ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИ БИЛАН ЎМОН СУЛТОНЛИГИ ҲУКУМАТИ ЎРТАСИДА
Битим
Инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Ўмон Султонлиги Ҳукумати, бундан буён «Аҳдлашувчи Томонлар» ва ҳар бири «Аҳдлашувчи Томон» деб юритилади,
Ўзаро манфаатлари учун ва бир Аҳдлашувчи Томон инвесторларининг бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида инвестицияларини кўпайтиришга қулай шароитлар яратиб бериш учун икки мамлакат ўртасидаги мавжуд иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш истагида,
Инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш, икки давлат ўртасида уларнинг иқтисодий ривожланишига, амалий ташаббусларни рағбатлантиришга, сармоя ва технологияларни етказиб беришга имкон яратишини эътироф этиб,
қуйидагилар хусусида келишиб олдилар:
1-модда
Таърифлар
Таърифлар
Ушбу Битим мақсадлари учун, агар контекст бошқани талаб қилмаса, қуйидаги сўзлар ҳар бир сўздан кейин келган тушунчаларни англатади:
1. Инвестициялар: ўз ҳудудида инвестицияларни қабул қилган Аҳдлашувчи Томоннинг қонунлари ва қоидаларига мувофиқ инвестициялар шаклида амалга оширилган активларнинг хар қандай тури ва у, хусусан, қуйидагиларни ўз ичига олади, лекин мустасно қилмайди:
а) кўчар ва кўчмас мулк, ёки ипотека, ушлаб туриш ҳуқуқи ва гаров каби ҳар қандай бошқа мулкий ҳуқуқлар;
б) акциялар, пайлар, қимматли қоғозлар ва компанияларда иштирок этишнинг ҳар қандай бошқа шакллари;
в) пул маблағларига эгалик қилиш ва инвестиция билан боғлиқ иқтисодий қийматга эга бўлган шартномаларнинг қонуний тартибда бажарилишини талаб қилиш ҳуқуқлари;
г) интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқлар, хусусан муаллифлик ҳуқуқлари, саноат мулки ҳуқуқлари, патентлар, саноат дизайнлари, моделлар, савдо маркалари ва савдо номлари, савдо сирлари, технологик жараёнлар, «ноу-хау» ва «гудвилл»;
д) қонунчилик ёки шартномада белгиланган концессиялар ва лицензиялар, шу жумладан тадқиқот, қазиб олиш, табиий ресурслардан фойдаланиш ёки қайта ишлаш билан боғлиқ концессиялар.
Активларнинг инвестиция ва қайта инвестиция қилинадиган шаклидаги ҳар қандай ўзгариш, агар бу ўзгартиришлар ҳудудида инвестициялар амалга оширилган Томоннинг миллий қонунчилигига мувофиқ келмайдиган бўлмаса, уларнинг инвестиция сифатидаги характерига таъсир кўрсатмайди.
2. Даромадлар: инвестиция ёки қайта инвестиция амалга ошириш натижасида олинган барча маблағлар ва нафақат уларни балки, даромад, фоизлар, сармояларнинг ўсишидан келадиган фойда, дивидендлар, роялтилар, рағбатлантиришларни ҳам ўз ичига олади.
3. Инвестор:
а) Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг унинг миллий қонунчилигига мувофиқ фуқаролигига эга бўлган ҳар қандай жисмоний шахс,
б) Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳудудида унинг миллий қонунчилигига мувофиқ ташкил этилган ва ушбу Аҳдлашувчи Томон ҳудудида жойлашган ҳар қандай юридик шахс,
4. Ҳудуд: Томонлардан ҳар бирига нисбатан Аҳдлашувчи Томон ўзининг миллий қонунчилигига ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ суверен ҳуқуқларини амалга оширадиган ва унинг юрисдикциясида бўлган қуруқлик, ҳудудий сувлар, суверенитет остида бўлган денгиз ва ҳаво бўшлиғи, шу билан бирга эксклюзив иқтисодий зоналар ва континенталь шельфни билдиради.
2-модда
Инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш
Инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз ҳудудида бошқа Аҳдлашувчи Томон инвесторларининг сармояларини киритиши учун барча қулай шароитларни яратади ва рағбатлантиради ҳамда ўз миллий қонунчилиги ва ушбу Битим қоидаларига мувофиқ шундай сармоялар киритишга йўл қўяди.
2. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз қонунчилигига асосан инвесторларга ва экспертлар, администраторлар, техник ходимлар каби фаолияти инвестиция билан боғлиқ бўлган шахсларга зарур шароитлар ва мамлакат ҳудудига кириш-чиқиш, жойлашиш ва ишлаш учун рухсатномалар тақдим этади.
3-модда
Инвестиция режими
Инвестиция режими
1. Ҳар қандай Аҳдлашувчи Томон инвесторларининг инвестициялари ва даромадларига нисбатан адолатли ва тенг ҳуқуқли режим яратилади ва улар бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида тўла ҳимоя ва хавфсизликдан фойдаланадилар
2. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз ҳудудида бошқа Томоннинг инвестицияларига ва инвесторларининг даромадларига нисбатан ўзининг ёки ҳар қандай учинчи давлат инвестициялари ва инвесторларининг даромадларига нисбатан яратилган режимдан кам бўлмаган кулай режим яратади.
3. Ҳар бир Томон ўз ҳудудида бошқа Томоннинг инвестицияларига инвестицияларни бошқариш, қўллаб-қувватлаш, фойдаланиш ёки тасарруф этиш бўйича ўзининг ёки ҳар қандай учинчи давлат инвесторларига нисбатан яратилган режимдан кам бўлмаган қулай режим яратади.
4. Ушбу модданинг 2-3-бандлари бир Аҳдлашувчи Томонга бошқа Томоннинг инвесторларига нисбатан қуйидагилар билан боғлиқ бўлган қулайроқ режим, имтиёзлар ва енгилликлар бериш мажбуриятини қуйиш деб ҳисобланмаслиги керак:
а) Эркин савдо зонасига, ҳозирги ёки бўлажак Божхона иттифоқига, Умумий бозорга ёки шу каби турли хил минтақавий иқтисодий ҳамкорликка аъзо бўлиш ёки қўшилиш;
б) Икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисидаги ҳар қандай Битимлар ёки солиқ солиш билан тўлиқ ёки қисман боғлиқ бўлган турли хил битим ва келишувлар.
5. Ушбу модданинг 2-банди Ўмон Султонлигини ўз инвесторларига ерга ва шахсий мулкка эгалик қилиш, грантлар ва имтиёзли қарзлар олиш борасида бошқа Томон инвесторларига ҳам ўхшаш режимни беришга мажбурламайди.
4-модда
Миллийлаштириш ва экспроприация
Миллийлаштириш ва экспроприация
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон инвесторларининг инвестициялари миллийлаштирилмайди, экспроприация қилинмайди ёки уларга нисбатан миллийлаштириш ёки эскпроприация қилишга (бундан кейин «экспроприация» деб юритилади) тенглаштирилган бошқа чоралар қўлланилмайди, Томонларнинг миллий қонунчилигига мувофиқ, дискриминацияга асосланмаган ҳолда ички эҳтиёжлар билан боғлиқ жамоат мақсадлари бундан мустасно.
2. Экспроприациянинг ҳар қандай чоралари экспроприация тўғрисидаги қарор эълон қилинишидан ёки ҳаммага маълум бўлишидан олдин инвестициянинг бозор қийматида ҳисобланадиган тезда, бир хилда ва самарали компенсация тўлаб беришни ўз ичига олиши лозим. Агар, инвестициянинг бозор қийматини аниқлаш имкони бўлмаса, унда компенсация амортизация, киритилган сармоя, қадрсизланиш, нарх ўзгариши ва бошқа шунга ўхшаш омилларни ҳисобга олган ҳолда баҳолашнинг умум тан олинган ва тенг ҳуқуқлилик тамойилларига мувофиқ белгиланади.
3. Компенсация кечиктиришларсиз ва экспроприация бошланган кундан бошлаб, компенсация тўлангунга қадар бўлган давр учун дастлаб инвестиция киритилган валютада «Libor» ставкаси бўйича фоизлар ҳисобланган ҳолда тўланади.
4. Инвестициясига нисбатан экспроприация қўлланилган ҳар қандай Аҳдлашувчи Томон инвесторлари ушбу модданинг бандларига асосан инвестицияларни қабул қилган Аҳдлашувчи Томоннинг суд ёки бошқа хар қандай ваколатли органлари томонидан ўз инвестицияларини баҳолаш ва компенсация тўлаб бериш билан боғлиқ ишини қолдиришларсиз кўриб чиқилиши ҳуқуқига эга.
5-модда
Зарарлар учун компенсация
Зарарлар учун компенсация
1. Бир Аҳдлашувчи Томоннинг бошқа Томон ҳудудида рўй берган уруш ёки бошқа қуролли можаролар, инқилоб, фавқулодда ҳолат, исён, қўзғолон оқибатида инвестициялари зарар кўрган инвесторлари учун бошқа Аҳдлашувчи Томон ўз инвесторлари ёки ҳар қандай учинчи давлат инвесторлари учун яратилган режимдан кам бўлмаган қулай режимни яратади.
2. Мазкур модданинг 1-банди қоидалари Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг инвесторларига улар бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида ушбу моддада кўрсатилган ҳар қандай ҳолатлар натижасида зарар кўрадиган бўлса ва зарар қуйидагилар билан боғлиқ бўлса қўлланилади:
а) ушбу Аҳдлашувчи Томоннинг қуролли кучлари ёки органлари томонидан уларнинг мол-мулки олиб қўйилиши,
б) қуролли ҳаракатларга сабаб бўлмаган ёки вазият тақозоси бўлмаган ҳолатда уларнинг мол-мулки Аҳдлашувчи Томоннинг қуролли кучлари ёки органлари томонидан барбод қилиниши.
6-модда
Пул ўтказмалари
Пул ўтказмалари
1. Ҳар бир Томон бошқа Аҳдлашувчи Томон инвесторлари томонидан инвестициялар амалга оширилган ҳудудда бу инвесторларга қуйидаги эркин тўловларни амалга оширишни кафолатлайди:
а) даромадлар;
б) бошқа Аҳдлашувчи Томон инвесторларининг ҳар қандай инвестицияларини бутунлай ёки қисман сотиши ёки тугатишидан келадиган ва ўз молиявий мажбуриятларини бажарганларидан сўнг қоладиган тушумлар;
в) инвестиция билан боғлик қарзлар тўлови учун мўлжалланган маблағлар;
г) ўз ҳудудида инвестиция билан боғлиқ фаолият билан шуғулланиш рухсат этилган бошқа Томоннинг ёки ҳар қандай учинчи давлат фуқароларининг маошлари ва бошқа кўринишдаги мукофотлар;
д) мазкур Битимнинг 4- ва 5-моддаларида кўзда тутилган ҳар қандай компенсациялар;
е) мавжуд инвестицияларни қўллаб-қувватлаш, кўпайтириш ва кенгайтиришга мўлжалланган капитал ва қўшимча маблағлар ҳамда инвестицияларни бошқаришга оид харажатларни қоплашга ажратилган ҳар қандай маблағлар;
2. Барча пул ўтказмалари эркин муомаладаги валютада пул ўтказилаётган санада қўлланилаётган алмаштириш курси бўйича кечиктиришсиз амалга оширилади.
3. Юқорида қайд этилган 1- ва 2-бандларга қарамасдан Томон адолатли, камситмаган ва ўз миллий қонунчилигини тўғри қўллаган ҳолда, қуйидагилар билан боғлиқ ўтказмаларни тўхтатиб туриши ёки бекор қилиши мумкин:
а) банкротлик, ночорлик ёки кредиторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;
б) қимматли қоғозларни чиқариш, сотиш ва тақсимлаш;
в) жиноий ва жазоланадиган қонунбузарликлар; ёки
г) судда ишни кўришда суд буйруқлари ва қарорларини таъминлаш.
7-модда
Суброгация
Суброгация
Агар, бир Томон ёки унинг ваколатли органи бошқа Томон ҳудудидаги инвестицияга нисбатан ўз инвесторларидан бирига тўлаб бериш, кафолат ёки суғурта шартномаси асосида тўловни амалга оширадиган бўлса, унда биринчи эслатиб ўтилган томон ушбу инвесторнинг ҳуқуқ ва ҳаракатларига, шу билан бирга, 10-модда қоидаларига нисбатан тўлиқлигича суброгация ҳуқуқига эга бўлади.
8-модда
Махсус мажбурият
Махсус мажбурият
Бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг инвесторига нисбатан бир Томоннинг махсус мажбурият предметини ташкил қилувчи инвестициялари ҳеч қандай зарарсиз ушбу Битимнинг бандларига асосан, шунингдек агар ушбу Битимда кўрсатилганидан қулайроқ қоидаларни ўз ичига олган бўлса, кўрсатилган мажбуриятлар шартларига мувофиқ тартибга солинади.
9-модда
Бошқа қоидаларнинг қўлланилиши
Бошқа қоидаларнинг қўлланилиши
Агар исталган Томоннинг миллий қонунчилиги ёки халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида ҳозирда мавжуд бўлган ёки келажакда ушбу Битимга қушимча тарзда белгиланадиган мажбуриятлар бошқа Аҳдлашувчи Томон инвесторларининг инвестицияларига нисбатан мазкур Битимда белгиланганидан кўра қулайроқ режим яратишни назарда тутувчи умумий ва махсус қоидалардан иборат бўлса, бундай қоидалар ўзининг афзалликлари билан ушбу Битимдан кўра устун ҳисобланади.
10-модда
Инвестор ва Аҳдлашувчи Томон
ўртасидаги низоларни ҳал этиш
Инвестор ва Аҳдлашувчи Томон
ўртасидаги низоларни ҳал этиш
1. Бир Томон билан Аҳдлашувчи Томоннинг инвестори ўртасида инвестиция билан боғлиқ ҳар қандай низо, имкон қадар дўстона икки томон ўртасида музокаралар йўли билан ҳал этилади.
2. Бундай низо, уни кўриш тўғрисидаги илтимос олинган кундан бошлаб уч (3) ой мобайнида ҳал қилинмаса, низо инвесторнинг талаби билан кўриб чиқиш учун қуйидагиларга юборилиши мумкин:
а) ҳудудида инвестиция амалга оширилган томоннинг ваколатли судига; ёки
б) қуйидагиларга асосан Халқаро арбитражга:
(1) Халқаро савдо ҳуқуқи бўйича БМТ Комиссияси арбитражи (ЮНСИТРАЛ) қоидаларига; ёки
(2) Халқаро савдо палатаси (ХСП) арбитражининг қоидаларига;
(3) Инвестицион низоларни тартибга солувчи Халқаро марказнинг қоидаларига;
(4) Томонлар келишуви асосида тузиладиган Халқаро арбитр ёки ad-hoc арбитраж суди қарорига.
3. Агар низода иштирок этаётган инвестор мазкур модданинг 2-бандида санаб ўтилган органлардан бирига ишни кўриб чиқишни топширадиган бўлса, кейинчалик ишни бошқа органга кўриб чиқиш учун топшириш ҳуқуқига эга бўлмайди.
4. Арбитраж суди томонидан чиқарилган ҳал қилув қарори низо томонлари учун ҳал қилувчи ва мажбурий ҳисобланади ҳамда ҳар бир Аҳдлашувчи томон бу қарорларни ўз миллий қонунчилигига мувофиқ бажаради.
5. Низо иштирокчиси бўлган Аҳдлашувчи Томон арбитраж ҳал қилув жараёнининг ёки арбитраж қарорини ижро этишнинг исталган босқичида низонинг иккинчи томони бўлган инвесторга қарши унга ўз зарарларини барчасини ёки бир қисмини қоплаш, кафолат ёки суғурта шартномаси асосида қопланганлигига даъво билдирмайди.
11-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида низоларни ҳал этиш
Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида низоларни ҳал этиш
1. Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида мазкур Битимни талқин қилиш ёки қўллаш бўйича низолар имкон қадар дипломатик йўллар билан музокаралар орқали ҳал этилади.
2. Агар бундай низо Аҳдлашувчи томонлардан бири томонидан музокаралар сўралган кундан бошлаб олти ой мобайнида ҳал этилмаса, низо исталган Аҳдлашувчи Томоннинг талаби билан арбитраж судига кўриб чиқиш учун тақдим этилади.
3. Арбитраж суди ҳар бир алоҳида ҳолат учун қуйидагича ташкил этилади:
а) арбитраж тўғрисидаги сўровнома олинган кундан бошлаб икки ой ичида ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бир арбитрни тайинлайди ва бу икки арбитр иккала Аҳдлашувчи Томон билан дипломатик алоқаси мавжуд бўлган учинчи давлатдан аъзо тайинлайдилар ва у Аҳдлашувчи томонлар маъқуллаганларидан сўнг бошқа икки арбитр тайинланганидан бошлаб икки ой давомида Арбитраж судининг раиси этиб тайинланади.
б) Агар арбитрларни тайинлаш мазкур модданинг (3а) бандида кўрсатилган муддатларда амалга оширилмаган бўлса, ҳар бир Аҳдлашувчи Томон, бошқа келишувлар бўлмаса, зарур бўлган тайинловларни амалга ошириш учун Халқаро Суд Президентини таклиф қилиши мумкин. Агар Халқаро Суд Президенти Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг фуқароси бўлса ёки шу вазифани бошқа сабабларга кўра бажара олмаса, зарур бўлган тайинловларни амалга ошириш учун Халқаро Суд Президентининг ўринбосари таклиф қилинади. Агар Халқаро Суд Президентининг ўринбосари Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг фуқароси бўлса ёки у ҳам шу вазифани бошқа сабабларга кўра бажара олмаса, зарур бўлган тайинловларни амалга ошириш учун Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг фуқароси бўлмаган, Халқаро Суднинг лавозими бўйича кейинги юқори ўринда турувчи аъзоси таклиф этилади.
4. Арбитраж суди низоларни ушбу Битим ва Халқаро ҳуқуқ тамойилларига мувофиқ кўриб чиқади.
5. Арбитраж суди ўз қарорларини кўпчилик овоз билан қабул қилади ва бу қарорлар Аҳдлашувчи Томонлар учун якуний ва мажбурий ҳисобланади. Арбитраж суди ўз иш қоидаларини белгилайди ва ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўзининг вакили ҳамда арбитраж жараёнида унинг иштироки билан боғлиқ харажатларни ўзи қоплайди; арбитраж раисининг харажатлари, агар арбитраж суди бошқача қарор қабул қилмаса, иккала Томондан тенг тарзда қопланади, ва у томонлардан ҳар бирининг илтимосига кўра ўз қарорлари хусусида тушунтириш беради.
12-модда
Битимнинг қўлланилиши
Битимнинг қўлланилиши
Мазкур Битим унинг кучга киришидан олдин ёки кейин амалга оширилган барча инвестицияларга нисбатан қўлланилади, аммо мазкур Битимнинг кучга киришидан олдин вужудга келган инвестиция билан боғлиқ низоларга ва даъволарга нисбатан татбиқ этилмайди.
13-модда
Консультациялар
Консультациялар
Аҳдлашувчи Томонлар ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг илтимосига кўра, ушбу Битимни талқин этилиши ва қўлланилишини қайта кўриб чиқиш ва мазкур Битимни амалга ошириш жараёнида вужудга келиши мумкин бўлган масалаларни ўрганиб чиқиш мақсадида консультациялар ўтказадилар. Бундай консультациялар Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари ўртасида дипломатик каналлар орқали келишиб олинган вақтда ва жойда ўтказилади.
14-модда
Ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш
Ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш
Аҳдлашувчи Томонларнинг ўзаро келишувига мувофиқ, ушбу Битимга алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин ва улар ушбу Битимнинг 15-моддасида белгиланган тартибда кучга киради ҳамда ушбу Битимнинг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланади.
15-модда
Кучга кириши ва амал қилиш муддати
Кучга кириши ва амал қилиш муддати
1. Аҳдлашувчи Томонлар мазкур Битимнинг кучга кириши учун давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисидаги бир-бирларига дипломатик каналлар орқали ёзма хабарнома берадилар. Ушбу Битим охирги ёзма хабарнома олинган кундан бошлаб ўттиз (30) кундан кейин кучга киради.
2. Мазкур Битим йигирма (20) йил мобайнида амал қилади. Шу муддат тугашидан ўн икки ой олдин Аҳдлашувчи Томонлардан бири бошқа Томонни ушбу Битимнинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида ёзма равишда хабардор этмаса, ушбу Битимнинг амал қилиш муддати ўз-ўзидан йигирма (20) йиллик муддатга узаяди.
3. Ушбу Битимнинг амал қилиши тўхтатилган вақтгача амалга оширилган инвестицияларга нисбатан 1—14-моддаларнинг қоидалари ушбу Битимнинг амал қилиши тўхталганидан кейин ўн (10) йил мобайнида ўз кучини сақлаб қолади.
Ушбунинг гувоҳи сифатида, тегишли тартибда ўз ҳукуматларидан ваколат олган, қуйида имзо чекувчилар ушбу Битимни имзоладилар.
Тошкент шаҳрида 2009 йил 30 мартда, Ҳижрий 1430 3 рабиъа сана кунида икки асл нусхада ҳар бири ўзбек, араб ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келса, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)