ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИ БИЛАН ВЕНГРИЯ РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИ ЎРТАСИДА
Битим
ЙЎЛОВЧИЛАР ВА ЮКЛАРНИ АВТОМОБИЛДА ХАЛҚАРО ТАШИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Венгрия Республикаси Ҳукумати бундан кейин «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар,
давлатлар ўртасида халқаро автомобиль қатнови соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш зарурлигига амал қилиб,
иккала давлат ўртасида автомобиль қатновини амалга оширишни, шунингдек ўз давлатларининг ҳудудлари орқали транзит ташишни енгиллаштиришга интилиб,
ушбу масалаларни ўзаро ёрдам, ҳамкорлик ва ўзаро манфаат руҳида ҳал қилишни истаб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
I қисм
ҚЎЛЛАНИШ СОҲАСИ ВА АТАМАЛАР ТУШУНЧАСИ
ҚЎЛЛАНИШ СОҲАСИ ВА АТАМАЛАР ТУШУНЧАСИ
1-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар ушбу Битим орқали Ўзбекистон Республикаси билан Венгрия Республикаси ўртасида, уларнинг ҳудудлари орқали транзит билан халқаро йўловчи ва юк ташишларни, шунингдек Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг ҳудудида рўйхатдан ўтган автотранспорт воситалари томонидан бажариладиган учинчи давлатларга ёки улардан қилинадиган ташишларни тартибга соладилар.
2. Ушбу Битим Аҳдлашувчи Томонларнинг улар иштирок этган халқаро шартномалардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
2-модда
Ушбу Битим мақсадларида
«Ташувчи» атамаси:
Ўзбекистон Республикасида ёки Венгрия Республикасида асосий жойлашган ўрнига эга бўлган, автотранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилган давлатда амалда бўлган миллий қонунчиликка мувофиқ тўлов эвазига ёки ўз ҳисобидан халқаро йўловчилар ёки юк ташишларни бажаришга ваколатли бўлган ҳар қандай жисмоний ёки юридик шахс, шунингдек Венгрия Республикаси учун юридик шахс бўлмаган иқтисодий жамиятни англатади.
«Автотранспорт воситаси» атамаси
йўловчиларни ташишда:
техник талабларига кўра ҳайдовчи ўрнини ҳам қўшиб ҳисоблаганда 9 дан ортиқ ўриндиққа эга бўлган, йўловчиларни ташиш учун мўлжалланган механик куч билан ишлайдиган ҳар қандай автобус ёки йўл автотранспорт воситаси, шунингдек шахсий юкини ташиш учун тиркамани;
юк ташишда:
юклар ташиш учун мўлжалланган механик куч билан ишлайдиган ҳар қандай автотранспорт воситасини ёки автопоезднинг шатаги Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг давлати ҳудудида рўйхатдан ўтказилган деган шарт билан тиркама ёки ярим тиркамани ҳам қўшганда техник талабларга кўра қайта йиғилган автотранспорт воситасини англатади.
«Йўловчиларни автобусда мунтазам ташиш» атамаси:
Аҳдлашувчи Томон давлатларининг ваколатли органлари ўртасида аввалдан келишилган йўналиш, жадвал, тариф ва ташувчи йўловчи оладиган/туширадиган тўхташ бекатлари бўйича автобусда амалга ошириладиган йўловчи ташишни англатади.
«Йўловчиларни автобусда номунтазам ташиш» атамаси:
«Йўловчиларни автобусда мунтазам ташиш» тушунчасига кирмайдиган қолган барча йўловчи ташишларни англатади.
«Каботаж ташиш» атамаси:
Бир Аҳдлашувчи Томон давлатининг ташувчиси тарафидан бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида жойлашган икки пункт ўртасида бажариладиган ташишни англатади.
II қисм
ЙЎЛОВЧИЛАР ТАШИШ
ЙЎЛОВЧИЛАР ТАШИШ
3-модда
1. Ушбу Битимга мувофиқ автобусда йўловчилар ташиш, мазкур модданинг 5-бандида кўрсатилган ташишлардан ташқари, рухсатномалар асосида амалга оширилади.
2. Автобусларда мунтазам йўловчи ташувларини амалга ошириш учун рухсатномалар, Аҳдлашувчи Томонлар давлатлари ваколатли органлари ўртасида ўзаро келишув асосида берилади.
Ҳар иккала Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг ваколатли органи йўналишнинг ўз давлат ҳудудидан ўтадиган қисмига рухсатномалар беради.
Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг ваколатли органлари ўзаро келишув асосида рухсатномалар бериш талабларини, шу жумладан, рухсатноманинг қўлланиш муддати, жадвали ва қўлланиладиган тарифларни белгилайдилар.
3. Автобусда мунтазам йўловчилар ташишни амалга ошириш учун рухсатномалар беришга талабномалар Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг ваколатли органлари орқали бир-бирига юборилади. Талабномада ҳаракат йўналиши, жадвал ва тариф, ҳамда ҳаракатнинг мўлжалланаётган очилиш вақти ҳақида маълумотлар бўлиши керак.
4. Талабнома мазмуни ва шакли, шунингдек рухсатномалар турлари Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг ваколатли органлари томонидан белгиланади.
5. Автобусда йўловчилар ташишни амалга оширишда қуйидаги ҳолларда рухсатномалар талаб этилмайди:
а) агар битта персонал таркибдаги гуруҳ автотранспорт воситаси рўйхатга олинган Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида бошланган ва тугалланадиган, бутун сафар давомида битта автотранспорт воситасида ташилса ва ушбу сафар мобайнида йўловчиларнинг персонал таркиби ўзгармай қолганда;
б) агар битта персонал таркибдаги гуруҳ автотранспорт воситаси рўйхатга олинган Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида бошланган ва бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида тугалланадиган, бутун сафар давомида битта автотранспорт воситасида бир томонга ташилса ва ташишни амалга оширганидан кейин автобус бўш қайтганда;
в) транзит ҳаракатдаги номунтазам ташиш ҳолларида.
6. Бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудидан, аввал худди шу ташувчи олиб бориб қўйган йўловчилар гуруҳини орқага ташиш учун бўш автобусларнинг киришларида рухсатномалар талаб этилмайди.
7. Носоз автотранспорт воситаси эксплуатацияга лойиқ автобус билан алмаштирилганда рухсатномалар талаб этилмайди, автобус бунда фақат ушбу модданинг 5-чи ва 6-бандларида кўрсатилган тавсифга эга ташувларни амалга ошираётган бўлиши керак.
8. Мунтазам ташувлардан ташқари бошқа ҳамма ташувлар давомида йўловчилар рўйхати автобусда бўлиши керак.
4-модда
Мазкур Битим 3-моддасининг 5-чи ва 6-бандларида айтиб ўтилган ҳоллардан ташқари, бир Томон давлати ҳудудига бошқа Томон автобусларининг бўш киришлари учун, ушбу Томон давлати ваколатли органи томонидан бериладиган алоҳида рухсатнома талаб этилади.
III қисм
ЮКЛАРНИ ТАШИШ
ЮКЛАРНИ ТАШИШ
5-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар ҳудудлари ўртасида, уларнинг ҳудудлари орқали транзит тарзда ўтадиган ва учинчи давлатга транзит тарзда борадиган ёки учинчи давлатдан келадиган юкларни ташиш Аҳдлашувчи Томонлар давлатлари ваколатли органлари берадиган рухсатномалар асосида амалга оширилади, ушбу Битимнинг 6-моддасида кўрсатилган ташишлар бундан мустаснодир.
2. Ҳар бир рейс ва ҳар бир автотранспорт воситасига алоҳида рухсатнома берилиши керак. Хар бир рухсатнома бир марта бориш ва қайтишни амалга ошириш ҳуқуқини беради. Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг давлат ҳудудига кираётган бўш автотранспорт воситаси учун ҳам рухсатнома талаб қилинади. Юкларни автопоезд билан ташишда, рухсатнома фақат шатак учун бўлиши керак.
3. Рухсатнома икки хил бўлади:
а) универсал рухсатномалар (икки томонлама/транзит), улар асосида ҳар иккала Аҳдлашувчи Томон давлат ҳудудлари ўртасидаги ташувлар ва бошқа Аҳдлашувчи Томон давлат ҳудуди орқали бажариладиган ташувлар амалга оширилади;
б) учинчи давлатга рухсатномалар, улар асосида бошқа Аҳдлашувчи Томондан учинчи давлатга ёки учинчи давлатдан бошқа Аҳдлашувчи Томон давлатига ташувлар амалга оширилади.
4. Мазкур модданинг 3-бандида кўрсатилган рухсатномалар қуйидаги турларда бўлиши мумкин:
а) солиқ/тўловларни тўлаб (Ўзбекистон Республикасида кириш учун тўлов, Венгрия Республикаси ҳудудида автотранспорт воситасига солиқ);
б) ушбу банднинг а) кичик бандида кўрсатилган солиқ/тўловларни тўламасдан.
5. Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг ваколатли органлари ҳар йили ушбу Битимнинг 14-моддаси 1-бандида кўрсатилган, Қўшма Комиссиянинг учрашувларида, ўзаро тенглик асосида бериладиган, солиқ/тўловларни тўламасдан, ҳамда солиқ/тўловларни тўлаб, автомобиль ташувчиларига ташишларни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи рухсатномалар миқдорини аниқлашади.
6. Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг ваколатли органлари бир-бирларига ўзаро келишилган миқдордаги рухсатнома бланкаларини берадилар. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон давлатининг ваколатли органлари рухсатнома бланкаларини мустақил равишда тайёрлайдилар.
7. Автотранспорт воситаси рўйхатдан ўтган давлатнинг ваколатли органи ташувчиларга юкларни ташиш учун рухсатнома беради. Юкларни ташиш ҳуқуқини берувчи рухсатнома, кимнинг номига берилган бўлса, фақат ўша ташувчи томонидан ишлатиши мумкин, ҳамда унинг бошқа шахсга берилиши мумкин эмас.
8. Ушбу Битимда айтиб ўтилган рухсатномалар бошқа Томон давлати ҳудудида амалга оширилаётган ташув мобайнида автотранспорт воситасида бўлиши шарт ва текшириш ҳуқуқига эга бўлган органлар талабларига кўра кўрсатилиши керак.
9. Рухсатномалар 1 тақвим йилга ҳақиқийдирлар ва кейинги йилнинг 31 январигача.
6-модда
1. Қуйидаги ташувлар учун рухсатнома, ҳамда солиқ ва тўловлар (Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кириш учун тўлов, Венгрия Республикаси ҳудудида автотранспорт воситасига солиқ) тўлаш талаб этилмайди:
а) кўчаётганда кўчар мумкин бўлган мулкни ташишда;
б) ярмаркалар ва кўргазмалар учун мўлжалланган экспонатлар, ускуналар ва материалларни ташишда;
в) спорт тадбирларини ўтказиш учун мўлжалланган транспорт воситалари, ҳайвонлар, шунингдек спорт жиҳозлари ва мулкни ташишда;
г) театр декорациялари ва реквизити, мусиқа асбоблари, кинони суратга олиш, радиоэшиттиришлар, телевизион кўрсатувлар ва цирк томошалари учун мўлжалланган ускуналарни ташишда;
д) вафот этганларнинг қолдиқлари ва хокларини ташишда;
е) шикастланган транспорт воситаларини ташишда;
ж) инсонпарварлик ёрдамини ташишда;
з) почта жўнатмаларини ташишда;
и) тўла оғирлиги, тиркамаларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда 6 тоннадан ёки юк кўтариши, тиркамаларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда 3,5 тоннадан ошмайдиган юк автотранспорт воситалари билан юк ташишда;
й) Томонлар давлатларидан бирининг ташувчилари учун сотиб олинган юк автотранспорт воситаларининг (автопоездларининг) дастлабки бўш ҳолатида бир жойдан бошқа жойга кўчиришда.
2. Юк автотранспорт воситаси рўйхатга олинган давлатга қайтарилиши керак бўлган ёки учинчи давлат ҳудудига ташилиши керак бўлган ҳоллардагина ушбу модданинг 1-банди б), в), г) кичик бандларида назарда тутилган истиснолар амал қилади.
IV қисм
УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
7-модда
Йўловчи ва юкларнинг каботаж ташувига рухсат этилмайди. Бундай ташувларни амалга ошириш учун Томон давлатларининг ваколатли органлари мустасно ҳолларда рухсатнома беришлари мумкин.
8-модда
1. Автотранспорт воситаси ҳайдовчиси у бошқараётган автотранспорт воситаси тоифасига мос Йўл ҳаракати тўғрисидаги ООН/ЕЭК Конвенцияси (1968 й.) талабига жавоб берувчи миллий ёки халқаро ҳайдовчилик гувоҳномасига ва автотранспорт воситасини рўйхатга олиш тўғрисидаги миллий ҳужжатларга эга бўлиши керак.
2. Аҳдлашувчи Томон давлатлари ташувчилари ва автотранспорт воситалари ҳайдовчилари, ҳудудида ташишлар бажарилаётган давлатда амал қилаётган йўл ҳаракати қоидалари ва ҳуқуқий меъёрларга риоя этишлари шарт.
3. Халқаро ташишларни амалга оширадиган автотранспорт воситалари ўз давлатларининг миллий рўйхатга олиш ва фарқловчи белгиларига эга бўлишлари керак. Юк автомобиллари ёки автомобиль шатакчилари Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг рўйхатга олиш ва фарқловчи белгиларига эга бўлгандагина, тиркамалар ва ярим тиркамалар бошқа мамлакатларнинг рўйхатга олиш ва фарқловчи белгиларига эга бўлишлари мумкин.
4. Оғирлиги ёки ўлчамлари бошқа Аҳдлашувчи Томон давлатида белгиланган максимал меъёрдан ортиқ бўлган махсус автопоездларда юкларни ташишни, фақат шу Аҳдлашувчи Томон давлати ваколатли органларидан махсус рухсатнома олгандан кейингина бошлаш мумкин.
Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг ваколатли органлари махсус рухсатнома олиш учун берилган илтимосномага уни олган кундан бошлаб 10 кун муддат ичида жавоб беришлари керак.
5. Агар ушбу модданинг 4-бандида кўрсатилган рухсатномада автотранспорт воситасининг муайян ҳаракат йўналиши бўйича ҳаракатланиши белгилаб қўйилган бўлса, ташиш фақат шу ҳаракат йўналиши бўйича амалга оширилиши керак.
6. Хавфли юкларни Аҳдлашувчи Томонлар давлатлари ҳудудлари бўйлаб ташиш, Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг миллий қонунчилигига мувофиқ ва иккала Аҳдлашувчи Томонлар иштирок этган халқаро келишувлар асосида амалга оширилади.
9-модда
Ушбу Битимда кўрсатилган йўловчи ва юкларни ташиш, учинчи шахсларга етказилган зарар учун автотранспорт воситалари эгаларининг жавобгарлиги мажбурий суғурталангани ҳақидаги полис асосида амалга оширилади. Ташувчи кўрсатилган ташишларни бажараётган ҳар бир автотранспорт воситаси учун бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида амалда бўлган бундай мажбурий суғурта ҳақидаги Шартномани тузиши лозим.
10-модда
Йўловчи ва юк ташишларни амалга оширишни ташкил этиш мақсадида бир Аҳдлашувчи Томон давлати ваколатли органи бошқа Томон давлати ваколатли органи билан ўзаро келишув асосида Аҳдлашувчи Томонлар давлатлари ҳудудларида ўз ваколатхоналарини ташкил этишлари мумкин.
11-модда
1. Ушбу Битимга асосан ташувлар амалга оширилаётганда қуйидагилар бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудига олиб кирилаётганда божхона йиғимлари, солиқлар, бож ва рухсатномалардан ўзаро озод қилинади:
а) ҳар бир автотранспорт воситаси модели учун тайёрловчи завод томонидан мўлжалланган, технологияси ва конструкцияси жиҳатидан моторни ёқилғи билан таъминлаш тизими билан боғлиқ сиғимлардаги ёқилғи;
б) ташиш вақтида ишлатиш учун зарур миқдордаги мойлаш материаллари;
в) бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудига олиб кирилаётган ва аниқ ишлатилиши тасдиқланган, ташишни амалга ошираётган шикастланган автотранспорт воситасини таъмирлаш учун мўлжалланган эҳтиёт қисмлар ва асбоблар.
2. Фойдаланилмаган эҳтиёт қисмлар орқага олиб чиқиб кетилиши, алмаштирилган эҳтиёт қисмлар эса қайтариб олиб чиқилиши ёки йўқ қилишнинг божхона режимига ёхуд тегишли Аҳдлашувчи Томон давлатининг божхона қонунларида белгиланган тартибда бошқа божхона режимига топширилиши лозим.
3. Ушбу Битим асосида ташишларни амалга оширадиган ва солиқ/тўловларни тўламасдан рухсатномаларга эга бўлган автотранспорт воситалари, автотранспорт воситаларига эга бўлганлик ҳамда ундан фойдаланишга боғлиқ йиғим ва тўловлардан озод қилинади.
4. Мазкур модданинг 3-банди, автострадаларнинг маълум бир қисмидан, туннеллардан, кўприк ва бошқа инженер-техник йўл қурилмаларидан ўтишда олинадиган солиқ, тўлов ва йиғимларга, ҳамда Томон давлатлари миллий қонунчилиги билан белгиланган автомобилнинг ҳажми ва/ёки юк кўтариш нормаларининг меъёрдан ошиб кетиши учун солинадиган жарималарга дахл қилмайди.
12-модда
Чегара, божхона, санитария, ветеринария ва фитосанитария назоратига ҳамда ташқи муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш назоратига нисбатан Томонлар давлатлари миллий қонунчилиги қоидалари, ҳамда иккала Томон қатнашчиси бўлган халқаро шартномалар қоидалари қўлланилади.
13-модда
Томонлар давлатларининг ваколатли органлари тез тиббий ёрдамга муҳтож шахсларни ташишда, автобусларда йўловчиларни мунтазам ташишда ва ҳайвонлар, тез бузиладиган ҳамда хавфли юкларни автомобиль транспортида ташишда чегара, божхона, санитария, ветеринария ва фитосанитария назоратини навбатдан ташқари амалга оширадилар.
14-модда
1. Ушбу Битим қоидаларини бажариш ва вужудга келаётган низоли масалаларни тезда ҳал этиш учун Аҳдлашувчи Томонлар ўз давлатлари ваколатли органлари вакилларидан Қўшма Комиссияни ташкил этишлари мумкин. Қўшма Комиссия мажлислари йилига камида бир марта Аҳдлашувчи Томонлар давлат ҳудудларида навбат билан ўтказилади.
2. Қўшма Комиссия мазкур Битимга ўзгартириш ёки қўшимчалар киритиш ҳақида таклифларни илгари суриши мумкин. Бундай ўзгариш ёки қўшимчалар ҳар иккала Аҳдлашувчи Томон уларни тасдиқлагани тўғрисидаги ноталар билан алмашилган кундан бошлаб кучга киради.
15-модда
1. Ушбу Битим қоидалари бузилган ҳолда автотранспорт воситаси рўйхатга олинган Аҳдлашувчи Томонлар давлатлари ваколатли органлари ҳудудида қоида бузилган иккинчи давлат ваколатли органлари илтимосига кўра, ўз давлатларидаги амалдаги қонунлардан қатъи назар, қуйидаги тадбирлардан бирини бажаришга мажбурдирлар:
а) қоида бузган ташувчига огоҳлантириш бериш;
б) қоида бузган ташувчига қоидабузарлик такрорланган ҳолда ташишларни амалга оширишга рухсатнома муайян муддатга бекор қилинади ёхуд мазкур банднинг в) кичик бандига мувофиқ бекор қилинади деган мазмунда огоҳлантириш бериш;
в) ушбу Битим асосида берилган рухсатномани муайян муддатга бекор қилиш ёхуд бутунлай бекор қилиш.
2. Бошқа Томон давлатининг ваколатли органлари кўрилган чоралар ҳақида хабардор қилинишлари шарт.
16-модда
1. Ушбу Битим Аҳдлашувчи Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганликларини тасдиқловчи охирги ёзма хабарнома олинган санадан бошлаб 30 кун ўтгач кучга киради.
2. Ушбу Битим белгиланмаган муддатга тузилган ва Томонлардан бири унинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги ўз ниятидан дипломатик каналлар орқали бошқа Аҳдлашувчи Томонни хабардор қилган кундан бошлаб олти (6) ой ўтгунга қадар амал қилади.
Будапешт шаҳрида 2002 йил 28 октябрда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, венгер ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш мақсадида рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)