқ ҳуқуқбузарликлар;
c) Нью-Йорк шаҳрида 1973 йил 14 декабрда имзолаш учун очилган Халқаро муҳофазага эга бўлган шахсларга, бунга дипломатик агентлар ҳам киради, қарши қаратилган жиноятларнинг олдини олиш ва унга барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияга мувофиқ ҳуқуқбузарликлар;
d) Нью-Йорк шаҳрида 1979 йил 17 декабрда имзолаш учун очилган Одамларни гаровга тутиб қолишга қарши Халқаро конвенцияга мувофиқ ҳуқуқбузарликлар;
е) Ўзбекистон Республикаси билан Покистон Ислом Республикаси иштирок этган ёки иштирок этиши мумкин бўлган, терроризмга қарши кураш соҳасида халқаро конвенцияларга мувофиқ ҳуқуқбузарликлар.
5-модда
Алоқа каналлари ва зарур ҳужжатлар
Алоқа каналлари ва зарур ҳужжатлар
1. Тутиб топшириш тўғрисидаги сўров ёзма равишда юборилади. Сўровлар, тасдиқловчи ҳужжатлар ва бошқа хабарлар Томонлар тайинлаган марказий органлар тарафидан дипломатик каналлар орқали бевосита жўнатилади.
2. Тутиб топшириш тўғрисидаги сўровга қуйидаги материаллар илова қилинади:
a) барча ҳолларда;
i) талаб этилаётган шахснинг мумкин қадар аниқ тасвири ҳамда ушбу шахснинг кимлиги ва фуқаролигини аниқлашда асқотадиган бошқа ҳар қандай ахборот;
ii) қонуннинг ушбу ҳуқуқбузарликни тоифалайдиган тегишли моддаси матни, ёки зарур бўлса, ушбу ҳуқуқбузарлик тўғри келадиган моддаси матни ва ушбу ҳуқуқбузарлик учун берилиши мумкин бўлган жазо тавсифи;
b) шахс бирон-бир ҳуқуқбузарликда айбланаётган бўлса, суд томонидан ёки бошқа ваколатли орган тарафидан ушбу шахсни ҳибсга олиш тўғрисида берилган ордер ёки шундай ордернинг тасдиқланган нусхаси, тутиб топшириш тўғрисида сўров келиб тушишига сабаб бўлган ҳуқуқбузарлик тавсифи, шунингдек тахмин этилган ҳуқуқбузарлик таркибидаги фаолият ёки фаолиятсизлик тавсифи, бунга у амалга оширилган вақт ҳамда жой ҳам қўшилади;
c) шахс ҳуқуқбузарлик бўйича ҳукм қилинган бўлса, тутиб топшириш тўғрисидаги сўров келиб тушишига сабаб бўлган ҳуқуқбузарликнинг тавсифи, шунингдек тахмин этилган ҳуқуқбузарлик таркибидаги фаолият ёки фаолиятсизлик тавсифи ҳамда қарор ёхуд бошқа ҳар қандай ҳужжатнинг асли ё тасдиқланган нусхаси, унда айблов қисми ва чиқарилган ҳукм баён этилиши, ҳукмни ижро этиш тарзи ва жазонинг қолган қисми кўрсатилиши лозим;
d) шахс ҳуқуқбузарлик юзасидан ҳукм қилинган бўлса, унинг йўқлигида ушбу модданинг 2- (b) бандида эслатилган ҳожатлардан ташқари ушбу шахс уни ҳимоя қилиш ёки унинг борлиги чоғида ишни қайта муҳокама этиш учун қандай ҳуқуқий воситаларга эга эканлиги тавсифи;
e) шахс ҳуқуқбузарлик юзасидан ҳукм қилинган, аммо ҳукм ижро этилмаган бўлса, тутиб топшириш тўғрисидаги сўров келиб тушишига сабаб бўлган ҳуқуқбузарликнинг тавсифи, шунингдек тахмин этилган ҳуқуқбузарлик таркибидаги фаолият ё фаолиятсизлик тавсифи, шунингдек айблов қисми баён этилган ҳужжат ҳамда ҳукмни ижро этиш мўлжалланаётганлигини тасдиқловчи ариза.
3. Тутиб топшириш тўғрисидаги сўровни асослаш учун тақдим қилинадиган ҳужжатлар сўралаётган Томон тилига ёки инглизчага таржима қилиб берилади.
6-модда
Ҳақиқийликни шаҳодатлаш ва тасдиқлаш
Ҳақиқийликни шаҳодатлаш ва тасдиқлаш
Тутиб топшириш тўғрисида сўров ва уни тасдиқловчи ҳужжатлар, шунингдек бундай сўровга жавобан берилган бошқа материаллар ваколатли органнинг гербли муҳри ва ваколатли мансабдор шахснинг имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим.
7-модда
Қўшимча ахборот
Қўшимча ахборот
Сўралаётган Томон тутиб топшириш тўғрисидаги сўровни асослаш учун берилган ахборотни етарли эмас деб ҳисобласа, у ўзи белгилайдиган мақбул бир муддат ичида қўшимча ахборот беришни талаб қилиши мумкин.
8-модда
Сўров юзасидан қарор
Сўров юзасидан қарор
1. Сўралаётган Томон тутиб топшириш тўғрисидаги сўровни унинг қонунларида кўзда тутилган процедураларга мувофиқ кўриб чиқади ва ўз қарори тўғрисида сўраётган давлатга дарҳол хабар қилади.
2. Сўров тўла ёки қисман рад этилса, бунинг сабаблари изоҳлаб берилиши мумкин.
9-модда
Шахсни топшириш
Шахсни топшириш
1. Тутиб топширишга рухсат берилганлиги тўғрисида хабар олингач, Томонлар шахсни топшириш тўғрисида дарҳол келишиб оладилар ва сўралаётган Томон сўраётган Томонга талаб этилган шахс қанча вақт давомида топшириш учун ҳибсда ушлаб турилганини хабар қилади.
2. Шахс сўралаётган Томон ҳудудидан шу Томон белгилаган мақбул муддат мобайнида қабул қилинади. Шахс шу давр мобайнида қабул қилинмаса, сўралаётган Томон уни озод қилиши ҳамда ушбу ҳуқуқбузарлик муносабати билан бу шахсни тутиб топширишни рад этиши мумкин.
3. Агар ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра бирор-бир Томон шахсни тутиб топшира олмаса ёки қабул қила олмаса, у бу тўғрида бошқа Томонни хабардор қилади. Томонлар тутиб топширишнинг янги муддатини биргаликда белгилайди, бунда ушбу модданинг 2-банди қоидалари қўлланади.
10-модда
Кечиктириш ёки шартли топшириш
Кечиктириш ёки шартли топшириш
Агар шахс тутиб топшириш тўғрисида илтимос келиб тушган ҳуқуқбузарлик учун эмас, балки бошқа бирор-бир ҳуқуқбузарлик учун белгиланган ҳукмни ижро этиш мақсадида ҳукм қилинган бўлса, сўралаётган Томон бу шахсга нисбатан суд таъқиби қўзғатиш мақсадида тутиб топшириш тўғрисидаги сўров юзасидан қарор қабул қилинганидан кейин талаб қилинаётган шахсни топширишни кечиктириши мумкин. Бундай ҳолда сўралаётган Томон сўраётган Томонни тегишли равишда хабардор қилади.
11-модда
Мулкни топшириш
Мулкни топшириш
1. Агар топширишга рухсат берилган бўлса, сўралаётган Томон қонунлари йўл қўядиган даражада ҳамда учинчи давлатларнинг тегишли равишда риоя этилиши зарур бўлган ҳуқуқларини эътиборга олган ҳолда, ҳуқуқбузарлик натижасида қўлга киритилган ёки далил сифатида асқотиши мумкин бўлган, сўралаётган Томонда топилган мулк сўраётган Томон илтимосига кўра топширилади.
2. Айтиб ўтилган мулк сўралаётган Томонда ҳибсга олиниши ёки мусодара қилиниши лозим бўлса, у ушлаб қолиниши ёки вақтинча топширилиши мумкин.
3. Сўралаётган Томон қонунлари ёки учинчи давлатлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш манфаатлари тақозо этса, мазкур Томон ёки давлат талабига кўра шу йўсинда топширилган ҳар қандай мулк сўралаётган Томонга суд текшируви тутагач бепул қайтариб берилади.
12-модда
Махсус қоида
Махсус қоида
1. Ушбу Шартномага мувофиқ тутиб топширилаётган шахсга нисбатан қуйидаги шартлардан бирига тўғри келадиган ҳуқуқбузарликлардан ташқари ҳолларда суд таъқиби, ҳукм чиқариш, ушлаш, қайта тутиб учинчи давлатга топшириш амалга оширилмайди ва тутиб топширишгача содир этилган ҳар қандай ҳуқуқбузарлик учун сўраётган Томон ҳудудида унинг шахсий эркинлиги бирор-бир бошқа чеклашга дучор этилмайди:
a) тутиб топшириш тўғрисида рухсат берилган ҳуқуқбузарлик;
b) унинг хусусида сўралаётган Томон ўз розилигини берадиган ҳар қандай бошқа ҳуқуқбузарлик. Агар ҳуқуқбузарликнинг ўзи ушбу Шартномага мувофиқ тутиб беришга олиб келса, розилик берилади.
2. Ушбу моддага мувофиқ сўралаётган Томон розилигини олиш учун илтимосга ушбу Шартнома 5-моддасининг 2-бандида кўрсатилган ҳужжатлар ҳамда ҳуқуқбузарлик хусусида тутиб топширилаётган шахс томонидан қилинган ҳар қандай аризанинг юридик расмийлаштирилган ёзуви илова қилинади.
3. Агар шахс сўраётган Томондан чиқиб кетиш имкониятига эга бўлиб, у ҳуқуқбузарлик учун масъулиятдан узил-кесил озод қилинганидан кейин 45 кун давомида буни қилмаган бўлса, ёки агар бу шахс сўраётган Томон ҳудудидан аввал чиқиб кетгани ҳолда унга ихтиёрий равишда қайтган бўлса, ушбу модданинг 1-банди қўлланмайди.
13-модда
Транзит ўтказиш
Транзит ўтказиш
1. Агар шахс Томонлардан бирига учинчи давлатдан бошқа Томоннинг ҳудуди орқали тутиб топширилиши керак бўлса, бу шахс топширилиши лозим бўлган Томон бошқа Томондан унинг ҳудуди орқали бу шахсни транзит ўтказишга рухсат сўрайди. Ушбу қоида бошқа Томон ҳудудида қўниши режалаштирилмаган ҳаво транспортидан фойдаланишда қўлланмайди.
2. Бир Томондан тегишли ахборотни ўз ичига олган бундай илтимос олингач, бошқа Томон бу илтимосни ўз қонунларида кўзда тутилган процедураларга мувофиқ равишда кўриб чиқади. Мазкур Томон бу илтимос унинг асосий манфаатларига зиён етказмасагина уни тезлик билан қониқтиради.
3. Транзит ўтказиш вақтида транзит давлати шахсни қўриқлашнинг юридик имкониятини таъминлайди.
4. Режалаштирилмаган қўнишга тўғри келса, транзит ўтказиш учун рухсат сўралиши лозим бўлган Томон ҳамроҳлик қилувчи ходимнинг илтимосига кўра ўтказишаётган шахсни 48 соат давомида ушбу модданинг 1-бандига мувофиқ тақдим этиладиган транзит ўтказиш тўғрисида илтимос олингунича қўриқлаб туриши мумкин.
14-модда
Мувофиқ илтимослар
Мувофиқ илтимослар
Агар бир Томон бир шахсни тутиб топшириш тўғрисида бир вақтнинг ўзида бошқа Томондан ва қайсидир учинчи давлатдан сўровлар олса, у шахсни улардан қайси бирига топширишни ўз ихтиёрига кўра белгилайди.
15-модда
Марказий органлар
Марказий органлар
Ушбу Шартномага мувофиқ марказий органлар барча сўровларни, шунингдек уларга жавобларни берадилар ва оладилар.
Ўзбекистон Республикасидан — Прокуратура ҳамда Покистон Ислом Республикасидан — Ички ишлар ва наркотик моддаларини назорат қилиш вазирлиги (Ички бўлим) марказий органлар деб ҳисобланади.
16-модда
Харажатлар
Харажатлар
1. Сўралаётган Томон тутиб топшириш тўғрисидаги илтимосга тааллуқли равишда келиб чиққан ҳар қандай суд текшируви харажатларини ўз юрисдикцияси доирасида қоплайди.
2. Сўралаётган Томон, шунингдек мулкни ҳибсга олиш ва топшириш, ёхуд унинг хусусида тутиб топшириш тўғрисида илтимос келиб тушган шахсни ҳибсга олиш ва ушлаш муносабати билан ўз ҳудудида қилинган харажатларни қоплайди.
3. Сўраётган Томон сўралаётган Томон ҳудудидан шахсни олиб чиқиш харажатларини, жумладан транзитга тааллуқли харажатларни қоплайди.
17-модда
Халқаро шартномалар/конвенциялар
Халқаро шартномалар/конвенциялар
Ушбу Шартнома Томонларнинг улар иштирок этган халқаро шартнома/конвенцияларидан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
18-модда
Маслаҳатлашувлар
Маслаҳатлашувлар
Исталган Томоннинг илтимосига кўра Томонлар ушбу Шартномани ҳам умуман, ҳам конкрет бирон-бир сўровга тааллуқли равишда талқин қилиш ва татбиқ этиш борасида дарҳол маслаҳатлашув ўтказадилар.
19-модда
Тўлдиришлар
Тўлдиришлар
Ушбу Шартнома Томонларнинг ёзма равишда берган ўзаро розилигига кўра алоҳида баённомалар тузиш орқали ўзгартирилиши ва тўлдирилиши мумкин. Бу баённомалар ушбу Шартноманинг 20-моддаси қоидаларига мувофиқ кучга киради ва ушбу Шартноманинг таркибий қисми ҳисобланади.
20-модда
Якуний қоидалар
Якуний қоидалар
1. Ушбу Шартнома ратификация қилиниши, қабул қилиб олиниши ёки тасдиқланиши лозим. Ратификация қилиш, қабул қилиб олиш ёки тасдиқлаш тўғрисидаги ҳужжатларни алмашиш иложи борича қисқа муддатда амалга оширилади.
2. Ушбу Шартнома ратификация қилиш, қабул қилиб олиш ёки тасдиқлаш тўғрисидаги ҳужжатлар алмашинган кундан кейин ўттизинчи куни кучга киради.
3. Ушбу Шартнома у кучга кирганидан сўнг берилган сўровларга тааллуқли бўлади.
4. Исталган Томон бошқа Томонга хабарнома юбориб, ушбу Шартномани денонсация қилиши мумкин. Бундай денонсация бошқа Томон хабарномани олган санадан олти ой ўтгач кучга киради.
Исломобод шаҳрида 2001 йил январда икки нусхада, ҳар бири ўзбек ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Ушбу Шартнома қоидаларини талқин қилишда тафовутлар юзага чиқса, инглиз тилидаги матн асосий деб ҳисобланади.
(имзолар)