Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВА ТОЖИКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ РАДИОХИЗМАТЛАРИ ФОЙДАЛАНАДИГАН 30.0 - 1000.0 МГЦ РАДИОЧАСТОТАСИ ПОЛОСАСИДАГИ РАДИОЧАСТОТА ТАСАРРУФИНИ МУВОФИҚЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
алоқа соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истагида,
радиоалоқа, телевидение ва радиоэшиттириш хизматларига талаб даражасини ҳисобга олиб,
ўз давлатлари радиохизматларининг ўзаро зарарли радиохалалини бартараф этиш мақсадида 30.0 — 1000.0 МГц радиочастотаси полосасидаги радиочастота тасарруфини мувофиқлаштириш зарур деб ҳисоблаб,
Халқаро Электр алоқаси Уюшмаси (ХЭУ)нинг Радиохизмат регламентига мувофиқ фаолият юритиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Ушбу Битимдаги «чегараолди тумани» атамаси Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасидаги чегаранинг ҳар икки томонида жойлашган, бир Томон давлатининг радиоэлектрон воситалари бошқа Томон давлати ҳудудида ушбу Битимда қабул қилинган йўл қўйиладиган миқдордан ортиқроқ радиохалал даражаси келиб чиқиши мумкин бўлган ҳудудни англатади.
2-модда
Томонларнинг ҳуқуқлари, мажбурият ҳамда масъулияти халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрлари, Томонларнинг миллий қонунлари ва ушбу Битим қоидаларига кўра белгиланади ва тартибга солинади.
3-модда
Ушбу Битимни рўёбга чиқариш учун Томонларнинг ваколатли органлари этиб қуйидагилар тайинланади:
Ўзбекистон Республикасида — Ўзбекистон Почта ва телекоммуникация агентлиги
700000, Тошкент ш., А.Толстой кўчаси, 1
Телефакс: (371) 133-52-27,
Телефон: (371) 133-66-45;
Тожикистон Республикасида — Тожикистон Республикаси Алоқа вазирлиги
734025, Душанбе ш., Рудакий шохкўчаси, 57
Телефакс: (992 372) 21-29-53,
Телефон: (992 372)21-22-84
4-модда
Томонлар турли радиохизмат станцияларининг чегараолди туманларида 30.0 — 1000.0 МГц радиочастотаси полосасидаги радиочастоталаридан ушбу Битим қоидаларига мувофиқ равишда фойдаланишни мувофиқлаштириш масалаларида ҳамкорлик қиладилар.
5-модда
1. Ушбу Битимга мувофиқ қуруқликдаги ҳаракатчан, барқарор, радиоэшиттиришлар ва бошқа радиохизматлар радиочастоталарни тасарруф этишни мувофиқлаштириш масалаларида ҳамкорлик қиладилар.
2. Ушбу Битимнинг 4-моддасида кўрсатилган кенгликдаги радиочастоталарни мувофиқлаштиришга давлатларнинг чегараолди туманларида жойлашган станцияларнинг, шунингдек агар қўшни давлатнинг чегараолди туманида майдоннинг минимал муҳофаза кучланишининг медиан қиймати фарқи ва тегишли хизматларнинг муҳофаза нисбатидан ошадиган бўлса, чегараолди туманлари ҳудудидан ташқаридаги алоҳида станцияларнинг радиочастота тасарруфлари тегишлидир.
3. Чегараолди туманлардаги қабул қилувчи станцияларни радиохалаллардан муҳофаза этиш лозим бўлса, уларнинг радиочастота тасарруфини мувофиқлаштиришни амалга ошириш ҳам мумкин бўлади.
6-модда
1. Томонлар икки тоифадаги радиочастоталарни белгилайдилар:
устувор ва мувофиқлаштирилувчи, улар рўйхатларда қуйидагича қайд этилади;
томонларнинг устувор радиочастоталари рўйхати, Томонларнинг ҳар бири улардан бошқа Томон билан олдиндан мувофиқлаштирилмаган ҳолда тасарруф этадилар;
мувофиқлаштирилувчи радиочастоталар рўйхати, улар Томонлар тарафидан мувофиқлаштирилади ва улардан фойдаланиш юзасидан келишувга эришилган бўлади.
Ҳар бир Томон учун устувор радиочастоталарнинг миқдори давлат вазифаларини амалга ошириш минимал даражада етарли бўлиши лозим. Радиостанцияларнинг ушбу радиочастоталардаги иши қўшни давлатнинг чегараолди туманлари ички линиясида жойлашган радиостанцияларга радиохалал туғдирмаслиги керак.
Устувор радиочастоталар чегараолди туманининг исталган нуқтасида жойлашган радиостанцияларга тайинланади (берилади).
Мувофиқлаштирилган радиочастоталарни тайинлаш (бериш) бошқа Томон билан олдиндан ўтказилган мувофиқлаштириш шартлари асосида амалга оширилади.
2. Радиостанцияларга устувор тоифа рўйхатидаги радиочастоталарни бериш ва мувофиқлаштирилувчи радиочастоталар тоифаси рўйхатига киритилган радиочастоталар тасарруфи Томонлар тарафидан ўзаро келишув асосида амалга оширилган деб қаралади.
3. Томонлардан ҳар бирида мазкур тоифалардаги радиочастоталарнинг рўйхати бўлиши ва улар ўтказилган мувофиқлаштириш асосида тўлғизилиши лозим. Томонларнинг радиочастоталари рўйхати ҳар йили Томонлар экспертларининг кенгашларида аниқлаштириб олиниши керак.
4. Томонлар ўз радиостанциялари ўртасида 4-моддада кўрсатилган радиочастоталар бўйича юзага келиши мумкин бўлган радиохалал вазиятларини кўриб чиқадилар ҳамда уларни бартараф этиш чораларини кўрадилар, шунингдек ишлаб турган мувофиқлаштирилган станцияларнинг рўйхатларини келишилган шаклда алмашлайдилар.
7-модда
1. Ҳар бир конкрет ҳолатда ахборотни (почта, факс ёки электрон почта орқали) бериш Томонларнинг қарорига кўра амалга оширилади.
2. Томонлар устувор ва мувофиқлаштирилувчи тоифадаги радиочастоталар рўйхатини, шунингдек бошқа Томон ёзма равишда розилик бермаган бўлса, унинг радиочастоталари тасарруфини мувофиқлаштириш масалаларига оид ёзишмалар ва ахборотни ошкор қилмаслик ҳамда учинчи томонга бериб юбормаслик мажбуриятини оладилар.
3. Берилаётган ахборотнинг махфийлигини бу ахборотни бераётган Томон белгилайди.
Берилаётган ахборот матбуотда ошкор этиш тақиқланган маълумотлардан холи бўлиши лозим. Бу талабларга риоя этиш масъулияти ахборотни бераётган Томон зиммасига юклатилади.
4. Томонлар ҳамкорлик давомида олинган ахборотни муҳофаза этишни таъминлайдилар. Ахборотни муҳофаза этиш Томонларнинг миллий қонунларига мувофиқ амалга оширилади.
5. Ахборотни муҳофаза этишнинг бузилиши бунга йўл қўйган давлатнинг қонунларига биноан тасниф этилади.
6. Томонлар олинган ахборотдан фақат шу мақсадда фойдаланишлари ва у қайси ходимнинг хизмат вазифасини бажариш жараёнида зарур бўлса, ўшангагина тақдим этишлари лозим.
7. Томонлар олинган барча ахборотни бошқа Томон талаб қилган ҳолларда таққослаш ва мавжудлиги нуқтаи назаридан тақдим этиш мажбуриятини оладилар.
8. Долзарблиги ва амалий қийматини йўқотган ахборот Томонларнинг ўзаро келишувига кўра қайтариб берилади ёки қайта тикланмайдиган қилиб йўқотилади. Йўқ қилиб юбориш факти ҳужжатлаштирилади, ва бу ҳужжатнинг бир нусхаси ушбу ахборотни тақдим этган Томонга жўнатилади.
9. Ахборот йўқолса ёки ошкор бўлиб қолса, Томонлар дарҳол ўзаро маслаҳатлашув ўтказадилар, тафтиш уюштирадилар ва унинг натижалари тўғрисида бир-бирини ахборотнинг йўқолган ёки ошкор бўлиб қолган санадан бошлаб узоғи билан 90 кун ичида хабардор қиладилар.
10. Ахборотни йўқотиб қўйган ёки ошкор этган Томон уни берган Томонга шу ҳол туфайли кўрган зарарини тўлайди.
Зарарни тўлашнинг кўлами ва тартибини Томонларнинг ваколатли делегациялари музокара ўтказиш орқали, ушбу ахборотни берган Томоннинг қонун-қоидаларига асосланган ҳолда белгилайди.
8-модда
1. Радиочастоталар тасарруфини мувофиқлаштиришда Томонлар қабул қилинган ва келишилган бир хил техникавий асослардан фойдаланадилар.
2. Радиочастоталарни тасарруф этишда ҳар бир Томон радиочастоталар спектридан самарали фойдаланишга ҳаракат қилиши ҳамда тақдим этилаётган алоқа хизматларининг мақсад йўналишидан келиб чиққан ҳолда улар сифатининг қониқарли бўлишини таъминлаш учун ўз радиостанциялари қуввати самарали таралишини минимум даражага қадар пасайтиришга интилиши керак.
3. Алоқа техникаси тараққиётини ҳисобга олиб, Томонлар аниқлаш ва мувофиқлаштиришнинг техникавий асосларини бундан кейин ривожлантириш мақсадида экспертлар кенгашларини ўтказадилар.
9-модда
1. Ҳар бир Томон унинг учун радиочастоталар рўйхатида белгиланмаган янги радиочастота тасарруфидан фойдаланиш ёки мувофиқлаштирилувчи радиочастоталар рўйхатига ўзгартиш киритишдан олдин ХЭУ Радиоалоқа регламенти талаблари асосида мувофиқлаштириш ўтказиши керак.
2. Мувофиқлаштириш юзасидан сўров юборилган Томон уни олганлиги тўғрисида телеграмма юбориши ва 30 кун ичида асосланган жавоб қайтариши лозим. Бунда у эълон этилаётган радиочастоталар тасарруфига рози бўлмаса, ушбу муаммони мақбул тарзда ҳал этиш юзасидан ўз таклифларини баён қилиши керак.
3. Мувофиқлаштириш юзасидан сўров юборган Томон 45 кун ичида жавоб олмаса, у бошқа Томоннинг эълон қилинган радиочастоталар тасарруфига эътирози йўқ деб ҳисоблайди ва уни ўзининг мувофиқлаштирилган радиочастоталар рўйхатига қўшиб, бу тўғрида бошқа Томонни хабардор қилади.
4. Қуйидаги ҳолларда радиочастоталар тасарруфини мувофиқлаштириш шарт эмас:
а) тасарруф муайян Томоннинг рўйхатидаги устувор частоталардан бирига мувофиқ амалга оширилса;
б) мувофиқлаштирилган радиочастоталар тасарруфидан фойдаланадиган станцияда бошқа Томон ҳудудида қўшимча радиохалал пайдо бўлишига олиб келмайдиган жиҳатлар ўзгарган бўлса;
в) илгари мувофиқлаштирилган радиочастоталарда иш олиб борадиган қўшимча станция ишга туширилган чоғида бошқа Томон ҳудудида радиохалал кўпаймаса.
5. Мувофиқлаштирилган радиочастоталар тасарруфидан фойдаланадиган станция иши тўхтатилса, бошқа Томонга унинг ўрнига ишга туширилган станциянинг техникавий тавсифи 30 кун ичида хабар қилинади.
6. Баъзи шошилинч ҳолларда Томонлар вақтинча (30 кунгача) қуввати самарали таралганида 13 дБ Вт.дан ошмайдиган станцияларга радиочастоталардан фойдаланиш учун рухсат беришга ҳақлидирлар. Бунда Томонлар бир-бирини бундай фойдаланиш ҳолларидан огоҳ қилиб, юз бериши мумкин бўлган радиохалални бартараф этиш чораларини кўрадилар.
7. Томонлардан биронтаси мувофиқлаштирилган радиочастоталар тасарруфи рўйхатига мувофиқлаштиришни талаб қилмайдиган ўзгартиш киритган, жумладан мувофиқлаштирилган станциядан фойдаланишни тўхтатган бўлса, у бу тўғрида бошқа Томонга 30 кун ичида хабар беради.
10-модда
Бир Томоннинг қабул қилувчи станцияси йўл қўйиб бўлмайдиган радиохалалларни қайд этаётган бўлса, у радиохалалларни юзага келтираётган станциянинг эгаси бўлган Томонга бу тўғрида хабар беради. Томонлар ўзаро тушуниш ва ҳамкорлик асосида радиохалалларга оид масалани ҳал қилиш чораларини кўрадилар.
11-модда
1. Ушбу Битимда кўзда тутилмаган барча масалаларда Томонлар Халқаро Электр алоқа конференцияларининг қоидалари, Халқаро радио алоқа регламенти қоидалари ва Халқаро Электр алоқа Уюшмасининг тавсияларига амал қиладилар.
2. Ушбу Битим Томонларнинг улар аъзо бўлган халқаро битимлар ҳамда Томонлардан ҳар бирида радиочастоталардан фойдаланишни тартибга соладиган миллий қоидаларни бажаришларига монелик қилмайди.
12-модда
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш ва қўллаш чоғида Томонлар ўртасида келиб чиқадиган барча муаммо ҳамда низолар Томонларнинг ваколатли органлари тарафидан музокара ва маслаҳатлашув ўтказиш орқали ҳал этилади.
13-модда
Экспертларнинг учрашувлари Томонлар тарафидан олдиндан келишиб олинади, унинг ташкилий жиҳатларини ҳудудида бундай учрашув ўтказиладиган давлат ҳал қилади. Экспертларни молиявий таъминлаш ҳар бир Томоннинг ўз сармоялари ҳисобидан амалга оширилади.
14-модда
Томонларнинг ушбу Битимга мувофиқ ўзаро муносабатларида рус тили қўлланади.
15-модда
Томонларнинг ўзаро келишувига биноан, ушбу Битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
Барча ўзгартиш ва қўшимчалар алоҳида баённомалар тарзида расмийлаштирилади ва ушбу Битимнинг таркибий қисми ҳисобланади.
16-модда
Ушбу Битим имзоланган санадан бошлаб кучга киради. Битим беш йил муддатга тузилади ва Томонлардан ҳеч қайсиси тегишли муддат тугашидан камида олти ой илгари бошқа Томонни унинг фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги ниятидан ёзма равишда хабардор қилмаса, у ҳар гал ўз-ўзидан кейинги беш йиллик даврларга узаяди.
Бу даврда Томонлар берилган ахборотдан фойдаланиш тартиби юзасидан ўзаро маслаҳатлашувлар ўтказадилар. Ушбу Битим фаолиятининг тўхтатилиши Томонларни унинг фаолияти тўхтатилгунига қадар олинган ахборотни муҳофаза қилиш масъулиятидан, шунингдек унинг йўқолиши ёки ошкор қилиниши бўйича жавобгарлиқдан озод қилмайди.
Тошкент шаҳрида, 2000 йил 30 майда икки нусхада, ўзбек, тожик ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битимни талқин қилишда ҳар хилликлар юзага келган ҳолларда Томонлар рус тилидаги матндан фойдаланадилар.
(имзолар)