Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан
Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
ФУҚАРОЛАРНИНГ ЎЗАРО КЕЛИБ-КЕТИШ ШАРТЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қозоғистон Республикаси, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида абадий дўстлик тўғрисида Тошкент шаҳрида 1998 йил 31 октябрда имзоланган Шартнома қоидаларига амал қилиб,
иккала давлат фуқароларининг ўзаро келиб-кетишлари тартибини йўлга қўйиш мақсадида,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Бир Томон давлатининг фуқаролари ушбу Битимнинг 1- ва 2-иловаларида кўрсатиб ўтилган ҳақиқий ҳужжатлар бўйича ва ушбу Битимда кўзда тутилган шартларга мувофиқ бошқа Томон давлати ҳудудига киришлари, чиқишлари, транзит ўтишлари ҳамда унда вақтинча бўлишлари мумкин.
2- модда
Томонлар давлатларининг миллий паспортга эга бўлган фуқаролари бошқа Томон давлати ҳудудига 5 (беш) суткага қадар рўйхатга олинмаган (вақтинчалик пропискадан ўтмаган) ҳолда кирадилар ва унда бўладилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Бўлиб туриш муддатини 5 суткадан ортиқ муддатга узайтириш ички ишлар органлари томонидан Томонлар давлатларининг қонунларига мувофиқ амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Томонлар давлатларининг фуқароларига бошқа Томон давлати ҳудудига кириш вақтида Томонларнинг чегара хизматлари томонидан миграция назорати карточкаси берилади, чиқиб кетиш вақтида у қайтарилиши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Бошқа Томон давлати ҳудудига темир йўл транспортида кириб келган фуқаролар ички ишлар органлари томонидан бериладиган миграция назорати карточкаси асосида 5 сутка давомида рўйхатдан ўтказилмасдан (вақтинчалик прописка қилинмасдан) бошқа Томон давлати ҳудудида бўлишлари мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3-модда
Қуйидагилар миграция назорати карточкасини расмийлаштириш, рўйхатдан ўтиш(вақтинчалик прописка)дан озод қилинадилар:
Кейинги таҳрирга қаранг.
а) фуқаро авиацияси ҳаво кемасининг экипаж аъзолари ҳақиқий миллий паспортга кўра ва бош декларацияда (учиш топшириғида) ёзув бўлган тақдирда;
б) денгиз ва дарё кемалари экипажларининг аъзолари кема ролида ёзув ва ундан кўчирма мавжуд бўлган тақдирда ҳақиқий миллий паспортлар бўйича;
в) темир йўлларнинг йўловчи, поезд, рефрижератор ва локомотив бригадаси хизматчилари ҳамда Томонлар давлатлари ҳудуди бўйлаб темир йўл транспортида ташилаётган юкларни кузатиб борувчи шахслар ҳақиқий миллий паспорт ва ҳар бир рейс учун тасдиқланадиган исмлар ёзилган рўйхат, йўл варақалари бўйича;
г) ҳукуматлараро фельдъегерлик алоқаси ходимлари ҳақиқий миллий паспорт ва Томонларнинг ваколатли органлари тарафидан бериладиган тегишли ҳужжатлар бўйича;
д) ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ходимлари олдиндан келишилганига мувофиқ равишда ҳақиқий миллий паспорт ва хизмат сафари гувоҳномаси бўлган хизмат гувоҳномаси (шаҳодатномаси) бўйича (Томонлар давлатлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг рўйхати дипломатик каналлар орқали белгиланади);
е) Томонлар давлатларининг расмий давлат ва ҳукумат делегациялари аъзолари ҳамда уларни кузатиб борувчи шахслар;
ж) Томонлар давлатлари дипломатик паспортининг эгалари;
з) Томонлар давлатларининг дипломатик паспортга эга бўлган, Томонлар давлатларининг ҳудудида жойлашган, Томонларнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, халқаро ташкилотлар ваколатхоналарининг ходимлари ва уларнинг оила аъзолари;
и) Томонлар давлатлари дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг, халқаро ташкилотлар ваколатхоналарининг маъмурий-техник ходимлари ва уларнинг оила аъзолари.
Ушбу модданинг «з» ва «и» бандларида кўрсатилган шахслар Томонлар давлатларининг Ташқи ишлар вазирлигида аккредитация қилинадилар.
4- модда
1. Томонлар давлатларининг бир Томон давлати ҳудудида жойлашган давлат объектларида ишлайдиган, хизмат вазифаларини бажариш учун бошқа Томон давлати ҳудудига кирадиган, чиқадиган ва унда бўладиган фуқаролари миграция назорати карточкасини расмийлаштиришдан озод этиладилар.
2. Мазкур шахсларни чегарадан ўтказиш миллий паспортлар ҳамда келишилган рўйхатлар бўйича хизмат гувоҳномалари асосида амалга оширилади.
3. Ушбу модданинг 1-бандида кўрсатилган объектларнинг рўйхати ушбу Битим имзоланган санадан бошлаб 30 (ўттиз) кун давомида дипломатик каналлар орқали ноталар алмашиниб аниқланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5- модда
Томонлар давлатларининг бошқа Томон давлати ҳудудидан темир йўл транспортида транзит тарзида ўтаётган фуқаролари миграция назорати карточкасини расмийлаштиришмасдан ушбу Томон давлати ҳудудига миллий паспортлар ва темир йўл билетлари асосида кирадилар ва ундан чиқадилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6- модда
Миграция назорати карточкасини бериш ва муддатини узайтириш учун йиғимларнинг тарифлари Томонлар тарафидан дипломатик каналлар орқали ноталар билан алмашиб келишиб олинади. Улар ушбу Битимнинг таркибий қисми ҳисобланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7- модда
Томонлар ҳамжиҳатлик асосида қуйидаги шахсларни миграция назорати карточкаларини расмийлаштириш ва муддатини узайтириш учун йиғимлар тўлашдан озод этадилар:
а) Томонлар ўртасидаги шартномаларга мувофиқ, фан, техника, таълим, маданият, санъат ва спорт соҳасида алмашув тарзида бораётганлар;
б) бошқа Томон давлати ҳудудидаги ўқув юртларида таълим олаётганлар;
в) Улуғ Ватан уруши ветеранлари ва уларга тенглаштирилган шахслар, 1- ва 2-гуруҳ ногиронлари - тегишли ҳужжат тақдим этилганида, шунингдек ёши 60 дан ошган фуқаролар;
г) ёши 16га етмаган болалар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8- модда
Одамлар, транспорт воситалари, моллар, юклар, бошқа мулклар ҳамда жониворларни чегарадан ўтказиш Томонларнинг келишуви бўйича белгиланган ўтказиш пунктларида амалга оширилади.
Ўтказиш пунктларида чегара, божхона, санитария, ветеринария, фитосанитария ва бошқа турдаги назоратлар амалга оширилади.
Ўтказиш пунктлари қуйидаги тоифаларга бўлинади:
а) халқаро ўтказиш пунктлари, уларда Томонлар давлатлари ва бошқа давлатларнинг одамлари, транспорт воситалари, моллари, юклари, бошқа мулклари ва жониворларини ўтказиш амалга оширилади;
б) икки томонлама ўтказиш пунктлари, уларда Томонлар давлатларининг одамлари, транспорт воситалари, моллари, юклари, бошқа мулклари ва жониворларини ўтказиш амалга оширилади;
в) соддалаштирилган ўтказиш пунктлари, уларда Томонлар давлатларининг одамлари ва транспорт воситаларини ўтказиш амалга оширилади.
Соддалаштирилган ўтказиш пунктлари ва уларнинг иш тартиби Томонлар давлатларининг чегара ва божхона хизматлари томонидан келишув асосида белгиланади.
Томонлар халқаро ва икки томонлама ўтказиш пунктларининг рўйхатини дипломатик каналлар орқали алмашадилар.
9- модда
Ўтказиш пунктларининг иш режими Томонларнинг келишуви бўйича белгиланади. Бу режим ўтказиш пунктларининг иш вақти, Томонлар давлатларининг одамлари, транспорт воситалари, моллари, юклари, бошқа мулклари ва жониворларини ўтказиш тартибини ўз ичига олади.
Ўтказиш пунктлари иш режимини ташкил этиш ва унга амал қилинишини назорат қилиш Томонлар давлатларининг чегара ва божхона хизматлари зиммасига юкланади.
10-модда
Томонларнинг қарорига кура, улар истисно ҳолларда (эпидемия, эпизоотия, табиий офатлар ва ҳ.) чегарадан одамлар, транспорт воситалари, моллар, юклар, бошқа мулклар ва жониворларни ўтказишни вақтинча тўхтатишлари мумкин.
Бу ҳолда шундай чораларни қўллаётган Томон олдиндан, бироқ, 24 соатдан кечикмасдан бошқа Томонни шундай чоралар кўрилганлиги ва улар бекор қилинганлиги тўғрисида хабардор қилади.
11-модда
Томонлар давлатларининг фуқаролари бошқа Томон давлати ҳудудида бўлган вақтларида шу Томон давлатининг қонун ва қоидаларига, жумладан чет эллик фуқаролар учун белгиланган рўйхатдан ўтиш (вақтинчалик прописка), бўлиб туриш ва ҳаракатланиш қоидаларига риоя қилишлари лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ушбу Битим Томонларнинг бошқа Томон давлатининг фуқароси келишини рад этиш ёки бўлиб туриш муддатини чеклаш ҳуқуқига дахл қилмайди.
12- модда
Томонлардан ҳар бири агар бу давлатнинг миллий хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ёки аҳоли саломатлигини қўриқлаш учун зарур бўлса, вақтинча ушбу Битим амал қилишини бутунлай ёки қисман тўхтатиб туриш ҳуқуқига эга.
Бундай чоралар кўрилганлиги ёки бекор қилинганлиги тўғрисида Томонлар олдиндан, аммо қарор қабул қилингач 72 соатдан кечикмасдан бир-бирларини дипломатик каналлар орқали хабардор қиладилар.
13- модда
Томонлар давлатлари янги ҳужжатлар жорий этган ҳолларда Томонлар мазкур ҳужжатлар жорий этилишидан камида 1 (бир) ой олдин ушбу ҳужжатларнинг намуналарини дипломатик каналлар орқали алмашлайдилар.
Томонлар давлатларининг Ташқи ишлар вазирликлари чет эллик фуқароларнинг келишлари, кетишлари ва бўлиб туришлари тартиби борасида амалдаги қонунлар тўғрисида ахборот ва шу соҳадаги бошқа ахборотни алмашлайдилар.
14- модда
Томонлар, заруратга кўра, ушбу Битимни амалга оширишга алоқадор масалаларни муҳокама қилиш учун маслаҳатлашув ўтказиб турадилар.
Ушбу Битимни бажариш ёки унинг қоидаларини қўллаш борасида келиб чиқадиган ҳар қандай келишмовчиликлар ва низоли масалалар Томонлар ўртасида музокаралар ўтказиш орқали ҳал этилади.
15- модда
Томонларнинг ўзаро келишувига биноан, ушбу Битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Улар алоҳида баённомалар тарзида расмийлаштирилади, ушбу Битимнинг таркибий қисми деб ҳисобланади ва ушбу Битимнинг 17-моддасига мувофиқ кучга киради.
16-модда
Ушбу Битим Томонларнинг улар иштирок этган бошқа халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
17-модда
Ушбу Битим Томонларнинг уни кучга киритиш учун зарур давлат ички процедураларини бажарганликлари охирги хабарнома олинган кундан бошлаб кучга киради.
Ушбу Битим Томонларнинг бири иккинчисидан унинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида ёзма хабар олган санадан олти ой ўтгунича амал қилади.
Остона шаҳрида, 2000 йил 7 июлда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, қозоқ ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар келиб чиққан ҳолларда Томонлар рус тилидаги матндан фойдаланадилар.
(имзолар)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ўртасида фуқароларнинг ўзаро келиб-кетиш шартлари тўғрисида Битимга 1-илова
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Қозоғистон Республикаси ҳудудига келишлари, кетишлари ва унда бўлиб туришлари учун лозим ҳужжатлар
РЎЙХАТИ
1. Ўзбекистон Республикасининг дипломатик паспорти.
2. Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти.
3. Ҳаво кемаси экипажи аъзосининг гувоҳномаси (экипаж тартибида бораётганда).
4. Ўзбекистон Республикасига қайтиш учун шаҳодатнома.
5. Ҳукуматлараро фельдъегерлик хизмати ходимининг гувоҳномаси.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ўртасида фуқароларнинг ўзаро келиб-кетиш шартлари тўғрисида Битимга 2-илова
Қозоғистон Республикаси фуқароларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига келишлари, кетишлари ва унда бўлиб туришлари учун лозим ҳужжатлар
РЎЙХАТИ
1. Қозоғистон Республикасининг дипломатик паспорти.
2. Қозоғистон Республикасининг хизмат паспорти.
3. Қозоғистон Республикаси фуқаросининг паспорти.
4. Ҳаво кемаси экипажи аъзосининг гувоҳномаси (экипаж тартибида бораётганда).
5. Қозоғистон Республикасига қайтиш учун шаҳодатнома.
6. Ҳукуматлараро фельдъегерлик хизмати ходимининг гувоҳномаси.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.