Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан
Беларусь Республикаси Ҳукумати ўртасида
Беларусь Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Фуқароларнинг ўзаро қатновлари тўрғисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Беларусь Республикаси Ҳукумати, бундан кейин Томонлар деб аталувчилар,
икки давлат ва уларнинг халқлари ўртасидаги дўстона муносабатларни янада ривожлантириш мақсадида,
икки давлат фуқароларининг ўзаро қатновлари режимини тартибга солиш истагига амал қилиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1- модда
Бир Томон давлатининг фуқаролари ушбу Битимнинг Иловасида санаб ўтилган, уларнинг шахслари тўғрисида гувоҳлик берувчи ва фуқароликларини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида бошқа Томон давлатининг ҳудудига визасиз кириш, чиқиш, унда бўлиш ва транзит ҳаракатланиш ҳуқуқига эгадирлар.
2- модда
Томонлар давлатларининг фуқаролари чегарани кесиб ўтиш учун зарур бўлган процедураларга амал қилган ҳолда, Томонлар давлатларининг миллий қонун ҳужжатларига мувофиқ чегарани кесиб ўтиш ҳуқуқини берувчи амалдаги ва расмийлаштирилган ҳужжатлар бўйича халқаро ўтказиш пунктлари орқали учинчи давлатларга кириш, чиқиш, унда бўлиш ва транзит ҳаракатланиш ҳуқуқига эгадирлар.
3- модда
Бир Томон давлатининг фуқаролари бошқа Томон давлати ҳудудида бўлган вақтларида бу Томон давлатининг қонун ва қоидаларига, шу жумладан хорижий фуқаролар учун ўрнатилган рўйхатдан ўтиш (вақтинча прописка), бўлиш ва ҳаракатланишнинг қоидаларига риоя этишга мажбурдирлар.
4- модда
Томонларнинг ҳар бири ўз давлати ҳудудига бошқа Томон давлати фуқаросининг киришини рад этиш ёки бўлиш муддатини қисқартириш ва бунда ўз қарорининг сабабини изоҳламаслик ҳуқуқига эга.
5- модда
Томонлар ушбу Битим кучга кирган санадан бошлаб ўттиз (30) кун давомида дипломатик каналлар орқали ушбу Битимнинг Иловасида санаб ўтилган ҳужжатларнинг намуналарини алмашадилар.
Томонлар янги ҳужжатлар жорий қилингани ёки ушбу Битим мақсадларида фойдаланиладиган ҳужжатларга ўзгартишлар киритилгани тўғрисида бир-бирларини дипломатик каналлар орқали хабардор қиладилар ва уларнинг намуналарини бир-бирларига улар кучга киришидан камида ўттиз (30) кун илгари юборадилар.
Томонлар дипломатик каналлар орқали хорижий фуқароларнинг киришлари, чиқишлари, бўлишлари тартиботига доир амалдаги қонун ҳужжатлари тўғрисида ахборот ва ушбу соҳадаги бошқа ахборотни алмашадилар.
6- модда
Томонлар заруратга кўра ушбу Битимни бажариш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш мақсадида маслаҳатлашувлар олиб борадилар.
Ушбу Битимнинг қоидаларини бажариш ёки қўллаш давомида юзага келадиган келишмовчилик ёхуд баҳсли масалалар Томонлар ўртасида музокаралар орқали ҳал қилинади.
7- модда
Томонларнинг келишувларига кўра ушбу Битимга алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ва ушбу Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган ҳамда унинг 10-моддасида назарда тутилган тартибда кучга кирадиган ўзгартиш ва тўлдиришлар киритилиши мумкин.
8- модда
Томонлар давлат хавфсизлигига, жамоат тартибига таҳдид соладиган, табиий офатлар, техноген фалокатлар ёки фуқароларнинг соғлиқларига зарарли ҳолларда ушбу Битимнинг амал қилишини бутунлай ёки қисман тўхтатиб қуйиш ҳуқуқига эгадирлар.
Ушбу Битим амал қилишининг тўхтатилиши тўғрисида, шунингдек унинг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисида бу қарорни қабул қилган Томон олдиндан, лекин бундай қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб 72 соатдан кечиктирмасдан бу тўғрида бошқа Томонни дипломатик каналлар орқали хабардор қилади.
9- модда
Ушбу Битим Томонларнинг улар иштирок этган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
10- модда
Ушбу Битим белгиланмаган муддатга тузилган ва Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисида охирги ёзма хабарнома олинган санадан бошлаб кучга киради.
Томонларнинг ҳар бири бошқа Томонни дипломатик каналлар орқали ёзма равишда хабар қилган ҳолда ушбу Битимнинг амал қилишини тўхтатиши мумкин. Бу ҳолда бошқа Томон бундай хабарномани олгандан сўнг тўқсон (90) кун ўтгач Битим амал қилишдан тўхтайди.
Тошкент шаҳрида 2005 йил 19 январда икки нусхада, ҳар бири ўзбек ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битимнинг қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолда, Томонлар рус тилидаги матнга амал қиладилар.
(имзолар)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Беларусь Республикаси Ҳукумати ўртасида фуқароларнинг ўзаро қатновлари тўғрисида Битимга
ИЛОВА
ИЛОВА
Ушбу Битимнинг мақсадлари учун зарур бўлган шахс тўғрисида гувоҳлик берувчи ва фуқароликларни тасдиқловчи ҳужжатлар
Рўйхати
Ўзбекистон Республикаси учун:
Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти;
дипломатик паспорт;
16 ёшга тўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг гувоҳномаси;
ҳаво кемаси экипажи аъзосининг гувоҳномаси (парвоз вазифаси қайд этилган ҳолда);
Ўзбекистон Республикасига қайтишга гувоҳнома (фақат Ўзбекистон Республикасига қайтиш учун).
Беларусь Республикаси учун:
Беларусь Республикаси фуқаросининг паспорти;
дипломатик паспорт;
хизмат паспорти;
ҳаво кемаси экипажи аъзосининг учиш гувоҳномаси (парвоз вазифаси қайд этилган ҳолда);
денгизчининг шахсий миллий гувоҳномаси (кема роли ёки ундан олинган қайднома мавжуд бўлган ҳолда);
Беларусь Республикасига қайтишга гувоҳнома (фақат Беларусь Республикасига қайтиш учун).