Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Корея Республикаси билан инвестицион ҳамкорликни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида
Корея Республикаси билан инвестицион ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда Бир давлат фуқароларининг бошқа давлат ҳудудидаги вақтинчалик меҳнат фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Корея Республикаси Ҳукумати ўртасида 2011 йил 23 августда Тошкент шаҳрида имзоланган битимни самарали амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Белгилансинки:
кўрсатиб ўтилган Битимнинг 3-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасига келаётган Корея Республикаси фуқароларига меҳнат фаолиятини амалга оширишга рухсатнома Битим 5-моддасининг 2-бандида назарда тутилган визани узайтиришнинг тегишли муддатларига, бироқ уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга берилади;
Корея Республикаси фуқароларини кўрсатиб ўтилган Битимнинг 3-моддасида назарда тутилган шахслар тоифаларидан бирига тегишли деб ҳисоблаш Ўзбекистон Республикасининг рўйхатдан ўтказувчи органлари томонидан берилган иш берувчилар тўғрисидаги маълумотлар асосида амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига ушбу қарорнинг 1-бандида кўрсатилган Корея Республикаси фуқаролари учун виза узайтирилганлиги ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинганлик учун давлат божи ставкаларини Корея Республикасида худди шундай хатти-ҳаракатлар учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан ундириладиган божлар миқдорига мувофиқ тенглик асосида ўзгартиришга рухсат берилсин.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 сентябрдаги 593-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.09.2020 й., 09/20/593/1340-сон)
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2012 йил 28 ноябрь,
331-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 51-сон, 576-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.09.2020 й., 09/20/593/1340-сон)