Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Молдова Ҳукумати ўртасида
Битим
Фуқароларнинг ўзаро келиб-кетиш шартлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Молдова Ҳукумати, бундан кейин Томонлар деб аталувчилар,
икки давлат ва уларнинг халқлари ўртасида дўстона муносабатларни янада ривожлантириш мақсадида,
икки давлат фуқароларининг ўзаро келиб-кетиш режимини тартибга солиш истагига амал қилиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Бир Томон давлатининг фуқаролари ушбу Битимнинг Иловасида санаб ўтилган уларнинг шахслари тўғрисида гувоҳлик берувчи ва фуқароликларни тасдиқловчи ҳужжатлар асосида бошқа Томон давлатининг ҳудуди бўйлаб визасиз кириш, чиқиш, бўлиш ва транзит ўтиш ҳуқуқига эгадирлар.
2-модда
Ушбу Битимнинг амал қилиниши тааллуқли бўлган бир Томон давлатининг фуқаролари учинчи давлатларга давлат чегарасидан халқаро қатнов учун очилган ўтказиш пунктлари орқали Томонлар давлатларининг миллий қонунчиликларига мувофиқ давлат чегарасини кесиб ўтишда зарур бўлган процедураларга риоя этиш ёрдамида Томонлар давлатларидан бирининг ҳудуди орқали транзит ҳаракатланишлари мумкин.
3-модда
Томонлар давлатларининг фуқаролари бошқа Томон давлати ҳудудига келган вақтларида бу Томон давлатининг қонун ва қоидаларига, шу жумладан хорижий фуқаролар учун ўрнатилган рўйхатдан ўтиш (вақтинча прописка), бўлиб туриш ва ҳаракатланиш қоидаларига риоя этишлари лозим.
4-модда
Томонлар давлатлари янги ҳужжатларни амалга киритган ҳолда, Томонлар уларнинг амалга киришига қадар камида 1 (бир) ой илгари бу ҳужжатларнинг нусхаларини дипломатик каналлар орқали алмашадилар.
Томонлар давлатларининг Ташқи ишлар вазирликлари хорижий фуқароларнинг кириш, чиқиш, бўлиб туриш тартибига доир амалдаги қонунчилик тўғрисидаги ахборотни ва бу соҳадаги бошқа ахборотни алмашадилар.
5-модда
Томонлар заруратга кўра ушбу Битимни бажариш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш учун маслаҳатлашувлар олиб борадилар.
Ушбу Битимнинг қоидаларини бажариш ёки қўллаш давомида юзага келадиган келишмовчилик ёки баҳсли масалалар Томонлар ўртасида музокаралар орқали ҳал қилинади.
6-модда
Томонларнинг келишувларига кўра ушбу Битимга ўзгартиш ва тўлдиришлар киритилиши мумкин. Улар 9-моддада кўзда тутилган тартибда кучга кирадиган алоҳида баённомалар билан расмийлаштирилади ва ушбу Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
7-модда
Томонларнинг ҳар бири давлат хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартиби ёки аҳоли соғлиғини сақлаш учун зарур бўлса, ушбу Битимнинг амал қилишини вақтинча, бутунлай ёхуд қисман тўхтатиш ҳуқуқига эгадирлар.
Томонлар бундай чораларни қабул қилиш ёки бекор қилиш тўғрисида олдиндан, лекин қарор қабул қилингандан кейин камида 72 соат илгари бир-бирларини дипломатик каналлар орқали хабардор қиладилар.
8-модда
Ушбу Битим Томонларнинг улар иштирок этган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
9-модда
Ушбу Битим имзоланган кундан бошлаб ўттиз кун ўтгач кучга киради ва Томонлардан бири ушбу Битимнинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида бошқа Томоннинг расмий хабарномасини олган санадан бошлаб тўқсон кун ўтгунга қадар амал қилади.
Тошкент шаҳрида 2003 йил 13 ноябрда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, молдован ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битимнинг қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолда Томонлар рус тилидаги матнга амал қиладилар.
(имзолар)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Молдова Ҳукумати ўртасида фуқароларнинг ўзаро келиб-кетиш шартлари тўғрисида 2003 йил 13 ноябрда имзоланган Битимга
Илова
Илова
Бир Томон давлати фуқароларининг бошқа Томон давлати ҳудуди бўйлаб кириш, чиқиш ва ҳаракатланиш учун ҳужжатлар
РЎЙХАТИ
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун:
1. Ўзбекистон Республикаси фуқаро паспорти.
2. Ўзбекистон Республикаси дипломатик паспорти.
3. Ҳаво кемаси экипажининг гувоҳномаси (парвоз топшириғи ёзуви билан бирга).
4. Ўзбекистон Республикасига қайтиш гувоҳномаси (фақат Ўзбекистон Республикасига қайтиш учун).
5. 16 ёшгача бўлган болаларнинг туғилганлик тўғрисида гувоҳномаси (уларнинг қонуний вакиллари кузатуви остида фақат Ўзбекистон Республикасидан чиқиш учун).
6. 16 ёшга тўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг гувоҳномаси.
7. Зобитнинг шахсини тасдиқловчи гувоҳнома.
Молдова фуқаролари учун:
1. Молдова Республикаси фуқаро паспорти.
2. Молдова Республикаси дипломатик паспорти.
3. Молдова Республикаси хизмат паспорти.
4. Ҳаво кемаси экипажининг гувоҳномаси (парвоз топшириғи ёзуви билан бирга).
5. Молдова Республикасига қайтиш гувоҳномаси (фақат Молдова Республикасига қайтиш учун).
6. 16 ёшгача бўлган болаларнинг туғилганлик тўғрисида гувоҳномаси (уларнинг қонуний вакиллари кузатуви остида фақат Молдова Республикасидан чиқиш учун).