Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан
Туркманистон Ҳукумати ўртасида
Туркманистон Ҳукумати ўртасида
Битим
ҲУКУМАТ АЛОҚАСИ СОҲАСИДА ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДА
Бундан кейин Томонлар деб аталувчи Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркманистон Ҳукумати,
иккала давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш истагига амал қилиб,
Томонларнинг ҳукумат алоқасини сақлаш ва ривожлантиришдан манфаатдорлигини ҳисобга олиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1- модда
Ушбу Битим мақсадлари учун қуйидаги атамалар қўлланилади:
«ваколатли ташкилотлар» — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ҳукумат алоқаси хизмати ва Туркманистон Миллий хавфсизлик хизмати;
«ҳукумат алоқаси» — давлат бошқаруви эҳтиёжлари учун махсус алоқа;
«халқаро ҳукумат алоқаси» — Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ҳукумат алоқаси абонентлари ўртасида ахборот алмашиш учун белгиланган ҳукумат алоқаси тизими;
«шифрлаш воситалари» — маълумотларни ишлаб чиқишда уларни муҳофаза этиш, сақлаш ва алоқа воситаларида узатиш, шунингдек ноқонуний ахборот олиш, ёлғон ахборот юборишдан ҳимоялаш мақсадида маълумотларни ўзгартирувчи криптографик алгоритмларини татбиқ қилувчи ускунавий, режа-ускунавий ва режа воситаларини, қўл шифрларини, кодлаш ҳужжатларини англатади.
2- модда
Томонлар мунтазам ишловчи халқаро ҳукумат ва шифрланган ҳужжатлар алоқасини таъминлайдилар ва такомиллаштирадилар.
Томонлардан ҳар бири иккала Томон манфаатларига дахлдор бўлган халқаро ҳукумат алоқасини ташкил этиш, техникавий фойдаланиш ва хавфсизлигини таъминлаш масалаларини ҳал қилишда тенг ҳуқуққа эга.
Халқаро ҳукумат алоқасини ташкил этиш, техникавий фойдаланиш, хавфсизлигини таъминлаш ва узлуксиз ишлаш масалалари ваколатли ташкилотлар томонидан ҳал қилинади.
3- модда
Томонлардан ҳар бири ўз давлат ҳудудида амал қилаётган қонунчиликка мувофиқ, олдиндан берилган сўров бўйича бошқа Томон давлатининг мансабдор шахслари учун ҳукумат алоқасини тақдим қилади, агар Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон иштирок этган халқаро шартномаларда бошқаси назарда тутилмаган бўлса.
4- модда
Халқаро ҳукумат алоқасини ўз давлати ҳудудида ташкил қилиш, фойдаланишга киритиш, техникавий ишлатиш ва янада такомиллаштириш бўйича харажатларни Томонлардан ҳар бири мустақил қоплайди.
5- модда
Ваколатли ташкилотлар:
халқаро ҳукумат алоқасининг янги тизимлари ва воситаларини ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқариш, шунингдек ҳукумат алоқасининг миллий тармоқлари соҳасида ўзаро манфаатдорлик шарти билан илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини биргаликда олиб борадилар;
ҳукумат алоқаси воситалари ишлаб чиқариш соҳасида биргаликда ҳаракат қиладилар;
ҳукумат алоқаси тизимлари ва воситаларида ахборотни ҳимоя қилиш соҳасида биргаликда ҳаракат қиладилар;
кадрлар малакасини ошириш бўйича биргаликда ҳаракат қиладилар.
Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ҳукумат алоқаси радиоэлектроника воситаларининг электромагнит мослигини таъминлаш мақсадида ўз давлатлари ҳудудида уларга ажратиладиган частота спектридан фойдаланиш масалалари бўйича биргаликда ҳаракат қиладилар.
Ўзаро ҳаракатнинг мазкур йўналишлари бўйича ҳамкорлик ваколатли ташкилотлар ўртасида келишилган ҳолда амалга оширилади.
6- модда
Томонлар иккала давлатнинг қонунчилигига мувофиқ халқаро ҳукумат алоқасини, ва шунингдек ҳукумат алоқасининг миллий тармоқларини ташкил қилиш ва ишлатиш учун зарур бўлган шифрловчи воситалар, техника ва алоқа воситалари, жамловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмларини келишилган ҳажмларда ўзаро етказишни таъминлаш мажбуриятини оладилар.
7- модда
Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ўртасида шифрловчи воситалар, техника ва алоқа воситалари, жамловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмларни ўзаро етказиш, шунингдек таъмирлаш ишларини ташкил этиш ва махсус хизматларни тақдим этиш шартнома асосида амалга оширилади.
8- модда
Томонлар ушбу Битимдан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажаришда пайдо бўладиган масалалар бўйича икки томонлама музокаралар (маслаҳатлашувлар) ўтказиш учун ваколатли ташкилотларга ҳуқуқ берадилар.
9- модда
Томонларнинг ўзаро розилиги бўйича ушбу Битимга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин, улар алоҳида протоколлар билан расмийлаштирилади ва унинг ажралмас қисми ҳисобланади ҳамда ушбу Битимнинг 13-моддасида назарда тутилган тартибда кучга киради.
10- модда
Ушбу Битимдан келиб чиқадиган масалаларни ҳал қилиш бўйича ваколатли ташкилотларнинг ўзаро ҳаракат қилишида рус тили ишлатилади.
11- модда
Ушбу Битимнинг қоидаларини талқин қилиш ва қўллашда юзага келадиган барча мунозаралар Томонлар ўртасида музокаралар ва маслаҳатлашувлар ўтказиш йўли билан ҳал қилинади.
12- модда
Ушбу Битимнинг қоидалари Томонлар иштирок этадиган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларга дахл қилмайди ва бошқа давлатларнинг манфаатларига, хавфсизлигига, ҳудудий яхлитлигига қарши қаратилмаган.
13- модда
Ушбу Битим Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган ички давлат процедураларини бажарганликлари тўғрисида охирги ёзма хабарнома олинган санадан бошлаб кучга киради ва беш йил давомида амал қилади.
Томонлардан биронтаси бошқа Томонни ушбу Битим фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги ниятини навбатдаги беш йиллик муддат тугашидан камида олти ой илгари ёзма хабарнома юбормаса, у ўз ўзидан кейинги беш йиллик муддатларга узаяверади.
Тошкент шаҳрида 2008 йил 10 мартда (Навруз) икки нусхада, ҳар бири ўзбек, туркман ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда Томонлар рус тилидаги матнга амал қиладилар.
(имзолар)